Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:00

Азимжон Асқаров - эзгу ниятли рассом


Бугун 60 ёшга тўлган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ва рассом Азимжон Асқаров бу автопортретни қарийб 20 йил муқаддам ёзган.
Бугун 60 ёшга тўлган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ва рассом Азимжон Асқаров бу автопортретни қарийб 20 йил муқаддам ёзган.

17 май куни Бишкекда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли ва мусаввир Азимжон Асқаров мўйқаламига мансуб асарлар кўргазмаси очилди.

Мазкур кўргазма ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ташкил қилинди.

Бишкекдаги “Россия” бизнес марказида очилган кўргазма маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан уюштирилди. Кўргазмада Азимжон Асқаров мўйқаламига мансуб 50 дан ортиқроқ тасвирий санъат асарлари жой олди.

Кўргазманинг очилишида Азимжон Асқаровнинг турмуш ўртоғи Хадича Асқарова ҳам иштирок этди. Суҳбатдошимиз 17 май куни Азимжон Асқаров 60 ёшга тўлганини ва бу кунни унинг оила аъзолари жуда гўзал ниятлар билан орзиқиб кутишганини айтди:

- Биз оила аъзоларимиз билан Азимжон акангизнинг 60 ёшлик юбилейини ўз уйимизда, яқин дўстларимиз ва қариндошларимиз даврасида нишонлашни яхши ният қилган эдик. Унинг 60 ёшни қамоқда кутиб олиши тушимизга ҳам кирган эмас эди, - дейди Хадича опа.

Бишкекдаги 47-ҳибсхонада сақланаётган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров саломатлиги ёмонлашганига қарамай, қамоқда ҳам изланишда ва ижод қилишда давом этаётган экан.

- Азимжон акангиз қамоқда ҳам вақтини бекор ўтказмасликка ҳаракат қилаяпти. Китоб ўқияпти, намоз ўқишга ҳам ҳаракат қилаяпти, Қуръон оятларини ёдлаяпти, шунингдек, бўёқ ва мато олдириб келиб, суратлар ҳам чизаяпти, - деди Хадича Асқарова.

Суҳбатдошимиз Азимжон Асқаров албатта оқланишига умид қилади:

- Умидимиз сўнгани йўқ. “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди”, деган гап бор. Мен Азимжон акангиз тез орада орамизга қайтади, деб ишонаман. У ҳеч қандай гуноҳ қилган эмас, у айбсиз, - дейди Хадича Асқарова.

Кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этган ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Тўлайкан Исмоилова эса Азимжон Асқаров ҳибсхонада нисбатан шароити яхши бўлган камерага кўчирилганини, бироқ ҳуқуқ фаолининг саломатлиги ёмон бўлиб қолаётганини айтди. Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Азимжон Асқаровнинг кўриш қобилияти сусайиб бормоқда, бундан ташқари, унинг мунтазам тарзда боши оғрийди. Тўлайкан Исмоиловага кўра, 2 кун аввал Азимжон Асқаров яна бир халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти эътирофига сазовор бўлган.

- Куни кеча машҳур Людмила Алексеева раҳбарлигидаги Хелсинки Москва гуруҳи Азимжон Асқаровни “Жасорати учун” дипломи билан тақдирлади. Бугун бу дипломни бизнинг фаоллар қамоқхонага бориб, Азимжоннинг қўлига топширишади. Бу мукофот постсовет ҳудудида нуфузли бўлиб ҳисобланади ва у виждон тутқунларига топширилади. Бизнинг нуқтаи назаримизча, Азимжон Асқаров ҳақиқатан ҳам виждон тутқунидир, - дейди Тўлайкан Исмоилова.

Кўргазмада иштирок этган бишкеклик рассом Расул Кўчкубаев Азимжон Асқаровнинг ижодий фаолиятига баҳо берар экан, уни “эзгу ниятли рассом”, деб атади.

- Эзгу ниятли рассомлар борки, улар шавқатсизликни, бағритошликни, тажовузни тасвирлашдан қочадилар. Азимжон Асқаровнинг ишлари ҳам мана шундай. Бу суратларда майинлик, маъсумлик ва очиқлик бор. Бу картиналар Азимжон Асқаров характерига чизгилар, унинг маънавий дунёси ва ўзининг қандай шахс экани кўрсаткичидир. Балки у шунинг учун ҳам рассомдан ҳуқуқ ҳимоячисига айлангандир, - дейди Расул Кўчкубаев.

Шу куннинг ўзида Хадича опа Асқарова таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Тўлейқан Исмоилова ҳамроҳлигида Бишкекдаги турмада сақланаётган турмуш ўртоғи Азимжон Асқаровни бориб кўрди.

Учрашувдан чиққанидан сўнг Хадича опа билан мухбиримиз боғланди.

- Кирдим, 15 минут бўлдим.

Озодлик: Аҳволи яхши эканми?

- Кўриниши олдингидан озган. Кўзлари, бошлари, юраги оғрияпти экан.

Озодлик: Доктор қараяпти эканми?

- Қараса керак. Унисини сўрамабманда. Қараса керак.

Озодлик: Мана 15 минут бўлибсиз. Нималарни гаплашдинглар?

- Оила, болалар ҳақида гаплашдикда. Висктавкаси очилганлиги тўғрисида гаплашдик.

Озодлик: Тушкунликка тушмаганми? Энди кайфият ҳақида сўраш мутлақо ўринсизу, шундоқ бўлса ҳам бошқа сўз топа олмаганимдан сўраяпман.

- Кайфияти, энди нима десам экан, умид бор. Яқин орада озодликка чиқишидан умид бор. “Мен нимага ўтирибман? Не за что ўтирибман. Мен нима гуноҳ қилибман? Худо хоҳласа ëруғ кунлар ҳам бўлади” деб умид қилаяпти.

Озодлик: Яна нимани гаплашдинглар?

- Яна нимани гаплашардик.

Озодлик: 15 минут етармиди денг.

- Ҳа. Бир-биримизга қараб ўтирдик. Болаларини сўради, невараларини сўради. Икковимиз ҳам яхши кунлар бўлиши ҳақида орзу қилиб, ўша ҳақида гаплашдик. Худо хоҳласа яхшилик бўлади деб умид қилаяпмиз у ҳам, мен ҳам.

Озодлик: Нимага фақта 15 минутгагина рухсат беришди?

- Мумкин эмас эканда. Зўрға сўраниб келдик. Бир-икки марта бир-икки кун свиданиеда бўлганманда. Ҳозир мумкин эмас экан.

Озодлик: Сиз ўзингиз ëлғиз кирдингизми ë Тўлейқан Исмоиловалар ҳам қўшилиб киришдими?

- Бирга кирдик. Унга рухсат бор экан. Менга рухсатномани сўраниб олдик началник турмадан.

Озодлик: Ўзингизнинг аҳволингиз яхшими?

- Менинг ҳам соғлиғим унча яхши эмас. Ҳозир даволанаяпман.

Озодлик: Қаерда? Бозорқўрғондами, Бишкекдами?

- Бишкекда.

Озодлик: Азимжон аканинг иши Олий судда кўрилиши қачонга мўлжалланаяпти?

- Номаълум, дейди Хадича опа Асқарова.

Бозорқўрғон туман суди ва Жалолобод вилоят суди Азимжон Асқаровни 2010 йилнинг июн ойида Бозорқўрғон туманида содир этилган тартибсизликлар ташкилотчиси сифатида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этган эди. Айни пайтда унинг апелляция аризаси Қирғизистон Олий судида кўрилиши керак эди. Бироқ Олий суд турли баҳоналар билан Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқишни ортга суриб келмоқда.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар “Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилган”, дея билдириб келадилар. Азимжон Асқаров халқаро ташкилотлар томонидан виждон тутқуни деб тан олинган ва унга жорий йилнинг март ойида Ноmo Homini мукофоти топширилган.

Азимжон Асқаров 1977 йилда Тошкентдаги рассомлик билим юртини тамомлаган. У юзлаб тасвирий санъат асарларини яратган. У 1996 йилдан бери ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланиб келади.

Людмила Алексеева раҳбарлигидаги Хелсинки Москва гуруҳининг “Жасорати учун” дипломи 17 май куни Азимжон Асқаровга турмада топширилди.
XS
SM
MD
LG