Ўзбекистон армиясининг собиқ полковниги тақдирини ҳал этиш учун Тошкентга махсус сафар қилган Россия Давлат Думаси депутати Юрий Бурков Россия ва Ўзбекистон президентларига Корепановни озод этиш талаби билан мурожаатнома юборди.
Ўтган йилнинг октябр охирларида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Қозоғистоннинг Келес бекатида қўлга олиган Россия фуқароси Юрий Корепанов жорий йилнинг 11 январида Тошкент Ҳарбий суди томонидан 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Корепановнинг ҳибсга олинишини асослаб бериш талаби билан Ташқи ишлар вазирлиги жўнатган расмий ноталарга Ўзбекистондан ҳеч бир жавоб келмагани айтилмоқда.
Жумладан, “Справедливая Россия” партиясининг Свердловск вилояти бўйича бўлими вакили Анастасия Лачинова Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Корепанов масаласида эълон қилган баёнотни Озодликка ўқиб берди.
- “Ўзбекистонда ҳибсга олинган Россия фуқароси Юрий Корепановнинг яқинлари талаби билан Ўзбекистон элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлигига қилинган тўртта мурожаатномаларнинг бирортасига расмий жавоб олинмади. Биринчи мурожаатнома 2010 йилнинг ноябрида, сўнгиси 2011 йилнинг январида юборилган. Унда биз Россия фуқаросининг қўлга олиниши сабабларини изоҳлаб бериш ҳамда ҳибсга олинган фуқаро билан консуллик учрашув уюштиришни талаб қилган эдик. Шунингдек, Россия элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Юрий Корепанов иши юзасидан олиб борилаётган суд маҳкамаларига консуллик ходимларини киритиш сўровларини юборган. Бугунги кунга келиб элчихонамиз Ўзбекистон тарафидан бирорта жавоб олганича йўқ. Телефон орқали ташқи ишлар вазирлиги расмий мурожаатномаларимиз олинганини тасдиқлади, лекин берган саволларимизга жавоб тайёрланаётганини билдирди ва бошқа саволларимизга жавоб беришдан бош тортди.” Бу Россия элчихонасининг Корепанов масаласида бизга юборган расмий жавоби,- деди Анастасия Лачинова.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси собиқ полковник Корепановнинг ишини тўлиқ назорат остига олганини билдирган.
Юрий Корепановнинг Екатеринбургда яшаётган катта ўғли Дмитрийнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон расмийлари консуллик вакилининг суд маҳкамасида иштирок этишига, ҳатто ҳукм ўқилгандан кейин ҳам кассация арзи топшириш учун Юрий Корепанов билан учрашишига рухсат бермагани боис шикоят куни-кеча, кассация учун берилган 10 кунлик муддатнинг охирги кунида топширилган.
- Уни 15 январ куни Миллий хавфсизлик хизмати изолятоидан Тоштурмага ўтказишди. Ниҳоят биз жамоа бўлиб охирги кунда кассация арзини расмийлаштиришга улгурдик. Кассация 21 январ куни топширилди. Худога шукур, улгурдик,- дейди Дмитрий Корепанов.
Дмитрийга 63 ёшли отаси Ўзбекистон жиноят Кодексининг 223-моддаси, яъни “чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда” айбланиб 1 йил ва 157-модда бўйича, яъни “Ватанга хоинлик” асосида 15 йилга, жами 16 йилга қамоққа ҳукм қилинган. “У Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишда ўрнатилган тартибга риоя қилмаганликда айбланди”, дея қўшимча қилади Дмитрий Корепанов.
- Ҳимоячилар дастлаб у чиқиш визаси, Шенген визасини Ўзбекистонда расмийлаштириб гўёки Римга ноқонуний чиқиб кетганига оид айбловларни инкор этишга муваффақ бўлдилар. Тушуняпсизми, уни Италия жосуси сифатида қамашмоқчи эди! Терговнинг биринчи куниданоқ отамга психологик таъсир усуллари қўлланган. Терговчи унга “Агар сиз тергов билан муросага бормасангиз, ўғлингизга оғирлиги тушиши мумкин”, дея дўқ қилган. Ўзбекистонда яшаётган укам ўзи 2-гуруҳ ногирони бўлса. Бу қандайдир 37 йилнинг ўзгинасику!, дейди Юрий Корепановнинг ўғли Дмитрий.
Унинг айтишича, отаси Юрий Корепановнинг адвокати мазкур иш юзасидан бирор бир маълумотни ошкор қилмаслик тўғрисида махсус хужжатга имзо қўйган.
У курашни давом эттиришини ва феврал бошларида Екатеринбург шаҳрига Россиянинг биринчи президенти Борис Елциннинг ҳайкали очилишига келаётган Дмитрий Медведевга бевосита мурожаат қилишини маълум қилди.
Полковник Юрий Корепанов ҳимоясига Интернетда махсус саҳифа ҳам очилган.
Озодлик Радиосига маълум бўлишича, 20 январ куни дипломатик рейс билан Тошкентга Юрий Корепанов масаласи билан Россия Давлат Думаси депутати Юрий Бурков махсус хизмат сафарини қилган. Шанба куни Тошкент сафаридан қайтган Юрий Бурков Озодликка вазиятни шундай тасвирлаб берди.
- Натижалар қуйидагича: фактлар дарҳақиқат ўз исботини топди, яъни у ҳақиқатан иккита модда юзасидан 16 йилга маҳкум этилган. Унинг ўша ерда яшайдиган ўғли билан учрашдим. У бизнинг аралашувимиз туфайли ниҳоят ўтган чоршанба куни отаси билан учрашди. Корепановнинг аҳволи яхши, унга жисмоний босим ўтказилмаганлигини аниқладим. Энг муҳими, бирорта юборилган сўровга биз ҳозиргача жавоб олганимиз йўқ. Энди вазият фақат сиёсий йўл билан ҳал этилиши мумкинлигига ўзим ишонч ҳосил қилиб келдим. Бу вазият Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги вазиятни мураккаблаштириши мумкин, дейди Корепановни озод қилишга уриниб кўрган Россия Давлат Думаси депутати Юрий Бурков.
Бурков махсус нома билан президентлар Ислом Каримов ва Дмитрий Медведевга мурожаат қилганлигини билдирди.
Корепановнинг яқинлари ҳам бу борада Екатеринбург шаҳар ҳокимияти, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Омбудсменига мурожаат қилганлар, Россия президенти Медведев, Бош вазир Путин ва бошқа расмийларга хат йўллаганлари айтилмоқда.