Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 6 январ куни мамлакат расмий нашрларида чоп этилган фармони “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб аталади. Унинг илк жумласиданоқ¸ янги фармоннинг президент 2009 йилнинг 23 июн куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ – 4117-сонли фармонга қўшимча экани англашилади.
2009 йилги бу фармонда эса¸ Ўзбекистоннинг ўзи аъзо бўлган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти талаб ва тавсияларига мувофиқ электрон машина ҳисоблайдиган ҳужжатлар, яъни паспортларни олиб ўтиш хавфсизлигини таъминлашдаги стандарт талабларга риоя қилиши лозимлиги айтилади.
Шу боис¸ икки йил аввал президент Каримов “халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, Давлат чегарасидан ўтишда шахсни аниқ ва тезкор идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиациялар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида” Ўзбекистонда ҳам 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб шахс ҳақида биометрик маълумотларга эга паспорт тизими жорий қилишга фармойиш берган эди. Аммо жамоатчиликка ошкор этилмаган сабабларга кўра¸ бу жараëн бир йилга кечиктирилди.
Янги чоп этиладиган паспортлар фақат биометрик бўлади...
2011 йилнинг 5 январ кунги президент фармони биометрик паспорт тизимига ўтиш жараëни бошлангани ифодасидир¸ дейди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш¸кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мутасаддиси:
- Бундан буëн фуқароларга биометрик паспортлар беришни бошлаймиз¸ зотан президент фармони эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирган ҳисобланади. Эндиликда Ўзбекистондан хорижга янги паспорт олиб чиқадиганлар қўлида¸ албатта¸ биометрик паспорт бўлиши лозим¸ акс ҳолда хориж аэропортлари эски паспортларни қабул қилмай қўяди. Президент фармони эълон қилинган кундан бошлаб мамлакатда янги биометрик паспортга ўтиш жараëни бошланди дейиш мумкин¸ деди Ички ишлар вазирлигининг номи келтирилишини истамаган мутасаддиси.
(Бу видеолавҳа 6 январ куни Тошкент вақти билан кечқурун соат 21.00да эфирга узатилган Ахборот дастуридан ëзиб олинди)
Паспорт берадиганларнинг янги паспорт тизимидан хабари йўқ!!!
Айни пайтда¸ Озодлик 6 январ куни Тошкент шаҳри районлари¸ қолаверса аксар вилоятдаги шаҳар ва районларнинг паспорт бўлимлари¸ хорижга чиқишни назорат қилувчи ўнлаб идораларга президент янги фармони моҳиятини тушунтириб беришни сўраб мурожаат қилди. Аммо айнан янги паспорт тизимини жорий этиш вазифасини ижро этувчиларнинг барчаси на президент фармони ва на биометрик паспортга ўтиш жараëни бошланганидан бехабарликларини билдирдилар.
Озодлик мурожаат қилган Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари расмийлари ҳам айни шундай жавоб қайтаришди ва ҳозирча янги паспорт тизимига ўтиш қонун-қоидаларидан мутлақ хабарлари йўқлигини таъкидладилар.
Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш¸ кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мутасаддиси бундай вазиятга ҳам ойдинлик киритишга уринди:
- Фармон чиқди¸ аммо унинг матни бизга ҳали тепадан туширилмади. Фармон бизга келгач¸ биз қуйи идораларда уни амалга ошириш қоидаларига оид кўрсатма ҳозирлаб берамиз. Сўнгра шу асосда¸ улар янги паспорт беришга ўтадилар. Биринчи бўлиб янги паспорт хорижга чиқадиган фуқароларга берилади¸ деди Ички ишлар вазирлиги расмийси.
2011 йилда ким янги паспорт олишга ҳақли?
Президентнинг биометрик паспорт тизимига ўтишга оид 2009 йилги фармонига кўра¸ бу жараëн босқичма-босқич амалга оширилади ва биринчи йил давомида хорижга чиқадиганлар¸ биринчи марта фуқаролик паспортини олаëтганлар ва паспортининг амал қилиш муддати тугайдиганлар ëхуд паспорти яроқсиз ҳолга келган ëки уни йўқотганларга берилади.
Қолган фуқароларнинг амалдаги паспортлари 2005 йилнинг 31 декабрига қадар ҳақиқий деб ҳисобланади ва уларга ҳам 2012-2015 йилга қадар биометрик паспорт учун мурожаат қилиш имкони берилади.
Янги паспорт қаерда¸ қанчада¸ қанчага ҳозирланади?
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Хорижга чиқиш¸ кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Бадриддин Усмонович Шорихсиев, 2010 йил 14 сенябр куни вазирлик сайтида чоп этилган суҳбатида¸ янги биометрик паспорт олиш учун фуқароларнинг маҳаллий ички ишлар бўлимларида тузиладиган жами 215 махсус пунктларга мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирган эди.
“Бу жойларда янги намунадаги паспортни олиш учун мурожаат қилган фуқаролар қабул қилинади, уларнинг аризалари ва буюртмалари асосида биометрик паспорт тайёрлаш учун Давлат персоналлаштириш марказига биометрик маълумотлар тўпланиб топширилади. ДПМ тушган буюртмага қараб ўзида персоналлашган биометрик маълумотлар ва паспорт эгасининг белгиланган маълумотлари тўғрисидаги электрон тарқатувчи ахборот мавжуд бўлган паспорт тайёрлаб беради. Шундан сўнг фуқарога ўзи мурожаат қилган ХЧК ва ФРБ бўлинмаларидан паспорт берилади”¸ деган эди полковник Шорихсиев.
Ҳозирча янги нусхадаги паспортни олиш учун қанча муддат талаб этилиши ва унинг нархи ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Аммо биометрик паспортларнинг бутун Ўзбекистон учун фақат биргина идора – Давлат персоналлаштириш марказида чоп этилиши ва ҳозирча Тошкент ҳукумати бундай паспорт чоп этадиган атиги уч дона машина сотиб олгани инобатга олинса¸ бу жараëннинг анчага чўзилишини тахмин қилиш қийин эмас.
2010 йилнинг сенябр ойида Ўзбекистон ҳукумати Ҳолландиянинг IAI Industrial Systems ширкатидан уч дона BookMaster One тизими сотиб олишга доир келишув имзолади. Бу машиналарнинг ҳар бири¸ ширкат вакилининг Озодликка билдиришича¸ соатига 330 дона биометрик паспорт чоп этиш имконига эга.