Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:04

Ўзбекистонда имомликка ўтаётганлар кимлар?


Мусулмонлар масжидларда беш вақт намозларини ўқиб, ҳукумат тайинлаган имомлар билан мулоқотдан қочади, дейди Абдувоҳид қори.
Мусулмонлар масжидларда беш вақт намозларини ўқиб, ҳукумат тайинлаган имомлар билан мулоқотдан қочади, дейди Абдувоҳид қори.

“Ўзбекистонда фақат Ислом университетини битирган ёш-ёш йигитларгина имомликка тайинланаяпти, эл танлаган қорилар эмас”, деди Озодликка ўзбекистонликлардан бири. Яна бир суҳбатдошимиз “Ўзбекистонда имомликка лойиқ мен билган қориларнинг бари қамоққа ташланган”, дейди.

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бугунги сонида оддий ўзбекистонликлар кўтарган ана шу мавзу ҳақида гап боради.

Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ масжид бор

Ўзбекистонда расмийлар рўйхатидан ўтган жами 2 мингдан ортиқ масжид бор. Бу масжидларнинг аксарияти жоме масжидларидир.

Бундан ташқари, ҳукумат рўйхатидан ўтолмаган, аммо қишлоқлардаги кичик маҳаллаларда ишлаб турган 4 мингдан ортиқ масжид борлиги ҳақида ҳам норасмий маълумотлар бор.

Сўнгги йиллар давомида маҳалла масжидларининг кўпчилиги эшигига қулф солинди. Аммо, шунга қарамай Рамазон ойида бир амаллаб таровиҳ намозлари учун масжид қулфини очолган кекса маҳалла имомларидан баъзилари шу кунларда ҳам ишлаб тургани ҳақида Озодликда аввал хабар берган эдик.

Зеро, бундай масжидларнинг кўпчилиги собиқ совет замонларидан бери мавжуд эски масжидлар ва уларда йиллар давомида ўша масжид теграсидаги маҳаллалар аҳолиси танлаган илмли ва обрўли кишилар имомлик қилиб келган.

Ҳозирги кунга келиб расман рўйхатдан ўтган кўпчилик масжидлардаги имомлар рутбаларини тарк этган ёки тарк этмоқда.

Бунинг биринчи сабаби 1998 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда белгиланган янги тартиб билан изоҳланади.

Ушбу қонуннинг 8-моддасида: “Тегишли диний маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диний ташкилотларнинг раҳбарлари бўлишлари мумкин”, дейилади ва диний ташкилотлар сирасига масжид ҳам кириши айтилади.

Ўзбекистонлик кузатувчилар қонундаги “тегишли диний маълумот” ибораси Мусулмонлар идораси томонидан ҳукуматнинг махсус кўрсатмасига биноан тўлиқ назорат қилиниши айтиладиган давлат диний таълим муассасасига боғланган, деган фикрда.

Бундай муассасалар Ўзбекистонда иккита: Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти - Олий Маъҳад ва Тошкент Ислом Университетидир. Уларнинг иккиси ҳам пойтахтда жойлашган.

Бу таълим даргоҳларини битирган йигитларнинг қайсидир масжидга имом бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақидаги якуний қарорни эса Ўзбекистон Мусулмонлар идораси беради.

Озодлик мухбирига Мусулмонлар идораси расмийлари мавзу хусусида изоҳ беришдан бош тортди.

Бугун имомларни тайинлаш тартиби ҳақида Тошкент шаҳридаги "Муҳаммадносир" масжидида имом нойиби бўлиб ишлаётган Қобил қори Одилжон ўғли билан суҳбатлашдик.

Қобил қори: Ҳозир талабга жавоб берадиган имомлар чиқаяпти

Қобил қори Одилжон ўғли фақат давлат муассасасини битирган шахсларгина имомликка ўтишин тасдиқлар экан, буни мутлақо тўғри қарор, деб билади.

Айтиш жоиз, Қобил қори Одилжон ўғлининг ўзи ҳам “Муҳаммадносир” масжидида бир неча йил имомлик қилган.

- Олий Маъҳад, мана Ислом Университетини битириб чиқаëтган толиби илмларимиз бор. Мана дунëвий илмлар ҳам бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ўзингларнинг замонангларнинг тараққий қилган илмларини ҳам ўқинглар” деганлар. Шу илмларнинг ҳаммасини ўзида мужассам қила билган, талабга жавоб берадиган хорижий мамлакатларнинг ҳам тилини биладиган имомларимиз чиқаяпти, болаларимиз чиқаяпти. Ҳамма томонлама талабга жавоб берадиган бўлса, улар имомликка ўтади, дейди қори домла.

Унга кўра, имомликка тайинланадиган кишидан Олий Маъҳад ёки Тошкент Ислом Университетларини тамомлаганлиги ҳақидаги қоғоздан ташқари, 2-3 йиллик нойиблик фаолиятидаги тажриба ҳам талаб қилинади.

Кейин эса имомликка номзод киши Ўзбекистон Мусулмонлар идорасидаги махсус ҳайъат суҳбатидан ўтади ва ушбу идора буйруғи билангина имомликка тайинланади.

Қобил қорининг фикрича, ҳукуматнинг бу сиёсатидан кўзланган асосий мақсад давлат рўйхатидан ўтмаган ва 1995 йилларга қадар бемалол фаолият юритган турли мадраса ва ҳужраларда ёҳуд хорижда таҳсил олган имомларнинг меҳробга чиқишидан туғилган хавфни бартараф қилиш бўлган ва бу сиёсат ҳозирга келиб ўзини оқламоқда.

- У ердан, бу ердан ҳужрада ëки бошқа жойларда ҳар хил қўлларда, ҳар хил оқимларга мансуб бўлган одамларнинг қўлида тарбия кўрган одамлар ҳам қайси йўллар биландир меҳробга чиқиб қолса ëки бир масжидга имом бўлиб қолганда, нотўғри сиëсат кетаëтганлиги маълум бўлиб қолди унинг илмида, дунëқарашида, мафкурасида. Ўша муқаддам қўйилган хатоларга йўл қўймаслик учун талаб даражасида бўлган имтиҳонлардан ўтиб, ҳамма томонлама етук уламоларимизнинг назаридан ўтиб, имтиҳонидан ўтиб, керакли бўлган ҳужжатга эга бўлган болаларимиз қўйилаяпти имомликка,- дейди Тошкентдаги “Муҳаммадносир” номли масжид имоми нойиби Қобил қори Одилжон ўғли.

Асрор Эгамбердиев: Ҳозирги имомлар МХХ кўригидан ўтади

Қобил қори тилга олган маълумотларни тасдиқлаган қашқадарёлик оддий намозхон Асрор Эгамбердиев бу маълумотлар орасида биттаси, яъни имомликка номзод кишининг махсус суҳбатдан ўтишини ҳал қилувчи аҳамиятга эга жиҳат, деб ҳисоблайди.

Асрор Эгамбердиевга кўра, Ўзбекистонда бугун ёппасига алмаштирилаётган имомларнинг ўрнига келаётган янги ёш имомлар авлоди ҳукуматнинг муттасил назорати остидаги диний таълим масканларида ҳукуматнинг бугунги сиёсати миясига қуйиб чиқарилган ёшлардангина иборат.

Махсус ҳайъатда яна чиғириқдан ўтказишдан мақсад эса бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилишдир, дейди у.

Асрор Эгамбердиев бу ҳайъатни соддагина қилиб “Миллий хавфсизлик хизматининг комиссияси”, деб атайди.

- Имомликка кўпроқ ўзлари ўқитиб, ўзлари тайëрлаб, ўзларининг гапларидан чиқмайдиган имомлар тайëрлайди. Мадрасада ўқиб чиқади уч-тўрт йил ëки Маъҳадга ўқиб чиқади. Хуллас ўша ерларда ўқиб чиққандан кейин, ўзларининг документларини олгандан кейин СНБнинг кўригидан ўтади. Кейин имом бўлади,- дейди Асрор Эгамбердиев.

Бугунги намозхонлар масжидга у қадар шошилмаслигининг биринчи сабаби, уларни остонадаёқ фуқаролик кийимида қарши оладиган махсус хизматлар ходимларидан қўрқув бўлса, иккинчи сабаби, мусулмонларни таъқибга олаётган ҳукуматнинг ўзи тайинлаган мана шу имомлардир, дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Аҳмаджон қори: Ҳукумат ҳозирги имомларни ўзига боғлаб олган

1999 йилга қадар Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги “Бўрижар” масжидида имомлик қилган Аҳмаджон қори махсус тайинланган бугунги имомлардан халқнинг чўчишини алоҳида таъкидлади.

Масжидларда мусулмонлар имомларга ортиқча савол бермасликка ҳаракат қилади, чунки бу имомларнинг бошқа вазифаси ҳам борлигидан жамоатнинг хабари бор.

- Давлатнинг назоратида бўлиб, доим рўйхатдан тушиб, учëтга тушиб қолган вақтимизда РОВДга ëки бўлмаса МВДга ўхшаган жойларга чақириб, “Нима қилаяпсан? Нима қилиб юрибсан?”, деб суриштириб юрган вақтларда имомларни учратиб қолишлигим ëки ўша имомлар билан суҳбатларни биз билан суҳбатлашаëтган давлат ходимлари гапириб берганларига гувоҳ бўлганман, кейинчалик охирги вақтларда мана шу 7-8 йил ичида имомларни ўзига қаттиқ боғлаб олган ҳукумат,- дейди Аҳмаджон қори.

Аҳмаджон қори Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги у қадар чекланмаган ва диндорлар ортдан таъқиб кучаймаган кезларда – 1997 йилда уни таниган масжид қавмининг сўровига биноан имом бўлган.

- Чилонзордаги масжидда атрофдаги маҳалладаги одамлар, бизларни таниган одамлар ўзлари таклиф қилишган. “Сиз бизнинг масжидимизда имом бўлиб ишласангиз”, деб таклиф қилишган. Кейин Абдурашид Баҳромовнинг олдига борганмиз маҳалла оқсоқоллари билан тўрт-беш киши. Улар анча обрўли, эътиборли инсонлар эди масжид оқсоқоллари ва бошқа ëнларида бўлган кишилар. Уларнинг олдидан ўта олмасдан Абдурашид Баҳромов рози бўлган. Кейин шу бўйи ўша масжидда ишлаганман. Яъни бу одамларнинг таклифи билан мумкин бўлган. Лекин албатта рухсат берилсагина ўтарди,- дейди Аҳмаджон қори.

Ҳар бир имом ўз қавмининг етакчисидир

Аҳмаджон қорининг сўзларига кўра, бир масжиднинг имоми, бошқача айтганда, ўша қавмнинг етакчисидир. Шу боис, диндорларнинг бу қатлами муттасил назорат остида бўлиб келган ва ҳозир бу назорат янада кучайган.

Айни пайтда у бугунги имомлар орасида ҳам ҳукумат, ҳам халқ билан муроса қилаётган, шу йўл билан ўз қавми ҳурматини қозонган имомлар ҳам кўплигини алоҳида таъкидлади.

Аммо, бу йўлдан бораётган имомларга кун йўқ, дер экан Аҳмаджон қори кейинги пайтларда эшитгани бир неча ҳодисалардан бирини тилга олди.

- Мана яқинда ҳам эшитдим. Қайси масжидда диний идора ўзи тайинлаган имом бўлса ҳам, агар ўша масжид аҳолисига ëқиб ва яна ундан ташқари бошқа шаҳарнинг ҳар турли жойларидан одамлар шу имомнинг суҳбатларини, мавъизаларини ëқтириб, шу масжид атрофига жамланиб шу ердан баҳраманд бўлиб кетаëтганини диний идора, давлат ходимлари албатта ўша ерда аралашиб юрган одамлар кўриб, бу имомнинг ўша масжидда фаолиятини тўхтатишаëтганини эшитдим. Бунақа имомни чақириб, суҳбат ўтказиб қандай маъруза қилиш кераклигини мажбур ўргатишади, дейди суҳбатдошимиз.

Аҳмаджон қорини ҳам ўз даврида Ўзбекистон мусулмонлари идораси чақириб, маърузалари чоғида президент Каримовни алқашни сўрашгани ва суҳбат орасида бугунги сиёсат важидан бунга мажбур эканини айтишганини эслади.

- Бир неча йил ўзим алоҳида бир масжидда имом бўлиб ишлаган вақтимда президент Каримовнинг мақталмагани, бирор марта ҳам у дуо қилинмагани учун маҳалла раисларими, бошқаларими келиб диний идора муфтийси Абдурашид қори Баҳромовга шикоят қилишган. Кейин Абдурашид Баҳромов мени чақириб, “Мақтаб туриш керакда энди президентни ҳам. Шунақа қилмасак бўлмайдида. Бошқа иложимиз йўқда. Ука, илтимос, шу нарсаларни эътиборга олинг”, деб илтимос маъносида менга айтган эдилар, дейди Аҳмаджон қори.

Суҳбатдошимиз 1999 йилга қадар Чорсу туманидаги “Бўрижар” масжидида ҳукуматнинг тазйиқлари остида имомлик қилган ва 16 феврал портлашларидан сўнг қидирувдаги шахслардан бирига қўшни бўлгани учун имомликдан олинган эди.

Аммо, унга қўйилган талаб, яъни, президент Каримов номини ҳутбада алоҳида дуои-салом билан тилга олиш бўйича оғзаки ва жума кунлари белгиланган мавзуларда маъруза қилиш бўйича ёзма талаб шу кунларга қадар ҳам сақланиб қолгани айтилади.


Қобил қори: Мақсадимиз фақат яхшилик

Ўзбекистоннинг бу борадаги сиёсатини маъқуллаган Қобил қори Одилжон ўғли, жумладан, жума намози маърузалари хусусидаги саволларимизга жавоб берар экан, диндорлар қайси давлатда яшасалар, ўша давлат сиёсатига бўйсуниши керак, деб ҳисоблашини айтди.

- Бизлар шу ҳукуматда яшаб турибмиз, шу ҳукуматнинг фуқаросимиз. Албатта биринчи ўринда қонун устуворлиги туради. Ўша ҳукуматимизнинг низоми бор. Ҳукуматнинг сиëсатига зид бўлмаган ҳолатда Қуръон, ҳадисдан келиб чиқиб, халқимизни яхши йўлга бошлаш учун берилади. Мақсадимиз фақат яхшилик. Мана мисол учун сабр тўғрисида мавзу бўлиши мумкин, шукур тўғрисида мавзу бўлиши мумкин. Энди нима десам бўлади сизга, шу нарсанинг хамиртуруши бўлса, хамирни ўзингиз ошириб, чиройли қилиб зуваласини тортиб, нонни чиройли қилиб ясаб, тандирга ëпиб бериш сизнинг ўзингизнинг қўлингизда.

Озодлик: Демак, матнни ўзингиз ëзасиз. Матнни имомнинг ўзи ëзади.

- Ҳа. Мавзу берилади. Ҳамма масжидларда ҳар хил мавзу бўлмасин, бир хил, чиройли бу. Бу яхши масала. Мавзу берилади. Шу мавзу устида имомлар ўзи ишлайди. Қани имомларнинг савияси қанақа экан, қайси имом бу мавзуни қанақа қилиб ëритиб берар экан?

Озодлик: Кейин унинг матни текшириладими?

- Йўқ, текширилмайди. Унақа назорат қилинмайди.

Озодлик: Масалан ҳақ сўзни кимга бўлса ҳам айтиш масаласи, ҳатто шоҳга ҳам айтиш масаласи ëки ўз ҳақини талаб қилиш, ҳаққи учун курашиш масаласи – бунақа мавзулар ҳам бўладими?

- Адолат тўғрисида кўп нарса ҳаммага баробар Қуръоннинг ҳукми, адолати чиройли мавзулар бўлади.

Озодлик: Лекин бу мавзулар ва Қуръон ва ҳадис ўртасида зид бўлган масалалар бўлса-чи, шундай саволлар бўлсачи?

- Шахсан мен тажрибамда унақа масалаларга дуч келганим йўқ. Лекин биз имомлар шунақа иштибоҳли масалаларга дуч келсак, устозларимиз билан маслаҳатлашиб иш қиламиз, дейди Ҳозирда Тошкентдаги “Муҳаммадносир” номли масжид имоми нойиби Қобил қори Одилжон ўғли.

Халқ бугунги имомларига кўниккан

Йиллардан буён диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор халқаро лойиҳаларда иштирок этган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев сўзлари мазмунидан бугун масжидларда имом қўлида ҳукумат белгилаб берган махсус дастурга оид саволлар бўлиши эҳтимоли камлигини тушуниш мумкин.

Абдусалом Эргашевга кўра, ўзбекистонлик мусулмонларда бугун ҳукумат тайинлаб бераётган имомларга кўникма шаклланиб бўлган.

Чунки, диний таълимнинг ҳукумат назоратидан ташқаридаги ҳар қандай кўриниши, ҳатто, бирор китоб дўконидан харид қилинган китобдан мустақил равишда исломни ўрганишдан халқ чўчиб қолган. Ўзбекистонлик мусулмонлар учун диний илм олишнинг ҳукумат белгилаб берган масжиддаги маърузадан бўлак хавфсиз йўли қолмаган, деб ҳисоблайди ҳуқуқ фаоли.

Ҳатто, давлат нашриётида чоп этилган китоблар ҳам баъзан жиноий далил-ашё сифатида олинаётгани боис, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолига кўра, намозхонлар тинчгина рухсат берилган масжид имомининг маърузаларини тинглаш билан чекланмоқда.

- Чунки халқ ўзи диний илмга, элементар исломий маълумотларга жуда чанқоқ. Шунинг учун у қайси оғиздан чиқишидан қатъий назар динга тааллуқли бўлса, исломга, имонга тааллуқли бўлса, бу одамларни бизнинг халқимиз ҳурмат қилади. Биласиз яхши гапнинг гадоси бизнинг халқимиз, дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Аслида кимлар имомликка ўтиши мумкин?

Биз бу саволга жавоб беришини сўраб, Тошкентдаги "Муҳаммадносир" масжиди имоми нойиби Қобил қори Одилжон ўғлига мурожаат қилдик.

Қуйида шу суҳбатни тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG