Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Ўзбекистон банклари Қирғизистонга пул ўтказишни тўхтатиб қўйди


Ўзбекистон Миллий банкида ҳам Қирғизистонга пул ўтказиш амалиëтлари бутунлай тўхтатилган.
Ўзбекистон Миллий банкида ҳам Қирғизистонга пул ўтказиш амалиëтлари бутунлай тўхтатилган.

2010 йилнинг июн ойида Ўш ва Жалолободда юзага чиққан миллий низо ва ундан сўнгги беқарорликлар муносабати билан Ўзбекистондаги банкларнинг Қирғизистонга пул ўтказиши тақиқланган. Бу тақиқдан¸ ҳатто Western Union каби халқаро пул ўтказув тизимлари ҳам четда қолмаган.


18 январ куни айни мавзу юзасидан Озодлик ўтказган мулоқотлардан аëн бўлишича¸ Ўзбекистондаги банк ва пул ўтказиш тизимлари орқали Қирғизистонга пул ўтказишнинг тўхтатилганига анча бўлган¸ аммо бу ҳақдаги хабар фақат 2011 йил январига келибгина аëн бўлган.

Мазкур хабарни текшириш жарëнида Озодлик Тошкентдаги бир қатор йирик банкларга қўнғироқ қилди.

“Ҳамкорбанк” ходимининг ўзи ҳам бундай тақиқдан бехабар шекилли¸ ҳамкасбидан сўраб:

- Ўшга мумкинмас қилиб қўйибди опа. Ҳалиги ўзингиз биласизку. Агар Россиядан жўнатсангиз, муаммо йўқ¸ дея жавоб берди.

“Тадбиркорбанк”нинг Тошкентдаги шаҳобчаларидан бири вакили сўзларидан¸ унинг ҳам бундай тақиқдан хабари йўқлиги билиниб қолди:

- Бизда жўнатилмайди эканку Ўзбекистондан. Вестерн Юнион (Western Union) бор. Бошқа ерга бор экан, фақат Қирғизистонга йўқ экан. Қирғизистонга умуман йўқ деяпти. Умуман банкларда йўқ деяпти. Фақат Қирғизистонга йўқ деяпти¸ дея шеригидан сўраб олганларини такрорлади яна бир Ўзбекистон банки ходими.

Бу суҳбатдан сўнг¸ бутун дунëдаги энг чаққон пул ўтказиш тизими ҳисобланган Western Unionнинг Ўзбекистондаги бўлимлари бундай тақиқдан озоддир¸ деган ўй билан бу гуруҳнинг марказий идорасига сим қоқдик.

- Қирғизистонга пул юбормоқчи бўлсангиз¸ Ўзбекистон Миллий банкига мурожаат қилишингиз керак. Western Unionнинг пул ўтказиш пунктларининг ҳар бири Ўзбекистондаги қайсидир банкка бириктириб қўйилган¸ яъни ҳар бир банк қошида Western Unionнинг шаҳобчаси бор. Қирғизистонга фақат Миллий банк қошидаги пунктимизгина пул ўтказиши мумкин¸ унда ҳам Миллий банк шунга рухсат берса¸ дея самимий маслаҳат берди “Қирғизистонга пул ўтказиш учун нима қилиш керак?” деган савол юзасидан гаплашганимиз Western Union ходимаси.

Бу маслаҳат ортидан Ўзбекистон Миллий банкига сим қоқдик. Банк қабулхонаси котибаси¸ “Қирғизистонга пул ўтказиш мумкинми?” деган саволимизни эшитиб¸ бу масалада мутахассисимиз билан гаплаша қолинг дея¸ банкнинг айни масала бўйича мутасаддиси билан улаб берди. Ўзини таништиришни истамаган бу мутахассисдан эса¸ саволимизга бундай жавоб олдик:

- Йўқ¸ биз Қирғизистонга пул жўнатмаймиз. Қирғизистон билан система ишламаяпти ва шу боис биз пул ўтказа олмаймиз. Пул ўтказиш тўхтатилганига қарийб ярим йилча бўлиб қолди. Ҳозирча буни вақтинчалик деяпмиз¸ аммо пул ўтказишнинг қачон қайта бошланишини билмаймиз. Айни шунингдек¸ Western Unionнинг бизнинг банкдаги пункти орқали ҳам пул ўтказиш тўхтатилган¸ деди Ўзбекистон Миллий банкининг ўрганилаëтган масала бўйича мутасаддиси.

Ўзбекистондан Қирғизистонга ҳар қандай пул ўтказимларининг бутунлай тўхтатилгани бир эмас¸ тўрт банк ходими томонидан тасдиқланса-да¸ улардан бирортаси “Нима учун?” деган саволга жўяли жавоб бера олмади ëки буни исташмади.

Western Unionнинг сўзга чаққон ходимаси¸ бу тақиқнинг бевосита июн ойида Ўш ва Жалолободдаги миллий асосдаги зўравонликлар билан боғлиқ эканини билдирди.

- Мен бу тақиқнинг нима билан боғлиқлигини аниқ билмайман. Июн ойидаги воқеалар билан боғлиқ¸ бўлса керак¸ чунки унгача Қирғизистонга пул ўтказиш бемалол эди. Қирғизистонда ҳукумат ўзгариб¸ доллар курси жуда беқарор бўлиб қолганидан сўнг пул ўтказиш муаммога айланган эди. Июн воқеаларидан кейин эса¸ банклар ëппасига пул ўтказишни тўхтатиб қўйди. Фақат Миллий банккина бу ишни қилиши мумкин¸ деди Western Union ходимаси.

11 июн куни Ўш ва Жалолободда бошланган миллий асосдаги зўравонликлар оқибатида юз минглаб ўзбеклар жабр кўрган ва уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари ëрдам бериш тараддудига тушган эди. Ўзбекистон ҳукумати июн ойида 100 мингдан ошиқ ўшлик қочқинга вақтинча бошпана берган ва ўша кунлари мамлакат бўйлаб¸ хусусан Ўшга туташ Фарғона водийсида жабрдийдаларга ëрдам йиғиш кампанияси ҳам расмий¸ ҳам норасмий тарзда амалга оширилган эди.

Шундай бўлса-да¸ июн қирғинидан жабр кўрган ўшликларга моддий ëрдам уюштириш билан шуғулланиб келаëтган Ўшдаги “Тартиб ва ҳуқуқ” ташкилоти раҳбари Иззатулла Раҳматуллаевга кўра¸ бу ëрдамларнинг ҳеч бири банклар орқали ўтказилмаган.

- Ўзбекистондан мана шу тўполонлардан олдин ҳам бирор-бир пул олдим ëки ўтказдим¸ деганини эшитмаганман. Хайрия фондимизга ҳам Ўзбекистондан бирор сўм тушгани йўқ. Агар банк операциялари тўхтаган бўлса, унда қирғизистонлик ўзбеклар ҳеч нарса ютқазмайди. Сабаби¸ ундан олдин ҳам Ўзбекистон билан бирор-бир пул муомаласини қилиб “пул жўнатдим” ëки “пул келди” деганини мен эшитмаганман¸ дейди Иззатулла Раҳматуллаев.

“Ўзбекистон ҳукуматининг бундай қарори ортида¸ асосан сиëсий сабаблар ëтган бўлса керак. Қирғизистон расмийлари Ўшдаги ўзбеклар автономия исташди ва уларнинг ташқарида ҳомийлари бор эди¸ деган баëнотни қайта-қайта такрорламоқда ва афтидан Ўзбекистон ўзини ана шундай айбловдан ҳимоя қилмоқчи кўринади”¸ дейди ўшли ҳуқуқ ҳимоячиси.

- Сабаби¸ кўп пайтларда “Ўзбекларни Ўзбекистон молиялаяпти. Ҳар хил акцияларга ундаяпти” деган ҳар хил даъволар юрибди. Шу айбловлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин бу нарса Қирғизистондаги ўзбекларга кўп ҳам таъсир қилмайди. Чунки Ўзбекистондан ëрдам асосан қўлма-қўл келаëтган эди. Масалан¸ Қурбон ҳайитидан кейин кўплаб жабрланганлар рўза фитрларини олишди. Қўлма қўл олишди. Почта орқали ëки банк орқали Ўзбекистондан ëрдам олдим ëки бирор сўм олдим деганини мен эшитганим йўқ¸ дейди Иззатулла Раҳматуллаев.

Ўзбекистон томонининг Қирғизистонга пул ўтказишларни бутунлай тўхтатганига муносабат билдирган Қирғизистон Миллий банки матбуот хизмати расмийси Сауле Сегизбаева¸ бу хабарни илк бор эшитиб турганини эътироф этди.

- Очиғи¸ бу ҳақда биринчи бор эшитиб турибман. Айрим ахборот воситаларида Ўзбекистондан пул ўтказиш тўхтатилганига оид бундай хабар бир пайдо бўлган¸ аммо айни манбаларнинг ўзи томонидан дарҳол рад этилган ва пул ўтказиш операцияларининг давом этаëтгани айтилган эди. Мен ҳозир бу хабарни тасдиқлаш¸ унинг сабабларини изоҳлаш учун етарли маълумотга эга эмасман. Банкимиз таркибий бўлинмалари билан гаплашиб¸ сўнгра ўзим сизга қўнғироқ қиламан¸ деди Қирғизистон Миллий банки расмийси.

Аммо Бишкекдан Прагага қайтиб қўнғироқ бўлмади¸ боз устига қирғиз Миллий банкига Прагадан бўлган қўнғироқлар ҳам жавобсиз қолди.
XS
SM
MD
LG