Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

Бузилиш навбати Паркент бозорига келдими?


Кейинги йиллар ичи Паркент бозорини кенгайтириш бўйича давомли қурилиш ишлари олиб борилган эди.
Кейинги йиллар ичи Паркент бозорини кенгайтириш бўйича давомли қурилиш ишлари олиб борилган эди.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийлари республикадаги энг йирик қурилиш моллари бозорида ишлаëтган тадбиркорларни тез кунда ўз дўконларидан ажрашларидан огоҳлантирган.

Паркент қурилиш моллари бозори нафақат доимий аҳолиси 2¸5 миллионга етиб қолган пойтахт Тошкент¸ балки қарийб 30 миллионлик нуфуси бор Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш бозори саналади. Ўзбекистон бўйлаб қурилиш қиладиган борки¸ керак молини топиш учун шу бозорга йўл олади.

Тошкент шаҳрининг Ҳамза ва Миробод районларида фуқароларнинг хусусий қурилишлари ва уйлари бузилиши ортидан¸ пойтахтнинг Мирзо Улуғбек районида жойлашган Паркент бозори тақдирининг ҳам қил учида қолгани айтилмоқда.

Шу кунларда тошкентликлар оғзида Паркент қурилиш бозори бузилармиш¸ деган дув-дув гап¸ дейди тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов.

- Шу гап юрибди. Бир хиллар “кейинги йилда қолдирилди” дейишаяпти. У жуда катта бозорда¸ қурилиш молларининг улгуржи савдоси. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, кейин республика бўйича ҳам тарқатади. Тахминан¸ 2000 дан 5000га яқин тадбиркор бор бу бозорда¸ дейди тадбиркорлик баробарида Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоси сифатида тадбиркорлар ҳақларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланаëтган Жаҳонгир Шосалимов.

Паркент қурилиш бозоридаги асабийлик ва мавҳумлик ҳақида бевосита мазкур бозордаги дўкон эгаси Лариса гапиради.

- Биласизку¸ миш-миш бекорга тарқамайди. Шунақа гап бўлди¸ аммо ҳозирча ўзимиз ҳам ҳеч нарса билмаймиз. Паркент бозорида ҳозирча ҳеч қандай бузилиш йўқ. Бори¸ бозоргача бўлган жойда бўр сотадиганлар бор эди¸ шуларни ҳайдаб¸ ўрнига дўкон қуришга рухсат беришган. Ҳозирча бошимиз қотиб ўтирибмиз. Биласизку¸ бизда икки кун олдин келиб¸ "чиқ¸ бу ерни бузамиз"¸ дейишлари ҳеч гапмас.

Ҳозир бутун шаҳарда шу гап¸ ҳамма биздан сўраяпти. Биз эса¸ ўзимиз ҳеч гапни билмаймиз¸ лекин ҳайдашларидан чўчиб ўтирибмиз. Шундай бўлсаям¸ ишлаяпмиз¸ савдо ўзига яраша бўлаяпти. Тинчиб қолгандек бўлди¸ балки бунақа қарорни бекор қилишгандир¸ ахир бу хабар бутун шаҳарга ëйилиб¸ асабийлик кучайиб кетди-да¸ дейди Паркент қурилиш бозорида савдо қилаëтган тадбиркор Лариса.

Айни шу бозорда савдо қиладиган яна бир кичик тадбиркор Маҳлиë опа¸ одамларнинг норозилигидан чўчиб¸ ҳокимият бу фикридан қайтди¸ деган умидда.

- Бузилади дейишди, лекин бузилиши ҳам аниқ эмас. Йиғилиш қилди, кейин отмен қилдику. Икки ойда кўплар банкдан кредит пул олган экан. Стройматериалдаги кўплар магазинини тикиб олган экан кредитни. Энди отмен бўлибди. Яна кўриб чиқишаркан. Ҳозирча тинчлик¸ дейди Паркент бозоридаги савдогар аëл.

Uzmetronom.com интернет газетаси Паркент қурилиш бозорида хусусий дўконга эга Наталья Александрованинг бозор бузилиши ҳақидаги таҳдид муносабати билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига ëзга мурожаатини чоп этди. Вазиру ҳокимлар ëмону¸ подшоҳ яхши ва адолатли¸ деган ишонч устига қурилган бу мактубда айтилишича¸ 18 январ куни кечқурун Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари ҳамроҳлигида Паркент бозорига кириб келган ва қурилиш моллари савдоси билан шуғулланаëтган тадбиркорларни тўплаб¸ улардан 10 кун ичида дўконларини бўшатиб қўйишни сўраган. Бозорнинг бузилишини айтган ҳокими¸ мурожаатда ëзилишича¸ бу дўконларнинг қонуний эгаларини ҳайратда қолдириб¸ саволларига жавоб ҳам бермай¸ жўнаб қолган.

Паркент бозори маъмуриятининг ўз исми айтилишини истамаган маъмури¸ бундай учрашув ҳақидаги хабарнинг бир оз бузилганини айта туриб¸ айни кунларда бозор тақдирининг мавҳум эканини тасдиқлади.

- Ҳозир унақа конкретний гап йўқ. Шу кеча-кундузда конкретний гап йўқ. Бузилиши ҳам мумкин, лекин бизларнинг қўлимизга ҳали қоғоз, ҳеч нарса келмаган. Биз ҳам фақат сизларга ўхшаб эшитдик. Нима бўлади, нима қўяди биз ҳам фол очиб ўтирибмиз. Конкретний “Мана бу ер бузилади, мана бу ëққа ўтасизлар” деб ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ.

Ҳокимиятдан келди. Биринчидан, ҳоким келгани йўқ¸ замҳоким келди. Шунақа бўлиши керак, деб айтди. “Бўлади фалон қарор бўйича” деб конкрет айтгани йўқ. Ҳали ҳеч нарса йўқ бунга. Ҳеч қанақа қўлимизда қоғоз ҳам йўқ, топшириқ ҳам йўқ, ҳеч нарса йўқ. Конкретний ҳеч нарса йўқ деса ҳам бўлади. Стоянка тўғрисида гаплар йўқ ҳали. Йўқ, бузилиш бошлагани йўқ ҳали. Балки бузилмас, балки қолиб кетар. Надеется қилиб турибмиз энди¸ деди Паркент бозори маъмурияти ходими.

Бу мавҳумликка ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимиятининг қурилиш ишлари бўйича департаментига сим қоқдик. Гўшакни кўтарган ходима ҳам бу масалада ëрдам бера олмаслигини билдирди.

- Қурилиш департаментига тушдингиз. Бизларнинг бундан хабаримиз йўқ. У ëққа алоқамиз йўқ. Билмадим ким шуғулланаëтганини. Йўқ, бизларга қарашли эмас. Мен ҳам билмайман-да ким шуғулланаяпти. Менинг хабарим йўқ ундан¸ деди пойтахт ҳокимиятининг қурилиш ишлари бўйича департаменти вакили.

Тошкентлик тадбиркор ва ҳуқуқ фаоли Жаҳонгир Шосалимов¸ Паркент бозоридаги кичик тадбиркорларга нисбатан бўлаëтган бундай босим¸ бутун пойтахтда бораëтган катта кампаниянинг бир қисми эканини айтади:

- Халқда “Шавкат Мирзиëевнинг қилаëтган ишлари” деган гап юрибди. Чунки бу Тошкент шаҳрида бўлаëтган ишларнинг бир учи, холос. Самарқанд дарвоза тарафда одамларнинг уйлари бузилаяпти. Савдо корхоналари бузилаяпти. Бундан ташқари худди шундай нарса Ташсельмаш заводида ҳам кузатилган эди. Ғалати ишлар бўлаяпти-да.

Чинни бозорида шошилинч равишда одамларни олиб чиқиб кетишган маскалилар. Ўша ерда бўлган харидорларни чиқариб ташлаб, қайтиб келиб ўша ерда кимнинг моли бўлса, ҳаммасини мусодара қилган. Жуда катта рақамда, катта сумма мусодара қилинган¸ дер экан Жаҳонгир Шосалимов¸ бундай ҳақсизлик оқибатида тошкентликлар норозилигининг тўлқинланиб турганини қўшиб ўтади.
XS
SM
MD
LG