Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:41

Чегарачилар ўзбекистонлик қозоқни уриб ўлдирди


Ўзбекистонлик қозоқнинг ўзбек чегарачилари томонидан калтаклаб, ўлдирилиши Тошкент ва Остона ўртасида дипломатик мунозарага сабаб бўлди.
Ўзбекистонлик қозоқнинг ўзбек чегарачилари томонидан калтаклаб, ўлдирилиши Тошкент ва Остона ўртасида дипломатик мунозарага сабаб бўлди.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Қозоғистон дипломатик ваколатхонаси ташқи ишлар вазирлигидан ўзбек-қозоқ чегараси яқинида ҳалок бўлган ўзбекистонлик қозоқ билан боғлиқ воқеага ойдинлик киритишни сўради.


Бу ҳужжатда айтилишича, ўзбек чегарачилари ўзбекистонлик этник қозоқни ва Қозоғистон фуқаросини калтаклашган. Улардан бири, Раҳимжон Даметов воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот котиби Жусуф Ўринбаев бу воқеа юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилганини тасдиқлади ва вазирликдан бу нотага жавоб кутишаётганини айтди. Матбуот котиби бу воқеа юзасидан тўлиқ ахборотни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан олишимиз мумкинлигини айтди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Аскар Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда чегара яқинида рўй берган воқеа ҳақида буларни айтди:

- Бу воқеа чегарада эмас, Жиззах вилоятининг Омонкелди қишлоғидаги магазиннинг олдида содир бўлган. Жабрланганлардан бири этник қозоқлардан бўлган 50 ёшли Раҳимжон Даметов. У Омонкелди қишлоғида мактаб директори бўлган. Иккинчиси, Қозоғистон фуқароси. Чегарачилар ва улар ўтасида чиққан жанжал натижасида, бу икки шахс чегарачилар томонидан қаттиқ калтакланган. Раҳимжон Даметов воқеа жойида ҳалок бўлган. Иккинчи, Қозоғистон фуқароси эса оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган,- дейди Аскар Абдураҳмонов.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, Раҳимжон Даметов Қозоғистон учун ўролман, яъни Қозоғистон фуқаролигини олиш учун ариза берган шахс ҳисобланади. Унинг оиласи ҳозир Қозоғистонда яшайди.

Аскар Абдураҳмоновга кўра, бу воқеага оид вазият ҳозир Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг назоратида турибди ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан фожиа тафсилотлари ҳақида жавоб кутмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Эшнор Жабборов Озодлик радиоси билан суҳбатда Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасидан нота олингани ва текширув ўтказилаётганини тасдиқлади.

Озодлик мухбири Фориш тумани ҳокимиятига қўнғироқ қилиб, бу воқеа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилди. Озодлик билан суҳбатлашган ҳоким ёрдамчиси Азимжоннинг айтишича ҳокимиятнинг бундай воқеа рўй берганидан хабари йўқ.
XS
SM
MD
LG