Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:56

Мустафо Жамил номзоди Нобел мукофотига кўрсатилди


Турк дунëсида ном қозонган сиëсий арбоблардан бири Мустафо Жамил.
Турк дунëсида ном қозонган сиëсий арбоблардан бири Мустафо Жамил.

Сталин татарларни Қрим ярим оролидан Ўзбекистонга сургун қилганида уч яшар болакай бўлган Мустафо Жамил совет замонидаëқ ўз халқи сиëсий ҳақлари учун фаол курашчига айланди ва орадан 60 йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам¸ бу курашини давом эттирмоқда.

Украина парламенти - Олий Рада депутати, қрим татар халқининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири Мустафо Жамил Нобел Тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилди. Қрим-татарларнинг биринчи бутунжаҳон қурултойи баробарида Мазлум халқлар ҳимояси жамияти ҳам Мустафо Жамилни бу нуфузли мукофот номзодлигига лойиқ деб топди.

Қримнинг Бозқўй қишлоғида таваллуд топган Мустафо Жамил ўз халқи 1944 йилнинг 18 майида Сталин имзолаган махсус қарори билан Ўзбекистонга сургун қилинганида уч яшар бола эди .

Мустафо оға Симферополдаги сиëсий тадбирда.
Озодлик билан суҳбатда Мустафо Жамил ўз ҳаёти мисолида қрим татарларнинг кечаги ва бугунги кечмишлари ҳақида гапирди.

- Бизни 1944 йилда депортация қилишгандан кейин биз Ўзбекистоннинг нисбатан ўзига тўқ Андижон вилоятига тушдик. Бу ерда очарчилик унчалик сезилгани йўқ. Шунинг ҳисобига оиламиз эсон-омон чиқди, очарчиликдан. Биз Андижонда доимий назорат остида эдик. Ҳатто урушга кетган 20 мингга яқин қрим татар эркаклари ортга қайтарилиб, фронт орти ишларига жўнатилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилариининг тахминларига кўра, уруш йилларида Қримдан 450 мингга яқин одам Марказий Осиё мамлакатларига сургун қилинган. Айни пайтда, расмий маълумотларда 287 минг киши ҳақида сўз боради.

“Режим бироз енгиллаштирилгандан кейин биз Мирзачўл, ҳозирги Гулистонга кўчиб ўтдик”, деб эслайди Мустафо Жамил оға.

1959 йилда мактабни битирган Мустафо Жамил Тошкентдаги Марказий Осиё давлат университетининг Шарқшунослик факултетига ҳужжат топширган, лекин қримлик татар бўлгани боис¸ КГБнинг норасмий йўриқномасига биноан ўқишга қабул қилинмаган ва бир мунча вақт Тошкент авиация заводида оддий ишчи бўлиб ишлаган.

Мустафо Жамил таниқли АҚШ сиëсатшуноси Збигнев Бзежинский билан.
- Лекин мени у ердан ҳам ишдан қувиб чиқаришди. Маълум бўлишича, Тошкент Авиация заводи ҳарбий ташкилот экан. Боз устига¸ биз у ерда қрим татар ёшларининг махфий иттифоқини тузганмиз. Бу иттифоқ давлатга қарши ёки тузумга қарши тузилган эмас эди, биз ҳатто ўз рамзимизда Совет Иттифоқи Конституциясини тасвирламоқчи ҳам эдик. Ташкилот тарқатиб юборилганда мени 18 ёшга ҳам кирмаган эдим, шу сабабли мени қамоққа тиқишмади, лекин КГБнинг назорати остига тушдим, - дейди Жамил.

Шу тариқа, совет тузуми томонидан “шубҳалилар” қаторига киритилган Мустафо Жамил 1961 йилда Тошкентдаги Ирригация университетига ўқишга киради, лекин 4 курсда қрим-татарларнинг тарихига оид кичик қўлёзма тарқатгани учун миллатчиликда айбланиб ўқишдан ҳайдалади.

- Мен талабалар орасида советларга қарши ташвиқот олиб борганлик ва “коммунистик ҳукуматимизнинг доно қарорларини нотўғри талқин этганликда” айбланиб ўқишдан ҳайдалдим. Шундан кейин улар мени армияга жўнатмоқчи бўлди. Мен у ерда йўқ бўлиб кетишим аниқ бўлганлиги учун “Менинг хизмат қиладиган Ватаним йўқ!”, деб бош тортдим. “Армияда хизмат қилишдан бош тортди” баҳонасида мени 1,5 йилга қамашди. Шу даврдан бошлаб умримнинг тахминан 15 йили қамоқларда ўтди,- дейди 68 ёшли собиқ диссидент Мустафо Жамил.

60-йиллар ўрталарида Мустафо Жамил Москвадаги энди таркиб топиб бораётган ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари билан алоқа ўрнатади.

Мустафо оға Анқарада эъзозли меҳмон.
Қрим татар халқининг ҳуқуқлари поймол қилинишига қарши қилган чиқишлари билан ном қозонган Мустафо Жамил ҳатто суд жараёнида қрим татарлар муаммосини кўтариб чиқди. 1974 йилда учинчи маротаба ҳибсга олинган ва судланган Жамилга қамоқ муддати тугашидан 3 кун oлдин яна муддат қўшиб берилaди. Бунга жавобан у очлик эълон қилaди. 303 кун у қамоқхонада зонд орқали мажбуран овқатлантирилади.

Айнан шу даврда Мутафо Жамил номи Совет Иттифоқи ташқарисида ҳам тилга тушади. Унинг ҳимоясига ўша давр диссидентлари орасида машҳур бўлган академик Дмитрий Сахаров отланади.

- Сахаров менинг Тошкентдаги ва Омскдаги суд маҳкамаларимга келган. У оддий кузатувчи сифатида келган. Лекин менинг судларим ёпиқ бўлганлиги сабабли Сахаровни ичкарига қўйишмаган. Сахаровнинг ўзи ҳам доимий назоратда бўлганлиги билан, СССРда унинг обрўси жуда баланд эди, ундан қўрқишарди. Омскдаги суддан мени олиб чиқиб кетишаётганда “Фашистлар, фашистлар! Мустафо, биз сен билан!”, деб бақиргани эсимда, - дейди қрим-татарлари миллий раҳнамоси.

Кўплаб ташкилотлар томонидан Нобел мукофотига номзод этиб кўрсатилган Мустафо Жамил Қочқинлар масалалари бўйича БМТ Олий комиссарлиги таъсис қилган нуфузли “Нансен" мукофоти соҳиби ҳамдир. Жамил оғани Нобел Тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатган энг сўнгги ташкилот Мазлум халқлар ҳимояси жамиятидир.

Мустафо Жамил халқаро майдондаги қатор нуфузли мукофот ва совринлар соҳиби.
- Номзодим турли ташкилотлар томонидан бир неча йилдан буён кўрсатилмоқда. Хусусан, маркази Гаагада жойлашган БМТдаги Кичик халқлар жамияти ҳам айни таклиф билан чиққан эди. 2009 йилда Полшадаги ҳамюртларимиз ташаббуси билан Бутунжаҳон қрим татарлар конгресси бу таклифни қўллаб қувватлади. Кейин унга Украинадаги “РУХ” партияси қўшилди... Бундай эътибор менинг шахсим эмас, қрим татар халқи ва биз каби мазлум кичик халқлар муаммоларига эътибор сифатида талқин этилиши керак, - дейди Мустафо Жамил.

Мустафо Жамилга кўра¸ совет тузуми қулаганидан кейин 280 мингдан зиëд миллатдошлари ўз тарихий ватанига қайтган ва уларнинг 100 мингдан кўпи Ўзбекистондан бошпана топган қрим-татарлардир. Суҳбат давомида Мустафо оға ўз миллатининг олий тузилмаси – Қрим татар халқининг Мажлиси ҳақида гапириб , бу вакиллик органи ҳозир ҳам Қримдан ташқарида яшаётган юртдошлари билан доимий алоқадалиги ва ҳар бир минтақада ўз вакилига эга эканини айтди.

Ўз халқи сиëсий ҳуқуқлари учун курашни ҳозир ҳам давом эттираëтган Мустафо Жамил қрим-татарлари олдида турган бирламчи вазифаларни санаб ўтди.

- Биз ҳозир ҳам Қримга қайтиб келиш истагида юрганларни қайтариш, уларни жойлаштириш муаммолари билан шуғулланаяпмиз. Депортация олдидан Қримда 400га яқин татар мактаблари бўлган бўлса, бугунги Украина ҳукумати рухсати билан биз бор-йўғи 15 мактаб очдик, холос. Шунинг учун бугунги энг долзарб масала - қрим татар тилида маориф ўчоқларини кўпайтириш. Яқинда биз Туркия бош вазири жаноб Эрдўғон билан келишувга биноан қрим татарларини уй-жой билан таъминлаш дастурини ҳам ишга туширамиз, - дейди Мустафо Жамил.

Озодлик билан суҳбат давомида Қрим татарлари миллий мажлиси раиси Қирғизистонда бўлган миллий низога ҳам тўхталиб¸ ўзбек ва қирғиз халқлари орасида юзага чиққан қирғинни 90-йиллардаги Фарғона воқеалари билан солиштирди.

- Афсуски, бу икки ҳодисага советлардан қолган фикрлаш тарзи сақланиб қолганлиги сабаб бўлди. Лекин Фарғона воқеаларида 100 фоиз КГБ провокацияси кузатилган бўлса, Қирғизистон воқеаларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолар юзага қалқиб чиқди. Ҳозирги вазиятда қасос ёки ким айбдор эканлиги ҳақида эмас, балки тинч-тотув ҳаётни тиклаш ҳақида сўз юритиш керак. Биз бугун Исмоил Ғаспиралининг турк халқлари бирлашиши борасидаги ўгитларини унутган ўхшаймиз,- дейди Мустафо Жамил.

Мустафо оға¸ ўзбек халқи учун ҳам тараққиëт йўлини демократияда деб билишини айтади.
Мустафо Жамил суҳбат охирида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатдошлари ва ўзбек биродарларига ўз хоҳиш-истакларини билдирди.

- Ўзбекистон улкан заҳираларга эга ажойиб мамлакат. У ерда юксак маърифатли инсонлар жуда кўп. Афсуски, бугунги кунда у ерда демократия даражаси жуда ачинарли ҳолатда. Ишонаманки, Ўзбекистон демократия йўлидан оғишмасдан илгарилаб боради. Ўз юртдошларимга эса улар ўз юртларида, ўзбек биродарлари билан ёнма-ён туриб жамиятнинг демократиялаштириш томон оғишмасдан боришларига тилакдошман, - деди Украина парламенти депутати, Қрим татар халқи Миллий Мажлиси раиси Мустафо Жамил Озодлик билан суҳбатда.

Ўзига Қримўғли тахаллусини олган Мустафо Жамил Қрим ярим оролида қрим татар миллий-ҳудудий амухториятини қайта тиклаш таклифи билан Украина парламентига мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG