Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:41

Ўзбекистонда уй-жой ипотекаси битта банк тасарруфига ўтади


Ўзбекистонда ипотека кредити асосида қурилаётган уй. ЎзА агентлиги фотосурати.
Ўзбекистонда ипотека кредити асосида қурилаётган уй. ЎзА агентлиги фотосурати.

Аҳоли учун уй-жойлар қурилишини кенгайтириш мақсадида тузилган Ипотека кредитлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси эса тугатилади.


Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг шу йил 25 май куни чиқарган қарорига мувофиқ Ипотека кредитлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тугатилмоқда ва унга қарашли активлар, тегишли тартибда, Қишлоқ қурилиш банки ихтиёрига ўтказиладиган бўлди.

Қишлоқ қурилиш банки ходими бундай қарор қабул қилинганидан хабарлари борлиги, аммо унинг ижросига оид йўриқнома юборилмаганини таъкидлади.

- Ҳозирча бизда қарор бор, холос. Яъни, жараён энди бошланади. Лекин бизга қўшимча қанча маблағ келиб тушади ёки бизда яна қўшимча қанақа молиявий имконият бўлади, бизга ҳали номаълум, деди саволимизга жавоб берган Қишлоқ қурилиш банки ходими.

Ипотека кредитлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Ипотека банки, асосан шаҳар жойларда аҳоли учун турар-жой уйлари қурилишини кенгайтириш мақсадида 2005 йилда ташкил этилган эди.

Шаҳарларда уй-жой олишни истовчи фуқароларнинг талаблари асосида Ипотека банки Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Ипотека кредитлашни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан молиявий ёрдам олар эди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовга кўра, ипотека бўйича бу механизм дастлаб яхши иш берган.

- Охирги уч-тўрт йил ичида механизм ишлади. Ëш оилаларга камида 15 йил муддатга ипотека кредити берилди. Мана мисол учун, ëш оилалар 2005-2006 йилларда 40 миллион сўмга уй-жой сотиб олган бўлса, ҳозир уларнинг ойлик тўлови 500-600 минг сўмдан ошаëтгани йўқ. Бу фоизи ва асосий қарз тўлови билан қўшганда. Яъни, йилига 12 фоиз, ошиб борса 18 фоиз тўлов бор, дейди ипотека тўловининг бюжетдан ойлик олиб ишлайдиган ўртаҳол ва ундан пастроқ қатлам қурбига мос бўлганини таъкидлаган Ориф Ҳошимов.

Шунингдек иқтисодчи уй-жой қурилиши соҳаси тўлиқ давлат назоратига олиниши қишлоқ жойларда қурилишни тартибга солишини ҳам эътироф этар экан, бунинг натижасида, қишлоқ жойлардаги турар-жойлар билан боғлиқ оддий муаммолар, масалан, канализация, сув, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳал қилиниши мумкинлигини айтади.

Ўзбек расмий матбуоти ҳам ҳозирга келиб асосий эътибор уй-жойларни кўпроқ қишлоқ ҳудудларида қуришга қаратилганини таъкидламоқда.

Яъни, шаҳарларда уй-жой қуриш учун давлат бюжетидан ажратилган маблағ энди қишлоқ жойларидаги қурилишларга йўналтирилмоқда.

Аслида республика бўйлаб турли вилоят ва туман марказларида қурилаётган уй-жойлар бўйича ипотека кредитлаш соҳаси Қишлоқ қурилиш банки ихтиёрида эди.

Навбатдаги қарор билан бу монополия янада мустаҳкамланди, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

- Қишлоқ қурилиш банки бу ерда монопол бўлиб қолди. Қурилиш компаниялари, смета компаниялар ҳам мутлақ монопол. Фақатгина улар тасдиқлаган лойиҳа асосида уй қурилаяпти. Истеъмолчида танлов йўқ ва бу ўз-ўзидан сифатсизлик ҳамда масъулиятсизликка олиб келмоқда, дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов ипотека кредитлаш соҳасида аҳолига енгилликдан кўра муаммонинг кўплигини алоҳида таъкидлаб.

Янги қурилаётган уй-жойлардаги смета камчиликлари ва ипотека кредити асосида қурилаётган уйларнинг қимматлиги ҳақида ўзбекистонлик аҳоли вакилларидан Озодликка ҳам кўплаб қўнғироқлар бўлган.

Жумладан, Қашқадарёнинг Косон туманида истиқомат қиладиган пенсионер Жўра бува ипотека кредити асосида қурилаётган уй-жойларнинг ишсиз бўлган оддий аҳоли қатлами учун қимматлигини айтади.

- 69, где то 70 миллионга сотилаяптида. Буниям 30 фоизини бошидан тўлаш керак. Қани энди пул бўлса, пулим йўқда. Мен пенсионер бўлсам. Ўғлим бирор жойда ишлаганда эди, тўғри эрта бир кун 15 йилда узилади, десак. Иш йўқ, бир фермерга бориб ишласа, пулини бермайди, алдайди. Бу уйларни пулдорлар олаяпти. Пули борлар олаяпти. Мисол учун, тайин жойдан пул келиб турган докторлар, баланд соҳада ишлайдиганлар, мансабдорлар олаяпти, дейди Жўра бува.

Шунингдек, ўз тумани мисолида бу суҳбатдош қиммат нархда қурилган янги уй-жойларнинг сифати ҳам қониқарсиз экани айтади.

- Пала-партиш қилиб кетган, чала қилиб кетган уйларни. Бир хил жойларининг обшивкаси бўлмаган. Бир хилларининг канализациялари битмай ëтибди. Монтаж ишлари бўйичаям шунақа. Чала-чулпа қолиб кетган, дейди Косонлик пенсионер, 6 ўғилга уй-жой сўраётган Жўра бува.

Айни пайтда Озодликка Самарқанд вилоятидан қўнғироқ қилган айрим тингловчиларимиз бу вилоятда давлат қуриб бераётган коттежларга харидор йўқлиги боис, бундай уйларнинг мажбурий равишда маҳаллий фермер ва савдогарлар сотилаётгани ҳақида сўзлаган эди.

Тошкент вилоятидан қўнғироқ қилган баъзи тингловчилар эса, аксинча уларга бундай уй-жойлар етишмаётгани ҳақида сўзлаган эдилар.

Иқтисодчи Ориф Ҳошимов давлат бюжетидан ипотека учун ажратилаётган катта маблағнинг тўғри сарфланиши ва бу уй-жой аҳолининг муҳтож қатламига тегиши учун ипотека кредитлаш соҳаси, шубҳасиз, монополиядан чиқарилиши ва бу соҳада рақобат муҳити яратилиши керак, деган фикрда.

У ўз дўсти мисолида гувоҳ бўлгани бир ҳолатни тилга олди.

- Мана қаранг, дўстим 72 миллион сўмга ўша пайтда тўрт хонали уй олди ва 2009 йил ноябр ойида 25 фоиз пулини тўлади. 2010 йил сентябр ойига қурилиш якунланиши керак эди. Лекин ҳалигача қурилиш ишлари якунлангани йўқ. Ваҳоланки, дўстим кредит бўйича фоизларни тўлаб бораяпти.

Унга уйнинг планиям ëққани йўқ. Кабелларга ишлатилаëтган алюмин симларини эса ўз ҳисобидан алмаштиришга мажбур бўлди. Ҳали уй битгани йўқ, аммо ҳозирни ўзида ёнидан яна 10 миллионча пул сарфлади.

Шунинг учун, мен айтмоқчи бўлган нарсам, тўғри бу механизм жуда яхши мезанизм. Уни қўллаб-қувватлаш керак. Лекин, давлат қўллаб-қувватлаши билан баб-баравар бу жараёнга турли банклар, қурилиш ташкилотлари киритилса эди, биринчидан, уй-жойлар нархи тушади. Иккинчидан, банклар томонидан хизмат кўрсатиш сифати ошган бўларди. Учинчидан, сметалардаги камчиликлар ҳам камайган бўларди, деб ҳисоблайди ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.
XS
SM
MD
LG