Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:11

Ўтунбаева ўшликлардан узр сўради


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 21-22 март кунлари мамлакат жанубига қилган сафари чоғида муваққат ҳукумат 2010 йил июн ойидаги воқеаларнинг олдини ола билмагани учун ўшликлардан узр сўради.

Бундан ташқари, президент бундан буён Ўшда ноҳақ қамашлар ва адолатсиз судловга йўл қўйилмаслиги ҳақида ҳам ваъда берди. Бу ҳақда Ўш ўзбек миллий маданий маркази президенти Рашид Хўжаев Озодлик мухбири билан бўлган суҳбати чоғида сўзлаб берди.

Озодлик: Президент Ўтунбаева 2 кундан бери Ўш шаҳрида юрибди. У оддий аҳоли вакиллари билан ҳам учрашаяптими?

Рашид Хўжаев: Роза Ўтунбаева сафарини Қорасув районидан бошлади. У ерда Ўтунбаева халқ билан учрашиб, одамларни Наврўз билан табриклади. Шундан кейин у Ўшга келди. Биз уни ҳокимиятнинг йиғинлар залида кутаётган эдик. Аммо президент Қорасувдан кечроқ келгани учун мажлисни кейинга қолдириб, тўғри Ўшнинг Турон шаҳарчасига йўл олди.

Озодлик: Рашид ака, шу ўринда тингловчиларимизга Турон шаҳарчасида асосан ўзбеклар яшашини айтиб ўтсак. Президент бу ерда нима қилди?

Рашид Хўжаев: Тўғри айтасиз, Турон шаҳарчасида 38-40 минг аҳоли яшайди, шуларнинг 98 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Президент Турон шаҳарчасида икки халқнинг дўстлиги ҳақида гапирди. 5 та ўзбек ва 5 та қирғиз боласининг суннат тўйини ўтказди. Президентнинг Турон шаҳарчасида сўзлаган нутқи халққа жуда ёқди. Ўтунбаева ўз сўзида июн воқеалари пайтида мувваққат ҳукумат ожиз бўлганини айтиб, фожеанинг олдини ола билмагани учун халқдан узр сўради. Ундан кейин бундай воқеа қайталанишига ҳукумат йўл қўймаслиги, ҳозир ҳукуматнинг кучи ҳар қандай тартибсизликларнинг олдини олишга етишини айтиб, халққа тушунтириш берди. Бу гаплардан туронликлар жуда хурсанд бўлишди.

Озодлик: Айни пайтда туронликлар ўз муаммоларини президентга етказишдими? Масалан, ўшлик ўзбеклар милиция томонидан ўзларига нисбатан ноқонуний ҳаракатлар бўлаётганидан, пул ундириш мақсадида ўзбекларни сохта айбловлар билан қамашга ҳаракат қилинаётганидан ва адолатсиз судлован шикоят қилиб келадилар.

Рашид Хўжаев: Айтишди... Одамлар гапиришди, президент ҳам уларга жавоб қайтарди. “Бундан кейин биз бундай нарсаларга йўл қўймаймиз, милиция органлари ичида ротация ўтказамиз, ҳукумат тўла ишга тушди, демак, қонун ҳам ишлай бошлади. Энди бирон жойда ноқонуний ҳаракат содир бўлса, одамлар бизга ёзма тарзда мурожаат қилишсин, биз албатта, қонунни бузганларни жазолаймиз”, деб ваъда берди.

Озодлик: Президент гапиргани билан маҳаллий ҳокимият, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмалари оддий халқнинг, асосан ўзбекларнинг аризаларини қабул қилмаётгани ҳақида ҳам гаплар бор.

Рашид Хўжаев: Йўқ, бундай кўриниш оммавий тарзда эмас. Ўшда “Миллатлараро муносабатларни яхшилаш жамоатчилик кенгаши” ташкил қилинган. Мен мана шу кенгашнинг аъзосиман. Доимо халқнинг ичида юрибмиз. Сиз айтгандай кўриниш баъзан учраб туради, бироқ аҳолининг ўзи бизга оғзаки шикоят қилади. “Мана шу шикоятни бизга ёзиб беринглар” десак, ёзиб беришмайди. Одамлар ариза ёзишдан чўчиб қолган. Аммо бирон киши ариза ёзиб мурожаат қилса, бугунги кунда ҳар бир тузилма уни қабул қилиб, тешириш ўтказаяпти.

Озодлик: Нега шикоят қилишдан чўчийди одамлар?

Рашид Хўжаев: Одамларнинг юраги “тушиб” қолган. “Ариза ёзганимиз билан кечаси келишиб, яна бизга муаммо қилишади, қўрқитишади”, деб ўйлашади.

Озодлик: Президентнинг олдида одамлар айни мана шу қўрқув масаласини ҳам кўтаришдими? Умуман олганда, президент ўз нутқида конкрет бир нарсаларни ваъда қилдими - дейлик, адолатсиз деб ҳисобланаётган судларни қайта ўтказиш, шикоятлар асосида ноҳақ қамалганлар бўйича жиноят ишларини қайта тергов қилиш масаласида?

Рашид Хўжаев: Йўқ, бундай гап бўлгани йўқ.

Озодлик: Президент Ўтунбаеванинг ўшлик ўзбеклар билан бўлган учрашувидан сўнг халқ қандай хулосага келди?

Рашид Хўжаев: Ростини айтсам, учрашув байрамга айланиб кетди. Чунки ўшликлар кўп вақтдан бери хурсандчиликни, ашула айтиш ва рақсга тушишни унутиб қўйган эдилар. Президент Ўтунбаеванинг сўзлари оз бўлса ҳам ярага малҳам қўйгандек бўлиб, халқнинг кайфиятини кўтариб юборди.
XS
SM
MD
LG