Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

Янги йилдан киракашлар ишсиз қолиши мумкин


Ҳукумат қарорига кўра, мамлакатда таксилар ранглари бир хиллиги билан ажралиб турадиган бўлиши керак.
Ҳукумат қарорига кўра, мамлакатда таксилар ранглари бир хиллиги билан ажралиб турадиган бўлиши керак.

Таксилар Тошкент шаҳрида қаймоқ ранг, вилоятларда сариқ бўлиши шарт. Бу талаб Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Линиядаги таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган. Газета.уз сайтининг 30 май куни хабар қилишича, ҳукуматнинг 18 майда қабул қилинган қарори келаси йилнинг 1 январидан кучга киради. Мухбиримиз оддий киракашлар ҳамда аҳолига такси хизмати кўрсатувчи хусусий ширкатлар бошлиқларининг Ўзбекистонда кутилаётган такси ислоҳоти тўғрисида фикрларини ўрганди.


Вазирлар Маҳкамасининг қарорида Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларида аҳолига транспорт хизмати кўрсатадиган енгил машиналарнинг умумий рангидан тортиб, пешонасидаги чироқ рангигача белгилаб берилган.

Бир қарашда, ҳукумат қарори аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ранги бир хил таксилар билан шаҳар-қишлоқлар кўркини очиш учун қабул қилингандай.

Лекин баъзи суҳбатдошларимиз фикрича, ҳукумат транспорт хизмати бозорини қандайдир янги ўйинчилар учун бўшатиб бермоқчи бўлаяпти.

Солиқ тўлашга тайёр нолегал киракашлар

Шу кунда, деб ёзди Газета.уз, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат ва улар ихтиёрида 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида 35 минг нафаргача нолегал таксичи бор.

Роппа-роса бир йил олдин пайдо бўлган маълумотга қараганда, биргина Тошкент шаҳри бюджетига киракашлардан йилига 12 миллиард сўм тушиши мумкин эди. Бироқ ҳайдовчилар нолегал ишлагани учун шаҳар ўша пулдан қуруқ қолаяпти.

Тошкентлик Жаҳонгир ўша нолегаллардан бири.

Озодлик: Нима учун фирмаларга бирикмагансиз? Бориб ишга кириб олмагансиз?

- Тўғри, бириксангиз ҳам бўлади. Озгина 200-300 минг нима қилинадида, бошида лицензия олиш учун пул тўлайсиз. Кейин ҳар ой қанчадир миқдорда ўша бириктирилган фирмага пул тўлаб турасиз. Менинг машинам хусусий. Бир кун бунақа ишлаймиз, бир кун умуман чиққан келмайди.

Озодлик: Шу кунда таксичилик қилганингиз учун давлатга қандайдир пул тўлайсизми?

- Йўқ, ҳеч қанақа пул тўламайман.

Озодлик: Агар сир бўлмаса, бир кунда неча пул топасиз таксидан?

- 50-60 минг.

Озодлик: Камидами ўртачами?

- Ўртачада. Бир хиллар 40 минг бўлиб қолади, бир хиллар 70 минг бўлиб қолади. Ўртача 40-50 мнинг.

Озодлик: Автомобил назоратими ëки солиқчиларми сизларни таъқиб қиладими қилмайдими?

- Худо сақласин, мени қилгани йўқку, лекин солиқ ходимлари таъқиб қилиб штраф солганини эшитдим лекин.

Озодлик: Демак, шунақа хавф бор экан. Хавфсиз ишлаш учун давлатнинг ҳам ҳақини бериб ишлайман деган ниятда бўлсангиз, давлат сизга ойига қанча солиқ солса, хўп деб тўлаб ишлайверасиз?

- Балки 100 минг бўлсиндир. Энди бошда лицензиясига харажати кўпроқ. Шуниси менга ëқмай турибди, дейди Жаҳонгир.

Демак, тошкентлик киракаш Жаҳонгир давлатга ойига 100 минг сўм солиқ тўлашга рози.

Қизиғи шуки, наманганлик киракаш Фозилжон акадан ҳам шунга ўхшаш рақамни эшитдик.

Фозилжон ака билан ҳам гаплашдик.

Озодлик: Сиз бирорта ташкилотга бирикканмисиз ëки ўзингиз ишлайсизми?

- Мен ўзим ëлғиз ишлайман. Машина ўзимники. ГАИлардан қочиб ишлайманда.

Озодлик: Нима учун ГАИдан қочиб ишлайсиз?

- Бизники Наманганда жарима қилиб қўйганда бир миллион қанчаям.

Озодлик: Патентми, лицензиями олиб ишласангиз бўлмайдими?

- Бўлади. Шаҳар ичига мумкин эмас экан. Районларда мумкин экан. Ҳокимнинг қарори бор экан.

Озодлик: Шаҳар ичида ким ишлаши керак экан такси бўлиб?

- Таксопаркнинг 40та таксиси бор. Автобазанинг 40тами 50тами таксиси бор. Фақат ўшалар юраркан.

Озодлик: Частнийларга мумкинмас-а?

- Йўқ, мумкинмас.

Озодлик: Сиз топган пулингиздан давлатга солиқ тўлайсизми?

- Ўзи документ йўқку. Мен ҳам энди ҳар куни ишламайманда. Ҳафтада бир-икки кун ишлайман.

Озодлик: Бирорта ташкилотга бириксангизда, машинангизни сариққа бўяб ишлаб юрсангиз, солиқ қанча бўлиши керак деб ўйлайсиз?

- Кунига 3000 қилиб берса розимиз. Ойига 90 минг тўлаб ишланаверади, деди наманганлик киракаш Фозилжон ака.

Тошкентлик киракаш ҳам, унинг наманганлик ҳамкасби ҳам ойига тўлаши мумкин бўлган суммани бир-биридан мустақил ҳолда деярли бир хил айтди.

Давлат тополмаган пулни топдик?

Юқорида Тошкент шаҳри 35 минг атрофидаги нолегал таксичидан йилига 12 миллиард сўм ололмаётгани тўғрисида маълумот борлигини айтган эдик.

Қўшни Туркманистон такси машиналарини бир хил рангга бўяб бўлган. У ерда ҳам таксилар сариқ.
Балки, давлат киракашлардан талаб қилаётган пул миқдори оптимал эмасдир?

Жаҳонгир ўзи рози бўлиб ҳар ойда тўлаши мумкин бўлган 100 минг сўмни 35 минг нолегал ҳайдовчига кўпайтирсак, бир йилда 42 млрд сўм бўлади.

Майли, ҳаммасидан ундиришнинг иложи бўлмасин. Ярмидан ундирсин. Ўшандаям 21 млрд сўм бўладику?!

Ё биз ҳисобдан адашаяпмизми?

Балки ҳукумат адашаётгандир?

Агар ҳукумат ўз қарори ижросини таъминлаш учун 1 январдан бошлаб барча кучини ишга солса, нафақат пулдан қуруқ қолади, балки мамлакат бўйлаб киракашлик қилаётган 200-300 минг кишини ишсиз қўймайдими?

Хусусий ширкатлар бозорни монополист эгаллаб олишидан хавотирда

Нолегал таксичиларнинг аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш бозоридан сиқиб чиқарилиши, бир қарашда, бу иш билан шуғулланаётган кичик ширкатларни хурсанд қилиши керакдай.

Бироқ ҳукумат қароридан ширкатлар ҳам хурсанд эмас. Ҳар ҳолда Тошкентдаги такси ширкатларидан бирининг ўзини Владислав Иванов, деб таништирган бошлиғи бундай деди:

- Мен қарордан кўзда тутилган мақсадларни қўллаб-қувватлайман. Лекин, машиналарни қайта бўяш бизнинг зиммамизга тушмаслиги керак. Агар шаҳар кўрки таксилар ҳисобига очилсин десангиз, марҳамат қилиб имтиёзли кредитлар, қўшимча ҳуқуқлар беринг, токи биз янги автомобиллар сотиб олиш имконига эга бўлайлик. Давлат таклиф қилаётган нархларда машина сотиб олишга эса қурбимиз етмайди, дейди Владислав Иванов.

Қарорнинг умумий руҳидан келиб чиқиб Владислав бундай деди.

- Мазкур қарор “Тадбиркорликни ҳимоя қилиш йили”, деб эълон қилинган йил руҳига зиддир, дейди Владислав.

Чунки Владиславнинг фикрича, қарор талаблари тоқатдан ташқарида.

- Қарор талаблари ёзилганидай қатъийлигича қолаверса, мен ишимни йиғиштириб қўйишга мажбур бўламан, деди Владислав.
Ва ниҳоят, Тошкентдаги хусусий такси ширкатларидан бирининг соҳиби Владислав Иванов мана бу фикрни билдирди:

- Чоғроқ ширкатларга зарар етказувчи мазкур қарор бу бозорда пайдо бўлиши мумкин бўлган монополист компаниялар фойдасини кўзлаб чиқарилган бўлиши мумкин, деди Владислав Иванов.
XS
SM
MD
LG