Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:37

Бир йил аввал рўй берган воқеаларни эслаб


2010 йил 18 июн куни суратга туширилган Ўш манзараси.
2010 йил 18 июн куни суратга туширилган Ўш манзараси.

Бугун нима бўлаётганини тушуниш, эртага нимани кутишни билиш учун кеча нима бўлганини билиш лозим.


Бошқа мавзулардаги мақолаларимиз тушунарли бўлиши учун ўтган йилнинг 10 июни оқшомидан 15 июни тонгигача 4 куну 6 тун давом этган қирғиннинг баъзи дақиқаларини ёдингизга солмоғимиз лозим.

Бу ишда Ўш воқеаларини ўрганган Халқаро комиссия ҳисоботида келтирилган хронология ҳамда радиомиз архивида сақланаётган овозлардан фойдаланaмиз.

Шуни эслатиб ўтмоқчимизки, мақола давомида Ўш ва Жалолободда 4 кун ва 6 тун давомида содир этилган ҳар бир жиноят тафсилотига тўхталиш имконимиз йўқ. Фақат баъзи фактларнигина келтирамиз.

10 июн. Кечки соат 10. Ўшдаги казино олдида бўлиб ўтган тўқнашув шаҳарнинг турли жойларига ёйилди ва расмийлар назоратни қўлдан чиқарди.

11 июнга ўтар тун. Соат 2 да Ўшда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ўшнинг асосан ўзбеклар яшайдиган Мажримтол маҳалласи деярли тўлалигича куйдирилди.
Тонгги соат 4. Шаҳардаги Фрунзе бозори олдидаги ўзбекларга қарашли савдо ва овқатланиш объектларига ўт қўйилди, мол-мулк таланди.

Шу куни кундузи шаҳар четидаги Фурқат қишлоғида ўзбеклар уйларига ўт қўйилди, тинч аҳоли ўққа тутилди.

- Беш-олтита уй ëнаяпти қаторасига.

Озодлик: Ким ўт қўйиб юборди?

- Қирғизлар, қирғизлар ўт қўйган бари ўзбекларнинг уйига. Каримжоннинг уйи, Қобил аканинг уйи, Иззатулло аканинг уйи, деб хабар қилганди бир фурқатлик.

Орадан кўп ўтмай, тингловчимиз билан яна боғлангандик.

- Мана танк ҳозир олдимиздан ўтиб кетди. Отаяпти но орада тўртта-бешта одам ҳалиги, (шу жойда автоматдан интенсив ўт очилаëтгани эшитилди) мана, вой-вўй, бу даҳшат, дўзах бўлиб кетди. Эшитилаяптими, деган эди фурқатликлардан бири.

Худди шу воқеа тўғрисида халқаро комиссия ўз ҳисоботида мана бундай деб ёзган: “Туш пайтида Фурқат қишлоғида ҳарбий ва ноҳарбий қирғизларга автоматик қурол тарқатилди. Ўзбеклар қурган баррикада бузиб ташланди ва кетидан оммавий қотилликлар ва ўт қўйишлар бошланди”.

Фурқатдагига ўхшаш жиноятлар 11 июн куни Ўшнинг Черемушки, Шаҳид тепа мавзеларида амалга оширилди.

12 июн. Эрталаб соат 7да БТРлар ёрдамида босқинчилар Мажримтол маҳалласига ёриб кирди. Уйларга ўт қўйилди. Мол-мулк таланди.

Ўзбек маҳалларига ҳужум қилган миллатчиларга қирғиз ҳукумат кучлари ёрдам берганини кейинчалик халқаро комиссия тасдиқлади.
Шу куни эрталаб қирғиз миллатига мансуб оломон Жалолобод вилоятидаги бир неча милиция бўлими ва ҳарбий объектларда сақланаётган ўқ отар қуролларни эгаллаб олди.

Москвада қирғизистонлик ўзбеклар митингга йиғилди. Улар орасида космонавт Солижон Шарипов ҳам бор эди.

- Охирги информация бўйича, кеча Роза Ўтунбаева Путин билан гаплашган. Миротворческий помош деган нарса бор. Ўша ëрдам бугун-эрта Ўшга боради, деган эди Солижон Шарипов.

Солижон Шариповнинг бу информацияси ўша куни кўпчиликда умид уйғотди. Лекин кунлар ўтавердию ҳеч қандай ёрдам бўлмади.

12 июн куни Ўшнинг ўзбеклар яшайдиган қатор маҳаллаларида ўт қўйишлар ва талон-тарож давом этди.

Шу куни Жалолободда Халқлар дўстлиги қирғиз-ўзбек университетига ўт қўйилди. Фожеадан сўнг университетни қурган Қодиржон Ботиров жиноятчи деб эълон қилинди.

13 июн. Шу куни эрталаб қирғиз миллатига мансуб оломон Жалолобод вилоятидаги бир неча милиция бўлими ва ҳарбий объектларда сақланаётган ўқ отар қуролларни эгаллаб олди.

12 июн куни Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университетига ўт қўйилди.
Шу куни Жалолободдан қўнғироқ қилган бир тингловчимиз мана бундай деган эди.

- Бутун дунëдаги тинчликсевар давлатларнинг раҳбарларига қаратиб айтамиз илтимос қилиб, Қирғизистон аҳлининг ўзбек миллатига мансуб бўлган кишиларнинг ҳаммасининг номидан сўраниш, илтимос, кеча Ўшда такрорланган нарса Жалолободда такрорланилаяпти. Одамларнинг қони дарë бўлиб оқаяпти, деган эди жалолободликлардан бири.

Ўш яқинидаги Наримон қишлоғида милиция бошлиғи ўлдирилди, Жалолобод вилоятида эса, Сампа деган жойда маҳаллий ўзбеклар қирғизларнинг машиналарига ўт қўйди, ўзларига ўқ отди.

14 июн. Ўшдаги вазият, умуман олганда бироз тинчиди. Бироқ талон-тарож, жинсий зўравонлик, гаровга олишлар давом этди.

Жалолободда кун бўйи тўқнашувлар, тун бўйи эса талон-тарож давом этди. Бу ердаги вазият 15 июн куни тонгга бориб тинчланди.

Шундай қилиб 4 кун ва 6 тун давом этган даҳшат тўхтагандай бўлди. Бироқ бу “Ўш қирғини” аталмиш фожеанинг актив фазаси эди холос.

Шундан сўнг ўзбек маҳаллаларида зачисткалар, ўзбек хотин-қизларни ўғирлашлар, зўрлашлар, милиция томонидан ўзбекларни оммавий ва якка тартибда қўлга олишлар, уларни қийноққа солиш, пул талаб қилиш, ўзбекларга турли минбарлардан, оммавий ахборот воситаларидан маънавий-руҳий азоб бериш фазаси бошланди ва хабарларга қараганда, бу кўринишлар ҳанузгача барҳам топган эмас.

Қирғизистон бош прокуратураси 7 июн куни эълон қилган маълумотларга қараганда, июн воқеалари давомида 438 киши ўлдирилган. Прокуратура ўлдирилганларнинг миллати тўғрисида маълумот бермаган.

Бироқ халқаро комиссия ҳисоботида айтилишича, Ўш қирғини давомида ўлдирилганларнинг 75 фоизи, воқеалардан сўнг жиноий жавобгарликка тортилганларнинг 80 фоизи ўзбеклардир.
XS
SM
MD
LG