Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:17

Ўзбекнинг серфарзандлик анъанаси ўзгараяпти


Бир пайтлар фотосурат кадрига зўрға сиққан серфарзанд ўзбек оилалари учун бугун тўрт бола ҳам кўпдек туюлмоқда.
Бир пайтлар фотосурат кадрига зўрға сиққан серфарзанд ўзбек оилалари учун бугун тўрт бола ҳам кўпдек туюлмоқда.

Президент Каримов Вазирлар маҳкамасидаги сўнгги маърузасида Ўзбекистон аҳолиси 29 миллионга етгани ва яқин орада 30 миллионлик маррани ҳам уриши ҳақида гапирди. Хўш, мамлакат аҳолиси кўпайишда давом этаётган бугунги кунда ўзбек оилалари кўп фарзандлими, улар нечта фарзанд кўришни хоҳлаётир?


Тошкентда яшовчи ўн бир ёшли Мунавваранинг уч опаси бор. Мунаввара опалари билан аҳил-иноқ яшаши, опа-синглиси йўқ тенгдош дугоналарига нисбатан унга осон эканидан гап очади.

- Мен опаларимни жуда яхши кўраман. Улар ҳам мени яхши кўришади. Улар менинг кийимларимни ювиб беришади, дарсларимни қилиб беришади, ëрдам беришади,- дейди Мунаввара.

Мунавваранинг онаси Нигора опа ўзини кўп болали оналардан бири деб билади.

Собиқ Иттифоқ даврида ўн ва ундан кўп бола тарбия топган ўзбек оилаларида бугунги кунда тўрт ва беш фарзанднинг ўзиёқ кўп ҳисобланаяпти.

“Ўнта бўлса ўрни бошқа, қирқта бўлса қилиғи бошқа”, деган нақлни ишлатишга бугунги кунда ҳожат ҳам қолмаяпти.

Болажон ўзбекнинг серфарзандлик анъанаси ўзгаришга юз тутган айни замонда Нигора сингари тўрт фарзандли оналар, собиқ шўро давридаги сингари қаҳрамонлик унвонига эга бўлмасалар-да, ўзларини кўп болали оналардан санаяптилар.

Нигора опа ҳам ўғил кўришни кутиб-кутиб, тўртта қизлик бўлганини айтади.

- Тўртталаси ҳам қиз. Ўғлим йўқ. Энди бошида фарқи бўлмасди. Битта-иккитадан кейин ўғил, ўғил деб туғиб тўртта қиз қилиб олдик. Катта қизим 18 ëш. Узатганман. Кейингиси бу йил 16га тўлади. Ундан кейингиси 15га, кейингиси 11 ëшга тўлади. Қизларнинг бори яхши. Қўлингиздан ишингизни олади, биттаси овқатингизни қилади, биттаси кирингизни ювади. Кўчадан чарчаб келганда ишлар қилинган, ҳамма ëқ йиғиштирилган. Шуниси яхши. Тез қудали бўласиз,- дейди кулиб Нигора опа.

Тошкентлик Нозимахон эса тўрт ўғилнинг онаси. Нозимахон фарзандлари кўплигидан хурсандлигини айтади.

- Тўртта ўғлим бор. Қиз кўришни ўзим хоҳламаганман. Тўртта ўғил кўришни ўзим хоҳлаганман. Хўжайинимлар ҳам шундай фикрда бўлганлар. Қиз кўришни истамаганимнинг сабаби, билмадим, аëллар бутун умр қийинчиликда яшагани учунми, қанақадир кўп масъулият бўйнида бўлгани учунми, билмадим ўзим кўнглим шунақа хоҳлаганда. Худога шукур, Худо сўраганимизни берди,- дейди Нозимахон.

Диндорларнинг оилаларида ҳали ҳам ўзбекнинг кўп фарзандлик анъаналари сақланиб қолганини кузатиш мумкин. Тақводор оилалар фарзандлар сонини режалаштириш масаласига қаршилигини айтадилар.

Тошкент шаҳрида яшовчи Сурайёнинг айтишича, диндорларнинг оилалари орасида ўн фарзандли оилалар ҳам учраб туради.

- Саккиз-ўн болали ўртоқларим ҳам бор. Қўни-қўшниларимнинг ичида ҳам тўққизта бола туққан биттаси, яқинда битта бола асраб олди. Битта ўртоғимнинг саккизта боласи бор. Худо ризқи билан беради, дейди. Ризқ дегани фақат ейиш-ичиш эмас. Уни маърифатли қилиш ҳам ризқ. Маънавий ризқ. Уларга илм ўргатиш, ҳунар ўргатиш учун ҳам моддий маблағ керак. Ўша ўнта боласи бор қўшнимнинг боласи 2-3 ойлаб мактабга чиқмайди. Чунки пойафзал тополмайди. Ўнта болага бирданига оëқ кийим олиб бериш ҳазилми? Пешингача биттаси мактабга боради. Мактабдан югуриб келади ва унинг курткасини кийиб, иккинчиси мактабга кетади. Неча марта унинг уйига чиққан бўлсам, шундай аҳволга дуч келганман. Мана, яқинда ўнинчисини туғиб олди. Менда учта бола бор. Мен ҳам туғишни хоҳлайман. Лекин бошқа тарафларини ҳам ўйлайман,- дейди Сурайё.

Кузатувларга кўра, ҳозирги пайтда замонавий оилаларда асосан икки ва уч бола нормал ҳисобланаяпти. Ўзбек оилаларида кам фарзандликнинг учта сабаби мавжуд. Биринчидан ёш оилаларнинг ўзлари кўп фарзанд кўришни истамаяпти. Иккинчидан ҳукуматнинг кам фарзанд туғишга қаратилган сиёсати бўлса, учинчидан йўқчиллик туғиш суръатини пасайтирмоқда.

Уч фарзанднинг онаси, хоразмлик 26 ёшли Манзурага кўра, ҳозирги пайтда кўп фарзанд кўришга иқтисодий муаммолар тўсқинлик қилади.

- Кўпи билан икки бола. Шундан кўпи кўп. Шуни ҳам боқиш қийин бўлиб турибди ҳозирги вазиятда. Уларни боқиш, кийинтириш. Бола кўп бўлса, боқиш қийин. Шунинг учун кўп бола кўришни аксар ёш оилалар хоҳламайди,- дейди хоразмлик Манзура.

Бундан тахминан 6-7 йиллар аввал қишлоқ жойларида 5-6 болали оилаларни кўп учратиш мумкин эди.

Ўша йиллари Хоразмдаги 40 ёшли қўшнимиз еттинчи фарзандини туққан ва буни болаларига бериладиган нафақа пулини олиш учун эканлигини очиқ айтган эди.

Бугунга келиб икки боладан кўп бўлса, нафақа пули берилиши чеклангани айтилмоқда (бу ўзбек ҳукуматининг кам фарзанд туғиш борасидаги сиёсатидан келиб чиқиб амалга оширилаётган тадбирлардан бири). Айни ҳолат ҳам ўзбек оилаларидаги фарзандлар сонининг камайишига олиб келган сабаблардан бири экани айтилади.

Кўринадики, замона қийинчиликлари таҳрири остида ўзбек халқининг серфарзандлик анъанаси ҳам ўзгаришларга юз тутаяпти.
XS
SM
MD
LG