Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:19

Озарбайжоннинг “Юсуф Жума”си ҳам қамоқдан чиқди


Эйнулла Фатуллаев озодликка чиққач яқинларига қўнғироқ қилди.
Эйнулла Фатуллаев озодликка чиққач яқинларига қўнғироқ қилди.

Озарбайжонда сўз ва матбуот эркинлиги топталаётганини далилловчи тимсолга айланган журналист ва муҳаррир Эйнулла Фатуллаев озодликка чиқди.


У президент Илҳом Алиевнинг фармонига биноан қамоқдан озод қилинган 90 маҳбуснинг биридир.

“Реал Озарбайжон” газетасининг бош муҳаррири Эйнулла Фатуллаев туҳматчиликда, террор ҳуружи билан таҳдид қилганликда, миллий низо қўзғашда ва бошқа бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб 2007 йилнинг октябрида 8 ярим йилга қамалган эди.

2009 йилнинг декабрида эса, Фатуллаев устидан янги иш очилган, у наркотик моддалар сақлашда айбланиб, аввалги муддатга икки ярим йил қўшиб берилган эди.

Умрининг 4 йилини қамоқда ўтказган журналистнинг озод қилинишини унинг ҳимояси билан тинимсиз шуғулланиб келган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар олқишлади.

Қамоқхона дарвозасидан чиққанидан икки соат ўтиб-ўтмай Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, Фатуллаев озодликка чиқиши Озарбайжон раҳбариятига халқаро ташкилотлар ўтказган босим самараси эканлигини таъкидлаб ўтди.

- Албатта, менга халқаро ташкилотлар ҳаракати ёрдам берди. Энг аввало Халқаро Амнистия ташкилотига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ўтган 4 йил давомида айнан шу ташкилот мен учун тинимсиз қайғуриб келди,- деди журналист.

Эйнулла Фатуллаев учун озодликка чиқиши мутлақо кутилмаган иш бўлди. У ҳануз қамоқдан ташқарида эканлигига ишонмаяпти.

-Нима бўлганини тушунишга уринаяпман. Мен учун бир мўъжиза юз берди. Бундай бўлишини тасаввур ҳам қилмагандим,- деди журналист.

Эйнулла Фатуллаев муҳаррирлик қилган “Реал Озарбайжон” газетаси ёпиб қўйилган.

Матбуот эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар фикрича, Фатуллаевнинг қамалишига унинг танқидий мақолалари, жумладан журналист Элнор Хусейновнинг ўлдирилиши кетидан ўтказган журналистик суриштируви сабаб бўлган.

2010 йилнинг апрелида Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Фатуллаевни зудлик билан озод қилиш ва унга 26 минг евро товон пули тўлаш тўғрисида қарор чиқарган.

Суд қарорида Озарбайжон ҳукумати журналистни қамаш билан фикр билдириш эркинлигини ҳамда одил судлов принципларини қўпол тарзда бузганлиги кўрсатиб ўтилган.

Европа суди қароридан сўнг Озарбайжон суди Фатуллаев устидан 2007 йилги ҳукмни бекор қилган, лекин 2009 йилги икки ярим йилга кесиш тўғрисидаги ҳукмни ўз кучида қолдирган эди.

Шундай қилиб, Фатуллаев Европа суди қароридан кейин ҳам қамоқда қолаверди. Бироқ маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз ҳаракатларини тўхтатмади. Журналист озод қилинишидан икки кун олдин эса, Халқаро амнистия ташкилоти Твиттерда кампания бошлаб юборди.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастури директори ўринбосари Жон Дэлҳюзен Озодлик билан суҳбатда Фатуллаевга нисбатан қилинган адолатсизлик Халқаро амнистиянинг дунё мамлакатларидаги аъзоларини бефарқ қолдирмаганини, улар Озарбайжон раҳбарияти ва сиёсатчиларига журналистни озод қилиш талаби билан Твиттер орқали мурожаат қилганликларини айтиб берди. Жон Дэлҳюзен Эйнулла Фатуллаевнинг озод қилинишини “ижобий қадам”, деб баҳолади, бироқ айни пайтда ўз фикрини билдиргани учун қамалган бошқалар ҳануз турмада қолаётганини таъкидлаб ўтди.

Озарбайжонлик журналист ўзбек шоири Юсуф Жума озодликка чиққанидан бир неча кун ўтиб қамоқдан чиқарилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда ўнлаб журналистлар қамоқда қолмоқда.
Улардан бири – 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган Солижон Абдураҳмоновдир. Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида унинг ҳимоясига ўтказилган норозилик тадбири, хабарларга қараганда, ўзбек дипломатлари ғашига теккан.

Uznews.net нашрига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов ташрифи муносабати билан қабул уюштирган Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси журналист Солижон Абдураҳмонов ҳимояси учун ўтказилаëтган акция иштирокчиларини тарқатишни сўраб, полиция чақирган. Қаҳвани бемалол ичайлик, дейишгандирда?

Воқеа жойига етиб келган полиция намойиш мақсадлари билан танишгач унинг қатнашчилари элчихона биносидан 50 метр узоқликда бўлиши кераклигини ва шу шарт билан акцияни давом эттиришлари мумкинлигини айтишган.
XS
SM
MD
LG