Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 11:02

"Путин дачаси" кимга тегишли?


"Путин саройи"ни итальян архитекторлари лойиҳаси бўйича қурилаётгани айтилади.
"Путин саройи"ни итальян архитекторлари лойиҳаси бўйича қурилаётгани айтилади.

Россияда “Путин саройи” номини олган Қора денгиз бўйида қурилаётган ҳашаматли дам олиш комлекси билан боғлиқ шов-шув давом этмоқда. Қурилиши учун 1 миллиард АҚШ доллари сарфлангани айтилаётган саройни куни кеча бизнесмен Александр Пономаренко 350 миллион АҚШ долларга сотиб олгани хабар қилинди.


“Путин саройи”нинг қурилиши Қора денгиз соҳилидаги Геленжик курортидаги Прасковеевка қишлоғида 2005 йилда бошлангани айтилмоқда. Қўриқхона ичида 74 гектар келадиган ерда қурилаётган саройда казино, қишки ва ёзги амфитеатр, кичик черков, бассейнлар, спорт иншоотлари, вертолет майдончаси ва бошқа инфратузилмаларни ўз ичига олиши ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Маълум бўлишича, “Путин саройи”ни қураётган ширкат унга яқин ҳудудда узумзор ва юқори навли вино ишлаб чиқариш корхонасини ҳам барпо этган.

Нархи 1 АҚШ миллиард доллар турадиган бу “дала ҳовлиси” атрофида оммавий ахборот воситаларида кўтарилган жанжал туфайли Владимир Путиннинг петербурглик дўстлари билан ҳамкорлик қиладиган тадбиркор Александр Пономаренко иншоотни 350 миллион АҚШ долларига сотиб олгани айтилмоқда. Пономаренконинг ўзи “Коммерсантъ” газетасига берган интервьюсида саройни сотиб олганини тасдиқлаб, буни шов-шувдан фойдаланиб уни арзон нархда сотиб олиш имкони туғилгани билан изоҳлади.

- Агарда сиз жанжалдан қўрқмасангиз, яхши даромад қилишингиз мумкин, дея мақтанди Александр Пономарёв.

Геленжикдаги “Путин дача”си ҳақидаги маълумотлар дастлаб 2010 йилнинг охирларида, Путинга яқин доираларга алоқаси бўлган ва Россияни тарк этган тадбиркор Сергей Колесниковнинг “The Washington Post”да чоп этилган президент Медведевга йўллаган очиқ хатида келтирилган эди.

"Путин саройи"нинг ички ҳовлиси.
Озодлик билан суҳбатда Сергей Колесников Путиннинг саройга бевосита алоқаси бўлмаса-да, қурилиш юқори давлат тузилмалари томонидан назорат қилиб борилаётгани ҳақида исбот-далиллар борлигини таъкидлади. Колесников арзонга сотилганига қарамасдан Владимир Путин саройнинг ҳақиқий эгаси бўлиб қолишига шубҳа қилмайди.

- Нима учун мен Медведевга сарой ҳақида ёздим? Чунки сарой конкрет ва ҳақиқий иншоот, у мавҳум молиявий лойиҳалардаги улушлар эмас. Уни ўз кўзингиз билан бориб кўришингиз мумкин. Қизиғи, саройни Пономаренко эмас, қандайдир Кипр ширкати сотиб олган. Яъни саройни чет-элга сотиш билан уни Россия қонунчилиги доирасида чиқариб юборишга уринишмоқда, изларини йўқотишмоқда,- дейди Сергей Колесников.

Унинг сўзларига кўра, саройнинг олдинги эгаси Николай Шамалов ва ҳозиргиси – Пономаренколар бош вазирга яқин доираларга алоқадордир.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳукумат раҳбарининг Геленжикдаги саройга мутлақо алоқаси йўқлигини баён қилди.

Айни пайтда, рус журналистлари сарой қурилишига тегишли хужжатларга Президент ишлари бўйича бошқарма раҳбари Владимир Кожин имзо қўйганини аниқлагиани маълум.

Колесниковнинг “Путин саройи” ҳақида Медведевга очиқ хат йўллашидан кўп ўтмай WikiLeaks сайтининг русча аналоги RuLeaks.net вэб саҳифасида Геленжикдаги саройининг фотосуратлари чоп этилди. Россия бош вазирига тегишли экани айтилаётган ва қиролларга хос дабдабалик билан қурилган резинденцияси фотосуратларини чоп этган сайт иики кун давомида хакерлар ҳужумига учраб вақтинча ишдан ҳам чиқарилди.

Саройи қурилишига Путиннинг шахси боғлангани бу мавзуга нафақат Россия, балки кўплаб хорижий оммавий ахборот воситаларининг қизиқишини ўзига тортди. Журналистлар олиб борган тергов натижасида Геленжик атрофидаги ноёб дарахтлар ўсаётган ва шу боис қўриқхонага айлантирилган ҳудудда Рус черкови патриархи Кириллга, Краснодар ўлкаси губернатори Ткачевга тегишли ҳашаматли “дала ҳовлилар” қурилаётгани ҳам аниқланди.

“Коммерсантъ-Деньги” газетасининг бош муҳаррири Сергей Яковлев “Путин дачаси” ҳақида материалларнинг чоп этилиши туфайли оммавий ахборот воситаларида бошланган шов-шув Путиннинг обрўсига жиддий путур етказиши мумкинлигини айтади. “Етти девор ортидаги сир“ сарлавҳаси остида газетада чоп этилган мақолада Россия президенти ва бош вазирининг мамлакат бўйлаб расман йигирма олтита қароргоҳи борлиги қайд этилади. Сергей Яковлев бу маълумотлар очиқ манбаълардан олинганига қарамасдан, Россия Президенти ишлари бўйича бошқарма бу маълумотлар давлат сири бўлгани важида очиқламаганини айтиб келмоқда.

- Бу объектлар ҳақида вақти-вақти билан федерал телеканалларда репортажлар бериб борилади, бу сир ҳам эмас аслида. Лекин 1995 йилда қабул қилинган қонунга кўра, рўйхатда келтирилган президент ёки премьерга тегишли иншоотлар ҳақида маълумот бериш жиноий жавобгарликка олиб келади. Энг даҳшатлиси, давлат ҳисобига ноқонуний қурилишлар кетаётгани ҳақида маълумотлар бирин-кетин чоп этилаётганига қарамасдан на президент, на Бош прокуратурадан муносабат билдирилганича йўқ. Президент жим ўтирибдими, прокуратура ҳам индамайди, деди “Коммерсантъ-Деньги” газетасининг бош муҳаррири Сергей Яковлев.

Маълумотларга кўра, Геленжикда қурилаётган сарой кимга тегишли экани “етти девор ортидаги” сирлигича қолаётганига ва комплекснинг ҳақиқий эгалари “изларни йўқотишга” уринаётганига қарамасдан, унинг қурилиши ҳукуматнинг махсус иншоотларини қуриш лойиҳалари билан шуғулланадиган махфий “Спецстрой России” томонидан олиб борилмоқда. Уни қўриқлаш эса Федерал қўриқлаш хизмати (ФСО) зиммасига юклатилган.
XS
SM
MD
LG