Линклар

Шошилинч хабар
10 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:51

Экстрадиция қилинган 29 қочқин Ўзбекистон ИИВда экани айтилмоқда


29 қочқиннинг Олмаотада ҳимоясиз қолган оила-аъзолари аксарияти 2-8 ёшлар атрофидаги ёш болалар экани айтилмоқда.
29 қочқиннинг Олмаотада ҳимоясиз қолган оила-аъзолари аксарияти 2-8 ёшлар атрофидаги ёш болалар экани айтилмоқда.

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 қочқин, яқинларидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида сақланмоқда.


Шу йил 9 июн куни Ўзбекистонга бериб юборилган 29 ўзбек қочқинидан бирининг рафиқаси Умиданинг Озодликка айтишича, экстрадиция қилинганлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳибсхонасида сақланмоқда.

- Бугун менинг уйимдагилар хабар беришди. Бугун менинг турмуш ўртоғимини топишибди. Ҳозир МВДда экан. Озиқ-овқат олиб боришган эмиш. У озиқ-овқат қўлларига етказиладими, йўқми унисини билмайман. Ҳозир аҳволларидан ҳам хабарим йўқ,- дейди турмуш Умида.

Шунингдек, бу аёл қочқинларнинг Ўзбекистондаги яқинлари қаттиқ босим остида экани ва ҳаттоки, Олмаотада юрган қочқинлар билан мулоқотдан ҳам чўчишаётганини айтади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ихтиёрига топширилган қочқинлар рўйхати ҳам уларнинг оилаларига номаълум қолмоқда.

- 29 қочқин бериб юборилгани ҳақида ёзма жавоб бор, лекин уларнинг рўйхати бизга берилгани йўқ,- дейди Олмаотада қолаётган Умида.

10 июн куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, Ўзбекистон томони экстрадиция қилинган қочқинларнинг ҳуқуқлари кафолатланишини ваъда қилганини билдирган эди.

"Ўзбекистон томони "Қизил хоч", Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва қатор бошқа халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилот жазони ижро этиш муассасаларига бемалол кириб чиқиш имконига эга ва уларнинг (экстрадиция қилинган қочқинларнинг-таҳр.) ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилишлари мумкинлигини ваъда қилди", дея таъкидлаган эди Қозоғистон ТИВ матбуот вакили Ильяс Умаров.

Аммо, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг барчаси Ўзбекистондан ҳайдалган ва Ўзбекистонда расман ишлаш имкони берилган "Қизил хоч ва қизил яримой жамияти" ҳам жазони ижро этиш муассасаларига бемалол кириб чиқа олмаслиги мунтазам таъкидлаб келинади.

Шундай оғир вазиятда Ўзбекистонда ишлаб келаётган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сураът Икромов Қозоғистондан экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқини ҳақида расмий идоралардан маълумот олишга уринаётганини айтар экан, бу қочқинлардан бир нечасининг оиласи кўмак сўраб, унинг ташкилотига мурожаат қилганини айтди.

Унга кўра, кўпчилик оилалар ҳануз ўз яқинларининг қаерда сақланаётгани ва уларнинг аҳволи ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.

Айни кезда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқинининг Олмаотадаги оила-аъзолари мақоми ҳам ноаниқлигича қолмоқда.

Турмуш ўртоқлари 9 июн куни қонунга зид равишда Ўзбекистонга бериб юборилганидан сўнг ўзи учун ҳуқуқий ҳимоя излаган қочқин аёллар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан жавоб ололмаганидан кейин БМТнинг Олмаотадаги ваколатхонасига мурожаат қилганини айтмоқда.

Умиданинг сўзларига кўра, бу идора ходимлари ҳам ҳимоясиз аёлларнинг саволларига аниқ жавоб бермаган.

- “Бизларнинг мақомимиз қандай? Сизлар бизларни ҳимоянглар остига оласизларми?” деб савол бердим. “Сизлар бошпана изловчи шахс мақомидасизлар”, деди. Кейин “Бизларга бошпана изловчи, деган қоғоз берасизми?” десам, “Данний момент, сизларга ҳеч қанақа қоғоз бера олмаймиз. Лекин сизлар бемалол яшайверинглар”, дейди. “Сизлар бизларни ҳимоя қиласизларми?” деб бир неча маротаба сўрасам, “Мен бу саволингга жавоб бера олмайман. Мен сенга яна қайтараман, сизлар Қозоғистон территориясида бемалол яшашинглар мумкин” деди, - дейди ҳозир Олмаотада ёш болалари билан ҳимоясиз қолган ўзбекистонлик қочқин аёл Умида.

Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юборилган ўзбекистонлик қочқинларнинг бу шаҳарда қолган оила-азолари сони 50дан ортиқдир.

Бу қочқинларнинг аксариятини ёши 2-3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади ва уларнинг аксариятида Қозоғистонда яшаш учун рухсат берилган рўйхатга олиш муддати якунига етган.

Аёллар бу муддатни узайтириш учун дастлаб қилинган мурожаатлари қондирилмагани, эндиликда эса улар мамлакатда туриш тартиб-қоидасини бузганликда айбланаётганини айтмоқда.

9 июн куни Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқинидан бирининг рафиқаси бўлган Умида 4 нафар ёш гўдаги билан Олмаота шаҳрида ҳимоясиз қолган ва айни кезда Ўзбекистонга ноқонуний бериб юборилган қочқинларнинг у каби ҳимоясиз қолган аёллари, фарзандлари энг биринчи навбатда моддий ва шунингдек, ҳуқуқий ёрдамга жуда муҳтож эканини айтмоқда.

Умиданинг айтишича, турмуш ўртоқлари ҳибсга олинганидан сўнг бу қочқин оилаларга ижарага уй берган қозоғистонликларинг айримлари ҳимоясиз аёлларни ижрадан чиқариб юборган.
XS
SM
MD
LG