Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:47

Ўзбек экологлари яна Роғун ГЭСи ва ТАЛКО зараридан бонг урмоқда


Ўзбек экологлари иддаосича, ТАЛКО заводи чиқиндилари қўшни мамлакатлар атроф-муҳитида ўта салбий акс этмоқда.
Ўзбек экологлари иддаосича, ТАЛКО заводи чиқиндилари қўшни мамлакатлар атроф-муҳитида ўта салбий акс этмоқда.

Роғун ГЭСи қурилиши ва Тожикистон алюминий заводи чиқиндилари минтақа экологиясига тузатиб бўлмас зарар етказмоқда. Бу Ўзбекистон экоҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари Саидрасул Сангиновнинг eco.uz cайтида эълон қилинган мақоласи асосий тезисидир.

Жаноб Сангиновнинг ёзишича, Орол денгизи минтақаси атроф-муҳити деградациясига сабаб бўлаётган омиллардан бири Роғун ГЭСи қурилиши бўлиб, бу Амударё қуйисидаги биохилма-хилликнинг кескин қисқаришига, кўплаб тўқай майдонларининг қисқаришига сабаб бўлади, ҳайвонот ва наботот олами генофондига салбий таъсир қилади.

Иккинчи омил сифатида мақола муаллифи “Тожикистон алюминий компанияси” давлат унитар корхонасидан чиқаётган чиқиндиларни келтириб, атроф-муҳитда фторидларнинг кўпайиши ўсимлик ва ҳайвон организмларида мутацион жараённи келтириб чиқариши, синтез ва минераллашув жараёнида мувозанатни бузишини қайд этади. Ўзбекистон экоҳаракати вакили тожик расмийларини халқаро меъёрларга мувофиқ ҳаракат қилмаётганликда айблайди.

Сангиновга кўра, қўшни мамлакатлар атроф-муҳитига, ҳайвонот ва наботот дунёси биохилма-хиллиги ва генофондига зарар етказмаслик ҳар бир мамлакатнинг бурчидир.

Ўзбекистон экологик ҳаракати вакилининг бу шаклдаги баёноти Тошкент ва Душанбе ўртасидаги даҳанаки жанг жорий йилда ҳам тинмаслигидан далолат беради.

Роғун ГЭСини қуриш Тожикистон учун принципиал масала эканини давлат раҳбари Имомали Раҳмон кўпдан бери таъкидлаб келади. Бу лойиҳани амалга ошириш орқали Тожикистон энергетика мустақиллигини қўлга киритмоқчи.

Ўзбекистонлик мутахассислар эса Роғун қурилиши минтақа экологиясига тузатиб бўлмас зиëн еткизишию Ўзбекистонга беш йил ичида еткизиладиган зарар кўлами 17 миллиард 800 миллион доллардан ошишини таъкидлашдан чарчамаяптилар.

2010 йилнинг 7 октябрида Қорақалпоғистон фермерлари билан учрашган президент Ислом Каримовнинг Роғун қурилишини ахмоқона лойиҳа деб атаб¸ унга қарши курашни тўхтатмаслигини таъкидлагани бу масаланинг нафақат иқтисодий ва экологик, балки сиёсий ҳам бўлган муаммо эканини яққол кўрсатди.

Ўз навбатида, Душанбе Тошкентни Тожикистонга тегишли юк вагонларини ўз ҳудудида асоссиз ушлаб туриб, “иқтисодий қамал”ни тобора кучайтираётганликда айблаб келади.
XS
SM
MD
LG