Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:26

Азимжон Асқаров: Ҳақиқатни гапирганим учун қамоқда ўтирибман


Азимжон Асқаров Қирғизистон ҳукумати томонидан бир умрлик қамоққа ҳукм қилганидан кейин инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қатор мукофотларга сазовор бўлди.
Азимжон Асқаров Қирғизистон ҳукумати томонидан бир умрлик қамоққа ҳукм қилганидан кейин инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қатор мукофотларга сазовор бўлди.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли, июн воқеаларидан кейин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров қамоқдан туриб Озодликка интервью берди. Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг ғоя қурбони бўлгани ва тергов давомида қаттиқ қийноққа солинганини айтди.

“Қийноқлар соғлиғимни ёмонлаштирди”

Ўтган йилнинг июн ойида Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида содир этилган тартибсизликларга раҳбарлик қилганликда айбланаётган Азимжон Асқаров тергов давомида ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилганнни яна бир бор тасдиқлади.

Унинг айтишича, калтаклашлардан сўнг орадан 10 ой ўтган бўлса-да, унинг соғлиғи қайта тикланмаган ва айни пайтда у малакали тиббий хизматга муҳтож.

- Мени тергов жараёнида қаттиқ қалтаклашган. Ҳозиргача чап томонидаги суякларим зирқираб оғрийди. Дўстларим дори-дармон билан керагидан ортиқ даражада таъминлаб туришибди. Мени калтаклашганидан 10 ой ўтган бўлса ҳам тузалганим йўқ. Малакали шифокор кўригидан ўтишга муҳтожман, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда Азимжон Асқаров Бишкек қамоқхонасидаги вазият ва ўзига нисбатан муносабат Жалолободдаги қамоқхонага нисбатан бир неча баробарга яхши эканини, бу ерда унга ҳайвонга эмас, одамга ўхшаб муомала қилишаётганини ҳам айтиб ўтди.

- Жанубдаги қамоқхонага солиштирганимизда бу ердаги қамоқхонада 360 градусга эмас, минг градусга ўзгариш бор. Бишкек қамоқхонасига кўчиришганидан кейин уч кун ичда бир камерани евроремонт қилишиб, мени ўша камерага ўтказишди. Ҳар куни қамоқхона маъмурлари саломатлигимдан хабар олиб туришибди. Ҳар ҳолда, одамга ўхшаб муомала қилишади, - деди Азимжон Асқаров.

Асқаров қамоқхонада араб тилини ўрганаяпти

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўз бошига тушган мусибатларга қарамай, қамоқда ҳам ўқиш ва изланишда давом этаётган экан. У қамоқхонада бир қатор буюк ёзувчилар асарларини, ҳуқуқ ҳимояси, дин ва илм-фанга оид бир қатор китобларни мутолаа қилибди. Шунингдек, Асқаров қамоқхонада мустақил равишда араб тилини ҳам ўргана бошлабди. Унинг айтишича, ҳозирда араб тилидан мукаммал таржима қила олмаса ҳам, ўқиш ва ёзишни ўрганган.

Азимжон Асқаров ўзига Фалокатдаги одамлар халқаро ноҳукумат ташкилотининг Homo Homini мукофоти берилгани ва виждон тутқуни сифатида эътироф этилгани тўғрисидаги хабарни қамоқхонада ўтириб, радиодан эшитди. Асқаров бунга Қирғизистонда фуқаровий жамиятнинг кучли экани сабаб бўлганини ва айнан нодавлат ташкилотлари халқаро миқёсда унинг айбдор эмаслигини исботлаб беришганини айтиб, барча ҳуқуқ ҳимоячиларига миннатдорчилик билдирди.

- Қирғизистонда фуқаролик жамияти кучли эканига яна бир карра амин бўлдим. Нодавлат ташкилотлари халқаро миқёсда менинг айбдор эмаслигимни исботлаб беришди. Халқаро ҳамжамият эса менинг меҳнатимни юқори баҳолади. Мен бунинг учун ҳаммага раҳмат айтаман, - деди ҳуқуқ фаоли.

Азимжон Асқаров қамоқдан чиқишига, ўзининг оқланишига ишонишини айтди. У қамоқдан чиққач ҳам одамлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш фаолиятидан чекинмоқчи эмас.

- Мен қамоқхонада ўтириб, кўп радио эшитдим. Мен радионинг кучи ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман ва қамоқхонада радио энг қудратли оммавий ахборот воситаларидан бири эканига амин бўлдим. Мен қамоқдан чиққач, ҳуқуқий радио очмоқчиман. Бу радио одамларга ўз ҳуқуқларини ўргатади, ҳуқуқ ҳимоясига оид янгиликларни мунтазам тарзда бериб боради. Радио орқали одамларнинг ҳуқуқий саводини ошириш мумкин экан, - деди Азимжон Асқаров.

“Июн воқеалари ҳақида мен расмийларни огоҳлантирганман”

Азимжон Асқаров 2010 йил июнида Жалолобод вилоят Бозорқўрғон туманида содир этилган тартибсизликларга ва милиция ходимини ўлдиришга раҳбарлик қилганликда айбланиб қамоққа олинган эди.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли ўзига нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини, бунга унинг милиция ва прокуратура ходимларинингг ноқонуний ҳаракатларига қарши мунтазам тарзда курашиб келгани сабаб бўлганини айтади.

Асқаровнинг айтишича, у Бозорқўрғонда тартибсизликлар бўлиши эҳтимоли ҳақида бир неча кун олдин хабар топган.

- Бозорқўрғон трассаси бор. Мана шу трассада бир нечта кафе бор. Тартибсизликлардан уч-тўрт кун олдин мана шу кафеларга бошқа туман ва вилоятлардан давлат рақами йўқ бўлган машиналарда одамлар келиб, йиғилишлар ўтказишган. Бу ҳақда одамларда тўлиқ маълумот бўлган. Менга ҳам бозорчи аёллар келиб, қирғиз савдогарлари бизга “эҳтиёт бўлинглар, ёмон одамлар ёмон ишларга тайёргарлик кўришаяпти”, деб огоҳлантиришганини айтишган, - деди Азимжон Асқаров.

Сўнгра ҳуқуқ ҳимоячиси туман ҳокимини бу ҳақда огоҳлантирганини билдирди:

- Шундан сўнг туман ҳокими Ортиқов қабулига кирдик. Мен билан бир юрист бола ҳам бор эди. У бу ишларга гувоҳ. Мен ҳокимга бўлган гапларни айтим. У маҳаллий СНБ ва милиция бошлиғини чақиртирди. Мен уларга ҳам маълумотларни бердим. Шундан сўнг ҳоким: “Сизлар чиқаверинглар, бу ёғини ўзимиз ҳал қиламиз”, деди, - дейди АзимжонАсқаров.

Ҳуқуқ фаолига кўра, у Ўш, Жалолобод ва Бозорқўрғонда қирғин бўлиши ҳақида гаплар борлигидан Муваққат ҳукумат аъзоси Исмаил Исақовни ҳам огоҳлантирган. Аммо Исмаил Исақов бу маълумот асосида чора кўрмаган.

- 21 май куни Исмаил Исақовга ҳуқуқ ҳимоячилари Азиза Абдурасулова ва Алима Шариповаларнинг олдида “Ўшда, кейин Жалолободда, ундан кейин эса Бозорқўрғонда қуролли тўқнашув бўлар экан, деган маълумотлар бор”, деб билдирганман. Исмаил Исақов: “Агар қўшимча маълумотлар бўлса, бизга билдиринг” деб, мен берган маълумотларга қизиқиб ҳам қўйгани йўқ. Ҳолбуки, у ҳукумат аъзоси сифатида Бозорқўрғон марказига номаълум одамлар қурол ташиётгани ҳақидаги маълумотни олгач, ўша куниёқ буни текшириши, бу иш билан шуғулланиши лозим эди, - дейди Азимжон Асқаров.

Бишкеклик бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Азимжон Асқаров қирғин ҳақида ҳукумат расмийларини огоҳлантирганига гувоҳ бўлганларини ва шунинг учун ҳам Асқаров Бозорқўрғондаги тартибсизликларга раҳбарлик қилганига ишонмасликларини билдирганлар. Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун эса Асқаровга нисбатан очилган жиноят ишини “сиёсий буюртма” сифатида баҳолаган.

Айни пайтда Азимжон Асқаров иши юзасидан ўтказилган суд жараёнларига ҳукумат расмийлари гувоҳ сифатида чақиртирилмади.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, иккинчи инстанция судида иштирок этган Бозорқўрғон туман миллий хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи Азимжон Асқаров ҳақиқатан ҳам уларни огоҳлантирганини айтган, бироқ суд бу маълумотни эътиборга олмаган.

Шу кунларда эса Азимжон Асқаров иши Олий Судда кўрилиши лозим эди. Аммо Олий суд коллегияси иккинчи йиғинида мазкур ишини кўриб чиқишни номаълум муддатга қолдирган.
XS
SM
MD
LG