Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:13

Бошқирдистонда фош этилган наркогуруҳ аъзолари орасида ўзбеклар ҳам бор


Героинни Россияга олиб кириш йўлларидан бири.
Героинни Россияга олиб кириш йўлларидан бири.

Россиянинг Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш бўйича Федерал идораси томонидан Бошқирдистонда гиëҳвандлик моддалар савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди. Қўлга олинган юзга яқин тутқун орасида ўзбекистонликларнинг ҳам кўплиги айтилмоқда.

Бошқирдистонда қўлга олинган жиноий гуруҳнинг 100га яқин аъзоси турли давлат фуқаролари бўлиб, улар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ва Қирғизистондан катта миқдорда наркотик моддаларни Россияга олиб кириш билан шуғулланган.

Россия Гиёҳвандлик моддаларни назорат қилиш хизмати раҳбари Виктор Ивановга кўра, мазкур жиноий гуруҳни фош қилиш мазкур ташкилот тарихида энг йирик амалиёти саналади.

- Жиноий гуруҳ 5 та уюшган майдароқ тузилмалардан иборат бўлиб, бу тузилмалар бошлиқлари “директор”, деб аталган. Жиноий гуруҳга 36 ёшли уфалик шахс бошчилик қилган. Қолганлар уни “бош директор”, деб чақиришган. Унинг қўл остидаги мафияга 200дан зиёд одам бирлашгани тахмин қилинмоқда. Жиноий ташкилот ойига 1,5 миллион доллар соф даромад олиб турган, дейди Виктор Иванов.

Гиёҳвандликка қарши кураш хизматининг расмий сайтидаги маълумотга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистондан Россияга келтирилган наркотик моддалар ҳар бир ўрами 5 килолик улгуржи ҳажмда бўлган.

Бошқирдистон Гиёҳвандлик моддаларни назорат қилиш бўйича идораси¸ бу ишнинг ниҳоятда муҳимлиги боис¸ уни тўлиғича Федерал хизматнинг марказий бошқармаси тергов қилаëтганини билдирди.

Федерал хизматнинг мазкур жиноий иш тергови билан шуғулланаётган ходими Михаил Ланцев, Озодлик билан суҳбатда жиноий гуруҳ аъзоси эканликда гумонланиб қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари кўплигини маълум қилди. Ланцевга кўра¸ ҳозирча тергов манфаатлари нуқтаи назаридан уларнинг исми-шарифлари сир тутилмоқда.

- Биласизми, бу амалиёт узоқ вақт давом этди. Биз жиноятчилар ортидан бир йилча кузатдик. Гуруҳнинг айрим фаол иштирокчилари ўтган йил бошида қўлга олинган эди. Кейинчалик тергов давомида бутун жиноят халқаси аниқланиб, жорий йил бошида амалиётимиз якунига етди. Жиноий гуруҳ тўлиқ Россияда жойлашган бўлиб, унга турли мамлакат фуқаролари аъзо бўлган. Улар орасида Қирғизистон ва ўзбекистонликлар ҳам кам эмас. Ҳозирда қўлга олинган 93 кишидан ташқари жиноятчиларнинг қолган шерикларини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз, деди тергов олиб бораётган Гиёҳвандлик моддаларни назорат қилиш бўйича Федерал идораси офицерларидан бири.

Терговчига кўра, жиноий йўл билан топилган пул гуруҳ бошлиқлари томонидан қонуний бизнесга сарфланган. Уюшган жиноий гуруҳ қарамоғида футбол клуби, чучвара цехи, автосервис ва бошқа тадбиркорлик корхоналари бўлган. Шунингдек, бошқирд наркомафияси шаҳарда йирик қурилиш фирмасига эга бўлиб, ҳашаматли бино ва бизнес комплекслари қурилишини назорат қилган.

Гиёҳвандлик моддаларни назорат қилиш бўйича Федерал идораси ходими Михаил Ланцевнинг айтишича¸ наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг табиатига кўра байналминалдир.

- Бу жиноят гуруҳлари байналминал тузилмалардир. Улар илгарига қараганда янаям уюшганроқ, замонавий технология, Интернет, мобил алоқа воситаларидан кенг фойдаланадиган ташкилотлардир. Уларнинг замонавий фан ютуқларидан ҳам кенг қўлланаётгани бугунда ҳеч ким учун сир эмас.
Якка сотувчилар деярли қолмади. Бўлса ҳам¸ улар наркотикларни майда ҳажмда ташийди. Катта миқдорда афюн ишлаб чиқариш ва уни транзит қилиш билан йирик¸ уюшган¸ байналминал жиноий гуруҳларгина шуғулланмоқда. Наркогуруҳларда марказий осиёликлар асосан наркотик ташувчилар вазифасини бажаради, дейди Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича федерал хизмат терговчиси Михаил Ланцев.

БМТ ҳисоб-китобига кўра¸ ҳозир бутун дунёда етиштирилаётган героиннинг 95 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади.

Афғонистонда етиштирилган ноқонуний гиёҳвандлик моддаларнинг шимолий транзит йўли¸ мутахассисларга кўра¸ Марказий Ослиё республикалари ҳудуди орқали Россия ва ундан бутун дунёга тарқайди.

АҚШ Давлат Департаменти тарқатган маълумотда айтилишича¸ Марказий Осиёнинг бешала республикаси ўз ҳудудида гиёҳвандлик модда ишлаб чиқаришни минимал даражага етказганига қарамасдан, Россия, Ғарбий Европа ва Америкага афғон героинининг асосий транзит коридорига айланган.

Ноқонуний гиёҳвандлик моддаларнинг жаҳон бўйлаб умум савдо айланмаси 65 миллиард АҚШ долларини ташкил этади ва БМТ ва Россия манбаларига кўра¸ унинг бешдан бир қисми Россияга тўғри келади. Гиёҳвандлик моддалар айланишини назорат қилиш бўйича федерал хизмати раҳбарининг таъкидлашича¸ мамлакатда ҳар йили 30 тоннадан зиёд наркотик модда¸ асосан героин истеъмол қилинади.

Хизмат тарқатган маълумотга кўра, Россия ҳозир жон бошига наркотик моддалар истеъмол қилиш бўйича биринчи ўринни эгалламоқда - мамлакатда 5 миллиондан ортиқ нашаванд мавжуд.
XS
SM
MD
LG