Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:54

"Қаддафий ўлибди"


"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган шоир мухлисимиз бу сатрларни шеърга солар экан "Қаддафийнинг рамзий ўлимида, золимларга қарши кўтарилган халқ исёнлари ва барча диктаторлар тақдири акс этади", дейди.


“Ўқитувчи, сени дала чорлаяпти”


Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан қўнғироқ қилган Абдулла исмли тингловчи вилоятдаги барча коллежлар ва академик лицейлар ўқитувчилари навбатма-навбат ўн кунлаб фермер хўжаликларига пахта чопиғи ва яганаси учун сафарбар қилинаётганини айтди:

- Бугун коллеж ўқитувчиларини олиб кетаяпти 10 кунга мажбурий. Ҳамма ўқитувчилар. Бормагани қўймаяпти. Деновлик коллеж ўқитувчиларини Шерободга олиб кетаяпти. Пахтанинг қатқулоғини чопаркан, кейин чеканка қиларкан. Агар ўқитувчи ўзи боргиси келмаса, ўрнига бирорта жияни, ўғли, қизини юбораяпти. Бундан ташқари Термизда университет талабалари ҳам пахтага кетаяпти экан. Ҳаммаси. Деновда ҳам ҳаммаси кетаяпти,- дейди деновлик Абдулла.


“Фойдасидан зарари кўп”

дейди исми сир тутилишини сўраган Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидан қўнғироқ қилган фермер. Тингловчи ипак қурти боқиш уларга мажбурлаб юклатилаётгани ва буни рад қилган фермерлар ерлари олиб қўйилишидан огоҳлантирилаётгани ҳақида гапирди:

- Қурт масаласи. Фермерманда ҳозир. Қурт боқамиз. Мажбурий қурт берадида. Гектарига бир қутидан деб қурт берган.

Озодлик: Қурт берган бўлса, қуртни боқиш, кейин унинг пилласини сотиш даромад келтирмайдими? Хурсанд бўлмайсизларми?

- Қуртга берадику, тут йўқ. Унинг озуқаси йўқда. Газ пастлигида кечалари тутларни кесиб кетишган одамлар. Оддий аҳолига беролмаяпти. Ишонишмаяптида пул беришига. Техникаси йўқ барг ташиб бергани.

Озодлик: Қандай қийинчилиги бор? Унга қанча меҳнат кетади? Бир ҳисоб-китоб қилиб бера оласизми?

- Менда бир қути бўлса, 20 грамм деб берган. 20 граммдан кўпроқ чиқади у. Бошида 10 куни сал енгилроқ ўтадию. 10 кундан кейин баргни кўп ейди, жой бўлиши керак.

Озодлик: Нечта хона банд қилиниши керак?

- Уч-тўртта хона. Қалин тутса ўшанда ҳам. Холи яшай олмайдию.

Озодлик: Ўзларингиз қаерда яшайсизлар кейин?

- Айвон бор. Ҳозир боғимизга дадам билан бувам келиб олишган. Биз уйда болаларим билан қурт боқаяпмиз. Олмасликнинг ҳам иложи бор экану, пилланинг пулини тўлаш керак экан.

Озодлик: Қандай? Олмасдан пул тўлаш керак эканми?

- Олдиндан келишиб туриб, 45 киломикан плани бор экан. Ўшанинг қанчадир ҳам пули бор экан. Мен олиб келиб боқаяпманда.

Озодлик: Ўзбекча ҳисоб-китоб қилиб бера оласизми? Қурт боқиш сизга фойда келтирадими ëки зиëнми?

- Ҳозир менга зиëн келтирар экан. Техника ажратилган экан документда барг ташиб бергани. Пиллани топширсам, пиллага қанчадир пул берса, ўшандан техниканинг расходини чиқариб олар экан. Ҳокимиятдан ажратилган эканда техника, ëқилғи мойлаш материали.

Озодлик: Ўша техника сизларга хизмат кўрсатадими?

- Йўқ, хизмат кўрсатмайди. Келмайди. Оқ ëғ беради, ун беради дейишадию. Ҳали бирор марта қурт бригадир келгани йўқ. 15-16 кун бўлаяпти олиб келганимга.

Озодлик: Шуни олмасангиз нима қилади? Боқа олмайман, шароитим, имкониятим йўқ десангиз.

- Ерни топшир деяптида. Мажбур олаяпмизда,- дейди қўштепалик фермер.


“Бирлашиш керак”

дейди тошкентлик Нозимжон, facebook ижтимоий тармоғида “СМС инқилоб ва Бирлашган ўзбеклар” номли янги ҳаракатнинг ўз саҳифасини очганлигига муносабат билдирар экан.

- Тинч йўл билан намойиш қилиб чиқиш йўлларини ташкиллаштиришаëтган экан. Шунга қўшилишиб чиқсак, шуни тезлштириш керак деган ниятда ўзимнинг фикримни билдирмоқчи эдим. Мен жуда хурсанд бўлдим бу нарсадан. Йўқотадиган нарсамиз ҳам қолмади энди. Шунга бирлашиб шу ишни ташкиллаштириш керак деган мақсадда хурсанд бўлиб ўзимнинг фикримни билдирмоқчи эдим,- дейди Нозимжон.


“Ўшлик ўзбек изтироби”

Тожикистонлик шоир Аҳли Расул Муҳаммад қирғизистонлик ўзбекларнинг изтиробига ҳамдардлик билдириб, ана шу сарлавҳа билан ёзган шеърини ўқиб берди.

Миллат каломида иллат бор,
Юрагимни қуртдек кемирар.
У сўз қоним симириб хунхор,
Сўқим каби шишиб семирар.

Ўзга миллат маҳрига олган
Юртда ўзим билмай туғилдим
Ва бир четга назардан қолган,
Буюм каби бир кун сурилдим.

Қўзичоқдек бўзладим ҳазин,
Топа олмай дардим чорасин.
Қандоқ ëриб чиқай бу разил,
Ваҳший қашқирларнинг орасин?

Алам билан кўзларимда нам,
Эслагайман илк онамизни.
У миллатсиз бўла туриб ҳам,
Иллат билан туғмишдир бизни.


Диктаторлар ўлими

Ёғду тахаллуси билан шеър ёзиб турадиган сирдарёлик тингловчимиз Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийнинг рамзий ўлимини шеърий сатрларга солар экан, бунинг асл негизида барча диктатор президентларнинг тақдири акс этишини айтади.

Бирдан излади радио, радар.
Дейсан "Нима бўлибди?"
Бир зумда дунëга тарқалар хабар:
Қаддафий ўлибди.

Бир зум довдирайди мухолиф,
Чиқолмай қолади ютилган нафас,
Суиқасдми ëки тасодиф,
Ўзни йўқотгандай бўламиз бирпас.

Фақат бирпас,
Етар бўлди бас!
У тўнғизқўпгур жирканч одам эди нақадар.
Энди унга ким ҳам жаноза ўқир?

Энг шўхчан куйларни чалинг басма-бас.
Шундай зўр чалингки тобутда ëтиб,
Қимирлай олмасдан шамдайин қотиб,
Билсин қамоқ нима, нимадир қафас.

Янги замонага қилсин у ҳавас,
Чалингиз фаранги морсельезани!
Шашмақомни чалинг, чалингиз гиря,
Шодликка тўлдиринг қутлуғ санани.
Қуролни ташлаб ҳатто,
Рақсга тушиб кетсин армия.

Қаддафий ўлибди, бу яхши хабар.
Синди деган каби жаллод болтаси.
Бу фикрга қўшилмасанг гар,
Қўшилади минглаб сендан бошқаси.

Қаддафий ўлибди, бу яхши хабар.
Енгил нафас олди курраи замин.
Бошқа номни қўйинг истасангиз гар,
Масалан, Ленин ë Муҳаммадамин.

Бундан хафа бўлмас мазкур муаллиф,
Қай юртда золимлар ўлсалар агар,
Байрам қилажакдир мазлум мухолиф,
Хурсанд бўлиб янграр радио, радар,
Озод қушча каби учади хабар.
Қаддафий ўлибди, Қаддафий ўлибди.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG