Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:07

"Хайрулла Ҳамидов - чин ўзбек фарзанди!"


Таниқли журналист Хайрулла Ҳамидовни ноҳақ қамалган деб ҳисобловчи андижонлик Нажмиддин Умаров унга шеър бағишлабди.

“Каримов Озодликни эшитадими?”

Озодликда берилган “Томорқадаги Сталин” номли Қурултой эшиттиришида кўтарилган мавзу муштарийларимиз орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлаяпти. “Эркин микрофон” рукни эса бу баҳс-мунозаралар учун минбар ролини бажармоқда.

Фарғона вилояти Охунбобоев туманида яшовчи Шуҳрат Арслонов ҳам ушбу баҳсга қўшилади.

- Мана бу Сталин масаласи тўғрисида бир-иккита гаплар гапирган эди. "Союз вақтида Сталин ундай қилган, бундай қилган" деб бир-иккита гапларни гапирди Очил Мирзаев. Ўшанга изоҳим бор эди. Нима учун деганда Сталин вақтида, Сталиндан кейин ҳам ҳамма вақт март ойида нархларни пастга туширган эди.

Озодлик: Сиз айтмоқчисизки, Сталин ҳар баҳорда нархни туширган.

- Шундай. Кейин союз вақтида ҳақиқатан ишчилар, колхозчилар ҳаммаси более-менее яшарди. Арз-додини кимгадир бориб айтса бўлаверарди.

Озодлик: Демак, сиз Сталин даври ҳақида ижобий фикрдасиз.

- Ҳа. Нима учун деганда у ҳаммани бир хил ушлаб турмоқчи бўлган-да. Ишчи бўладими, колхозчи бўладими, раис бўладими, прокурор бўладими, ким бўлишидан қатъий назар, ҳаммани бир хил ушлаб туришга ҳаракат қилган бой-камбағал бўлмаслиги учун. Ҳозир қанақа бўлиб кетди? Ўзбекистоннинг 10 миллион аҳолиси, ҳозир ҳамма ëш йигитлар, келажак нималарнинг ҳаммаси у ëқ-бу ëқда юрибди. Бу Каримовнинг қилган нималарини кўрмайсизми, юргизган нималарини. Каримовнинг ўзи ҳам Озодликни эшитадими-йўқми? Ҳеч бўлмаса, Озодликни эшитиб туриб, халққа более-менее ëрдами тегадими? Колхозчиларга, ишчиларга. Мана ўша вақтда текстил фабрикаси бор эди, фирмалар бор эди, атлас фирмалари бор эди. Ҳар биттасида 20-30 тадан автобус бор эди. Райондаги аëлларни ишга олиб бориб, яна олиб келиб қўярди. Бу-чи, ҳозир нима қилди? Ҳамма фабрикалар, ҳамма комбинатлар, ҳамма фирмалар овозини ўчирди. Ҳозир аëлларни кўринг. Фарғона водийсига келиб, Олтиариқнинг йўлини кўринг, Риштоннинг йўлини кўринг. Ҳаммасида аëллар кетмонини, лопаткасини кўтариб, мардикорликка чиқиб ëтибди. Илгари аëллар чиқармиди шунақа? Йўқ чиқмас эди. Ҳаммасида иш бор эди. Ўзига яраша ҳаммаси ишларди. Ҳозир нима қилаяпти? - дейди Шуҳрат Арслонов.


“Ўзимизники қачон сифатли бўлади?”

Россиядан қўнғироқ қилган Алижон Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифатсизлиги боис хорижникига талаб катталигини айтади.

- Мисол учун, бугунги кунда Ўзбекистонда кўп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти-да. Ўзимизда яхши албатта. Лекин сифатига умуман кафолат йўқ. Бирор жойга борсангиз, мисол учун ҳамма нарсада сифат йўқ. Хусусий фирмалар, бошқалар ишлаб чиқараяпти, лекин барибир хорижнинг маҳсулотига бизда талаб кучаяяпти. Ишлаб чиқарилиб пештахтада босилиб турадиган бўлса-ю, сифатини текширадиган жой бўлмаса. Айнан ўзим бир неча марта нарсалар олганман.

Озодлик: Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарлардан қайси бири сизни қониқтирмайди?

- Мисол, оддий қилиб айтадиган бўлсак, пахта ўзимиздан чиқади. Нимага яхши пахта кийимлар йўқ? Шу нарсаларни бизлар қийинчилик билан сотиб оламиз. Чунки аҳолида пул масаласи ҳам кам. Ундан кейин сифат ҳам яхшимас-да. Асосан хориж товарларига эҳтиëж кучли мамлакат ичкарисида. Пахта ишлаб чиқарамиз, лекин пахта сотиб ололмаймиз. Тилла ишлаб чиқаришда ҳам Ўзбекистон етакчи ўринлардан бирида туради. Лекин аëлларнинг тиллага бурканиб юришини кўрганим йўқ. Биринчи айтмоқчиманки, халқда пул йўқ. Иккинчидан, ўша ишлаб чиқариладиган нарсада сифат яхши эмас. Талаб бор, лекин сифат яхши эмас. Талабга жавоб бермайди.

Озодлик: Бунинг учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

- Ишлаб чиқарилаëтган нарсаларни текширувми, назорат кучлироқ ўрнатилиши керак. Нарх-навоси ҳам халққа жабр бўлмайдиган даражада келиши керак. Ўзимизда ишлаб чиқарилса-ю, нархи осмон қадар бўлса, оддий халқ ололмайди. Газ ўзимизда ишлаб чиқарилади, лекин ўчоғимиздан ғўзапоя узилгани йўқ. Нефт ўзимизда, лекин солярка ëки бошқа нимани беминнат сотиб ололмаяпти-да. Электр масаласида ҳам шу аҳвол, - дейди Россиядан қўнғироқ қилган Алижон.


“Йигитларни ҳам турмушга тайёрлаш керак”

Асли қўқонлик Муҳаммаджон Аҳмедов Озодликда берилган “Ҳийлайи шаръий билан зўрланган қизлар” давра суҳбатида тилга олинган Ўшда 2 кило гўштнинг ошига келин бўлган ва шунинг учун уйига қайтарилган келинлар ҳақидаги мавзуга ўз фикрларини билдиради.

- Жуда ҳам ачинарли ҳолат бўлган-да. Ҳаммамизнинг ҳам қизларимиз бор. Ҳеч қайси ота-она бунақанги ҳолатга тушиб қолишни хоҳламайди. Ҳамма гаплар гапирилди-ю айрим гаплар четда қолиб кетди.

Озодлик: Масалан...

- Масалан, қизларимизни ҳозир, умуман Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам вояга етган қизларни узатиш муаммоларнинг биттаси бўлиб қолаяпти. Сабаби, қизлар кўпайиб кетди. Узатиш муаммоси бўлганлиги учун қанча шу қизларни вақтлироқ турмушга берсаг-у, яхши жойдан келса, ота-оналар беришга шошиб қолаяпти. Ҳамма жойларда ҳамда.

Озодлик: Демак, қизларининг ўтириб қолишидан қўрқишади...

- Биринчидан, қизларнинг ўтириб қолишидан қўрқишади. Иккинчидан, мана "қизларимиз ҳунарли бўлсин", дейди. "Иффатли келин" ўқув марказлари бор. Пишириқ пишириш, тикув-бичувларни, умуман Ўзбекистонда қизларни турмушга тайëрлаш жараëни ҳар қалай йўлга қўйилган. Жуда қониқарли бўлмаса ҳам шу нарсалар бор.

Озодлик: Майлими, битта нарса сўрасам?

- Хўп.

Озодлик: Йигитларни куëвликка тайëрлаш, эртага уйлангандан кейин оила боши бўлади, уларни ҳаëтга, турмушга тайëрлаш масаласи-чи? Балки бу тарафини ҳам ўйлаб кўриш керакдир?

- Жуда ҳам тўғри савол. Ўғил болаларни турмушга тайëрлаш ишлари кам. "Умуман йўқ" деса ҳам бўлаверади. Керак бўлса, ўғил болалар учун ҳам турмушга тайëрлаш ўқув мактаблари очиш керакмикан. Кулгили туюлар эҳтимол.

Озодлик: Нима учун қиз болани турмушга тайëрлаш кулгили эмас-у, йигитни турмушга тайëрлаш кулгили бўлади?

- Эҳтимол кулгили эмасдир. Тайëрлаш жуда ҳам зарур нарсадир. Бизда шундай нарса борки, ëшлар уйланиш ëшида ақли тўла етмайди-да. Ҳозир буларда жирканч тушунча борки, "буни ҳайдаб юборсам, яна бир эрга тегмаганини олавераман" деган. Бизда шунақа бўлиб қолдики, қизлар сероб ҳозирги кунда.

Озодлик: Эркаклар қизларнинг кўплигидан фойдаланиб қолишаяпти экан-да.

- Шунақага тўғри келаяпти қўпол қилиб гапирганда. Қизлар ўғил болаларга нисбатан кўплиги учун "бу бўлмаса, бошқасини олиб беравераман" деган мақсадда нотўғри фикрлар юзага келиб, қизларнинг 18-19 ëш пайтида бева қолиб, бошқасига уйланиб кетиб, мана, ҳомиласи билан келибди. Эшитиб туриб юракларим зирқираб кетди. Ҳеч ким шу куйга тушмасин дейсизда ҳозирги кунда, - дейди қўқонлик Муҳаммаджон Аҳмедов.


“Хайрулла тўғрисида шеър ёздим”

Асли андижонлик, ҳозирда Американинг Аризона штатида яшаётган Нажмиддин Умаров таниқли журналист, диний-маърифий дастурлар муаллифи, айни пайтда олти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Хайрулла Ҳамидовнинг ноҳақ қамалганлигига ачиниб, у ҳақида ўзи ёзган шеърини ўқиб берди.

- Хайрулла Ҳамидовнинг ноҳақ қамалганига миллионлаб ватандошларим қатори мен ҳам норозиман. Чунки бизларга маърифат улашди. Бой тарихимиздан хабардор қилди. Сарсон-саргардон бўлиб юрган қанчалаб инсонлар тўғри йўлга йўлланиб, миннатдорчилик билдириб келишаяпти. Хайрулла Ҳамидовнинг “Ўзбекларга нима бўляпти” деб куюниб ўқиб берган шеъри кўпчиликка туртки бўлди. Мен ҳам имкониятимда борича Хайрулла Ҳамидовга тасалли беришга, ҳамдард бўлишга ҳаракат қилиб, шу жавобни ëздим.

Хайрулла Ҳамидов чин ўзбек фарзанди

Хайрулложон, бўлинг саломат,
Сўзларингиз бари каромат,
Оллоҳ бермиш сизга кўп омад,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Сўзларингиз таъсири ўтди,
Ҳар бир ўзбек қалбига етди,
Ғафлат уйқу кўзлардин кетди,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Нима учун сизни қамашди,
Тузумига рақиб аташди,
Ким қилса ҳам қаттиқ адашди,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Сиздекларни билмаган нокас,
Қалбида қолмаган заррача ҳавас,
Қилган иши ҳаммаси абас,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Уйғонмаган, майли, ухласин,
Ўз бахтига ўзи туфласин,
Шайтон дўстин маҳкам ушласин,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Ушбу кунлар сизга имтиҳон,
Имтиҳондан ўтинг соғ-омон,
Ҳали келур гўзал бир замон,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Назоратдан чиқинг саломат,
Соғлигиздан қилманг шикоят,
Кўролмаган қилсин надомат,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Ғайрат отин чопиб кишнатинг,
Наврўзингиз яна ишлатинг,
Халқнинг дилин яна хушлатинг,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Меҳробларда Ҳақ сўзин айтинг,
Оят-ҳадис мавзуга қайтинг,
Ривоятлар гўзалин айтинг,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Минбарларда доим бўласиз,
Ардоғимиз бўлиб юрасиз,
Сўзимиз рост мана кўрасиз,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Оилангиз бағрида бўлинг,
Онахоннинг дуосин олинг,
Фарзандлариз камолин кўринг,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

Кўп қатори мен ҳам Нажмиддин,
Илтижоим Эгамга етсин,
Барчамиздан бу зулм кетсин,
Ўзбеклариз шундай деяпти.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG