Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:53

Москвада ноқонуний мигрантларга қарши рейдлар бормоқда


Айни кунларда Москвада ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича рейдлар бормоқда.
Айни кунларда Москвада ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича рейдлар бормоқда.

Москва мэри Сергей Собянин пойтахтдаги барча мигрантларни нафақат қайдга олиш, балки улар ижтимоий ҳимоясини ҳам таъминлаш зарурлиги ҳақида гапирганидан сўнг¸ шаҳардаги ташландиқ уй ва биноларда ноқонуний яшаётган муҳожирларни аниқлаш бўйича рейдлар бошланди.

Москва ҳокими Сергей Собянин Россия пойтахтида миграция соҳасида тартиб ўрнатишга киришди. Мэр буйруғи билан шаҳарда барча мигрантларни қайддан ўтказиш амалиёти бошланди. Бунинг учун ҳуқуқ тартибот ва Федерал миграция органлари шаҳардаги барча ташландиқ бино, уй ва хўжалик иншоотларида махсус рейдлар ўтказмоқда.

Ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича амалиёт ташаббускори “Эхо Москвы”га берган интервьюсида Россия, хусусан Москвада ноқонуний муҳожирлар сонининг кўпайиб боришига ҳукумат қабул қилган популистик қарорлар сабаб бўлди, дея баëнот берди.

- Биз камида қаерда, қанча ва қандай мигрантлар яшаётганини аниқлаб олишимиз керак. Менга уларни мутлақо шаҳарга киритишни тақиқлаш, квоталарни янада камайтириш каби таклифлар берилаяпти. Бу муаммо эмас! Биз Москвага квотани 10 киши қилиб белгилаб беришимиз мумкин. Нима натижа беради бу? Москвада ярим миллион ноқонуний муҳожир пайдо бўлади, холос. Иқтисод, бизнес учун ишчи кучи етишмаётган пайтда уларга талаб ошиб бораверади. Троллейбус, трамвайлар тўхтайди, шаҳарни ким тозалайди? деди жумладан Москва мэри Собянин.

2 март куни ҳукмрон “Единая Россия” партиясининг Москва бўлими раҳбари этиб сайланган Сергей Собянинга кўра, квоталарни камайтириш бўйича Лужков ҳокимияти қабул қилган популистик қарорлар юз минглаб ноқонуний муҳожир пайдо бўлишига олиб келган. Шунингдек, пайшанба куни қилган чиқишларидан бирида Собянин ўтказилаётган рейдлар давомида муҳожирларни нафақат қайдга олиш, балки уларни тиббий суғурталаш масаласини ҳам кўтарди. “Қаровсиз ётган бинолар жиноятчилик ва антисанитария ўчоқларига айланмоқда”, деди жумладан Сергей Собянин.

- Сўнгги ой давомида биз жуда кўп бундай иншоотларни тозалаб чиқдик. Лекин бир марталик амалиёт билан бу муаммони ҳал этиш мумкин эмас. Энг асосийси¸ уларнинг қанча эканини аниқлаш. Биз аниқ рақамларни ҳатто билмаймиз ҳам. Тахминларимизга кўра¸ Москвада 500 мингдан 1,5 миллионгача ноқонуний меҳнат муҳожири мавжуд, деди Сергей Собянин.

Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, Москвада ноқонуний миграция авж олаётганига маҳаллийлар ва муҳожирларга тўланаётган маошдаги фарқ сабаб ҳам бўлмоқда. Шаҳар ҳукумати йиғилишида Собянин чет эл фуқароларига берилаётган ноқонуний маош тўлаш тизими туфайли шаҳар бюджети миллиардлаб солиқ тушумидан маҳрум бўлаëтганини таъкидлади.

"Устига устак, миллионлаб тиббий суғурта полисларига эга бўлмаган меҳнат муҳожирлари Москва поликлиника ва касалхоналарига ҳам оғир юк бўлмоқда"¸ деган Собянин мигрантларнинг ижтимоий ҳамояси, уларнинг рисоладагидай уй-жой билан таъминланиши масалалари билан бевосита иш берувчилар шуғулланиши зарурлигини алоҳида урғулади.

Айни пайтда, Москвада меҳнат қилгани келган муҳожирлар масалалари билан шуғулланувчи пунктлар ва консультация марказлари сони ошиб бормоқда.

Москва ва Петербургда ўз филиалларига эга Миграция қонунчилиги бўйича ахборот-маслаҳат марказининг ўзини Алексей деб таништирган ходими¸ чет эл фуқаролари миграция қонунчилиги масалалари юзасидан ўз марказига бемалол мурожаат этишлари мумкинлигини таъкидлайди. У расмий рухсатга эга бўлган меҳнат муҳожирининг россиялик фуқаролар билан қарийб айни ҳуқуқларга эгалигини айтади.

- Бундай ҳолатда чет эл фуқароси ҳуқуқ-тартибот органлари, меҳнат инспекцияси, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Агарда унинг ҳужжатлари жойида бўлмаса¸ албатта¸ иш берувчи унинг ҳуқуқсизлигини яхши билади ва имкон топса¸ унинг ҳақини бермасликка ҳаракат қилади. Бу иш берувчининг виждонига боғлиқ бўлиб қолади. Шу сабабли Москва мэрияси муҳожирларни қайдга олишга уринмоқда, дейди марказ юристи Алексей.

Аниқланишича, Россия пойтахтининг янги миграция сиёсатига шаҳар бюджетидан 12,4 миллиард рубл миқдорида маблағ ажратилиши режаланган.

Алексей меҳнат муҳожирлари ўз саволлари билан Санкт-Петербург Миграция қонунчилиги бўйича ахборот-маслаҳат марказига қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди: 8-800-333-00-16.

Шунингдек, муҳожирлар Москва шаҳар Меҳнат департаментининг қуйидаги рақамларига сим қоқиб¸ ахборот олишлари мумкин: 8-800-555-26-00, 8-800-555-27-00.

Олинган хабарларга кўра, 2011 йилнинг 1 мартида Москванинг “Автозаводская” метро бекати ёнида жойлашган Миграция хизмати қошида биринчи мигрантларни қабул қилиш ва иш билан таъминлаш пункти ишга тушди.

Расмийларга кўра, бу пунктда якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи муҳожирлар қабул қилинади. Шунингдек, бу ерда шаҳарда ноқонуний меҳнат қилаётган мигрантларни тиббий суғурталаш ва легаллаштириш масалалари ҳам кўрилади.
XS
SM
MD
LG