Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:48

HRW: Тошкентдаги маҳкамада иштирок этишимиз шарт


Тошкентда аккредитация берилмаган HRW вакили Стив Свердлоу.
Тошкентда аккредитация берилмаган HRW вакили Стив Свердлоу.

Humаn Rights Watch Олий судда бўладиган маҳкамада ташкилот ходими иштирокига имкон берилишини сўрамоқда.

HRWнинг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Стив Свердлоу Озодлик билан суҳбатда Адлия вазирлиги томонидан ташкилотга қарши киритилган даъво аризаси ҳақида HRWга узоқ муддат давомида расман хабар берилмаганини алоҳида таъкидлади.

- Бизнинг Тошкентдаги ваколатхонамизни рўйхатдан чиқариш тўғрисида Адлия вазирлиги Олий судга мурожаат қилганини биз вазирликнинг нуфузли ходими томонидан қилинган телефон қўнғироғи орқалигина билдик. Бу хабар март ойида берилди. Аммо, ишнинг ўзи ўтган йили декабр ойида менинг аккредитация бериш тўғрисидаги сўровим рад жавоби берилганидан бир неча кун ўтибоқ кўзғатилган экан, дейди Стив Свердлоу.

Шундан сўнг ташкилот ўзбекистонлик адвокат Сергей Майоровни ҳимоячи сифатида ёллаган.

Адвокатга ҳам Олий судда бўладиган мажлис ҳақида бир неча кун олдин хабар қилинганини айтар экан, Стив Свердлоу, Тошкентда бораётган маҳкамага оид тафсилотлар ташкилотга қоронғу қолаётганини айтади.

- Биз судда иштирок этиш учун ўзимизга вакил тайинладик. Аммо, ташкилот ходимининг суд мажлисларида иштирок этишга имконият берилмаган. Шу боис, бизга нисбатан бораётган суд ишига оид тўлиқ тафсилотларни сўраб, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига кўп бор мурожаат қилдик. Аммо, шу кунга қадар бизнинг мактубларимизга жавоб берилгани йўқ, дейди Стив Свердлоу.

Айни пайтда ташкилот вакили Тошкентда 13 июнга қолдирилган суд мажлисида адвокат билан бирга HRW ходими иштирок этишига рухсат берилиши расмий Тошкентдан сўралаётганини қўшимча қилди.

- Human Rights Watch ўзига нисбатан айбловларга жавоб бериш имконига эга бўлишни ва ўз қонуний вакилини Тошкентда бўладиган маҳкамага жўнатишни истайди. Ўзбекистон ҳукумати эса бунинг учун бизнинг вакилимизга виза бериши керак.

Аммо, ҳозир асосий масала бу эмас. Асосий масала Ўзбекистонда 1996 йилдан бери ишлаб келаётган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаолиятига барҳам беришга уриниш бораётганидир. Биз бу нафақат бизнинг ташкилот фаолиятини тўхатишга уриниш, балки шу билан Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вакиллари фаолиятига барҳам бериш ҳаракати бораётганидан хавотирдамиз, дейди Озодлик билан суҳбатда Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Стив Свердлоу.

Эслатамиз, Ўзбекистон Олий суди Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Тошкентдаги ваколтхонасини ëпишга оид 3 июнга белгиланган маҳкамани 13 июнга қолдирди.

Маҳкамада адвокат Сергей Майоров ташкилотни ҳимоя қилади.

3 июн куни Сергей Майоров Озодлик билан суҳбатда Human Rights Watch доимо Ўзбекистон қонунчилигига риоя қилиб келгани ва ташкилот вакилларига акредитация бермаслик йўли билан унинг фаолиятини фалаж қилган ўзбек расмийлари амалдаги қонунчиликни бузган, деб ҳисоблашини айтар экан, маҳкамадан адолатли ҳукм кутаëтганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG