Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:16

Ўзбек мардикорлари ўз ролларини ўзлари ўйнади


Филмдан парча.
Филмдан парча.

Россиядаги "Vremena Productions" киностудияси Москвадаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳаёти ҳақида "Лимонарий" номли қисқа метражли филмни суратга олди. Филмда Россияга мардикорликка келиб алданиб қолганлар ролини профессионал актëрлар эмас¸ балки ўзбек мардикорларининг ўзлари ўйнади.

Филм ўз ватандошларини "кидат" қилувчи айёр ўзбекистонлик гастарбайтер ва унинг тузоғига тушган меҳнат муҳожирлари ҳақидадир.

- Катта шаҳарда ёлғиз қолган, ватанидан, оиласидан узоққа кетиб тирикчилик қилишга мажбур бўлган одам ҳақида бу филм.

Муҳожирлар орасида яхши даромад қиламан деб ўз ватандошларини алдаб, пулини шилиш билан шуғулланадиган бир одам бор. Лекин умид - вазиятни яхши томонга ўзгартиришга умид ҳар доим бор, филмнинг асосий ғояси шу, - дейди филм режиссёри Василий Фемин.

Филмда фақат бош ролни профессионал актёр Жавоҳир Зокиров ўйнаган, қолган роллар Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўзлари тарафидан ижро этилган.

- Москвада яшаб қурилишларда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини филмда ўйнашга таклиф этдик. Ўзбек меҳнат муҳожирлари ўз ролларини ўзлари ўйнашди.

Улар Ўзбекистоннинг Фарғона водийси ва Хоразм вилоятидан Москвага келган оддий меҳнат муҳожирларидир, - дейди Фемин.

Филм ижодкорлари унинг¸ асосан¸ ўзбек томошабини учун суратга олинганини айтмоқда. Лекин асарнинг Ўзбекистонда намойиш этилиши савол остида.

- Биз филмни Тошкентда қўйишни режалаган эдик. Ҳозирча бу ҳақда биро нарса дейиш қийин. Ўйлайманки, Ўзбекистонда нимани қўйиш мумкин, нимани эса қўйиш мумкин эмас деган сиёсат йўқ. Лекин қўйиладими, йўқми билмаймиз, - дейди Фемин.

Филмни кўришни хоҳлаётганлар уни яқин вақтда Интернетда томоша қилишлари мумкин бўлади. "Кейинчалик филмни Интернетга жойлаштирамиз", - дейди филм режиссёри Фемин.

Хабарларга қараганда¸ кинофилм Словения пойтахти Люблянадаги филм фестивалида ҳам қўйиладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG