Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:29

Ўшда қирғиз йигити билан ўзбек қизи оила қурди


Ўш вилоятининг Қорасув туманида яқинда турмуш қурган ўзбек қизи ва қирғиз йигити миллатлараро муносабатларни яхшилашга қўшган ҳиссаси учун маҳаллий ҳокимият томонидан 100 минг қирғиз сўми миқдоридаги мукофот билан тақдирланди.

10 март куни Ўш вилояти Қорасув туманида истиқомат қилувчи ўзбек қизи Зилола ва қирғиз йигити Арстан оила қуришди:

- Ота-оналар бир-биримизни таниймиз, бир туғишгандек бўлиб қолганмиз. Шу сабабли боламга “майли, болам, қирғиз-ўзбекка уйлан, деб ажратмаймиз”, дедим, - дейди куёвнинг онаси Сабира Ақилбоева.

- Бизда қирғиз-ўзбек деган нарса йўқ. Ҳаммамиз бир оиламиз, бир юртмиз. Қизимиз билан ўғлимиз бир-бирини яхши кўришибди, бахтли бўлишсин, - дейди келиннинг онаси Хадича Жамолдинова.

Шу йилнинг март ойи бошида Қорасув туман Сарой қишлоқ ҳукумати раҳбарияти туманда ўзбек ва қирғиз миллатидан иборат бўлган ёшлар оила қурса, улар миллатлараро муносабатларни яхшилашга қўшган ҳиссаси учун мукофотланишини эълон қилганди.

Ваъдага биноан Зилола ва Арстан илк мукофот соҳиблари бўлишди ва тўй куни маҳаллий расмийлар томонидан миллатлараро муносабатларни яхшилашга қўшган ҳиссаси учун 100 минг қирғиз сўми (тақрибан 2100 АҚШ доллари) миқдорида пул мукофоти олишди:

- Қишлоқ ҳукуматимизда 18 минг одам бор. 18 минг халқ орасида элликка яқин турли миллат вакиллари яшайди. Бўлиб ўтган мудҳиш воқеадан кейин мен: “Ким қирғиз қизига уйланса ёки бошқа миллат вакилини олса, илк турмуш йўлида ёрдам сифатида 100 минг сўмдан пул бериш” ташаббусини кўтардим, - деди Қорасув тумани Сарой қишлоқ ҳукумати ҳокими Аким Батир.

11 фарзанднинг онаси бўлган Арстаннинг онаси илк бор бошқа миллат вакиллари билан қуда-анда тутинди. Сабира Ақилбоева тўй икки томон келишувига асосан, икки миллат урф-одатларига амал қилинган тарзда ўтказилганини айтади.

- Қирғизча ўзимнинг урф-одатларимни қилаяпман. Буларда чимилдиқ ёйилар экан, кечаси келиб, ёйиб кетишди, - деди Сабира хола.

Айтиш жоизки, қирғиз-ўзбек миллати орасидаги никоҳ Ўш аҳолиси учун янгилик эмас. Лекин 2010 йил июнида бўлиб ўтган миллатлараро тўқнашувдан сўнг бундай ҳоллар кўпчиликнинг қўлловига эга бўлмоқда.

Қорасувлик куёв Арстаннинг дўстларидан бири эса бундай ҳолатлар ёшларга ўрнак бўлишини айтади:

- Бундан кейин икки миллат бир-бирига аралашиб, “сен ўзбексан”, “сен қирғизсан” ёки “ўриссан” ёки “тожиксан” демайди-да. Яхши бўлади. Мен бунга ижобий қарайман, - деди Ислом.
XS
SM
MD
LG