Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:32

Москва вилоятида депортация лагери қурилади


Россия расмийлари учун меҳнат муҳожирларини депортация қилиш билан боғлиқ муаммо долзарб бўлиб қолганга ўхшайди.
Россия расмийлари учун меҳнат муҳожирларини депортация қилиш билан боғлиқ муаммо долзарб бўлиб қолганга ўхшайди.

Москва вилоятида депортация қилинаётган ҳорижликларни вақтинчалик сақлаш изолятори қурилади. Ҳозирда Москва вилоятида мигрантларни вақтинчалик сақлаш муассасалари йўқлиги айтилмоқда.


Москва вилоятида Россиядан депортация қилинаётган муҳожирларни вақтинчалик сақлаш изолятори қурилади. Москва вилояти Минтақавий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи муовини Василий Афанасьевнинг муассаса қурилишига федерал бюджетдан катта миқдорда маблағ сарфланади.

"Бу йўналишда ҳаракат давом этмоқда. 200 кишига мўлжалланган махсус муассаса қурилишига 250-300 миллион рубл ажратилиши кўзда тутилган" – деди Василий Афанасьев.

Москва вилояти прокурори Александр Аникин бир неча ой аввал вилоятда мигрантларни депортация қилишдан аввал сақлайдиган изоляторлар йўқлигини таъкидлаган эди.

Маълум бўлишича, Москва вилояти ИИБси балансида Серпухов округида жойлашган депортация қилинаётган шахсларни вақтинчалик сақлаш учун хизмат қиладиган ягона муассаса мавжуд.

Афанасьев муҳожирларга мўлжалланган бу бино 2006 йилда қурилиши режалангани, аммо молиявий сабабларга кўра қурилиш ишлари қолдириб келинганини таъкидлади.

"Миграция – 21 аср" жамғармаси президенти, Россия Федерал миграция хизмати директорининг собиқ муовини Вячеслав Поставнин Озодлик билан суҳбатда ҳукуматнинг қарорини ижобий баҳоласа-да, Москвадек йирик мегаполисга 200 кишилик депортация лагерининг қурилиши масалани ҳал эта олмаслигини гапиради.

- Бу доимо муаммо бўлиб келган. Яқингача муҳожирлар ИВС – вақтинчалик сақлаш изолаторларида сақлаб келинган. Ахир бу қамоқхонаку! Ваҳоланки депортация қилиш учун мўлжалланган муассаса мутлақо бошқа нарса. Албатта, бундай муассасалар бўлиши керак, лекин у ерда миллион кишини сақлаймиз дейишнинг ўзи ахмоқлик. 200 кишига сарфланаётган маблағ шунча бўлса, қолганини гапирмаса ҳам бўлади, дейди Вячеслав Поставнин.

Москвадаги Сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроев Россиядан депортация қилинаётган муҳожирларни вақтинчалик сақлаш муассасалари фаолияти билан яқиндан таниш. Унинг айтишича, Россия ҳукумати меҳнат мигрантларни Москва шаҳри ва Москва вилоятидан сиқиб чиқармоқда.

- Умуман Москва бўйича иккита спецприёмник мавжуд. Биттаси Северний кўчасида, унга Ўрта осий, Украина, умуман МДҲ давлатларидан ушланган муҳожирлар юборилади. Яна бир спецприёмник Ғарб, араб мамлакатларидан келганларга мўлжалланган. Албатта, Россия ўзининг сиёсати орқали мигрантларга кескин чораларни кўради, чунки мигрантларга қарши агитация қилиши, мигрантлардан доимо нолиб гапириши келажакда меҳнат мигрантларига қарши ҳаракатлар тайёрланаяпти. 300 миллион рублга қурилаётган бу бино репрессив бино бўлади. Россия қонунчилиги мигрантларга қонунларни бўзмасдан ишлашга имкон бермайди, дейди Баҳром Ҳамроев.

“Мемориал” ташкилоти фаоли бугунги кунда ҳам депортация қилинаётган ҳорижлик мигрантлар депортация лагерларида деярли қамоқ муддатини ўтаб чиқаётганини айтади.

- Улар қариндош уруғларидан пул йиғиб ўзлари чиқиб кетишади. Бу доимий муаммога айланган. 5-6, ҳатто 8 ойлаб турган Ўзбекистон фуқаролари бор. Улар касал бўлса медицина ёрдами кўрсатилмайди... Бу умуман инсон ҳуқуқларига тўғри келмайди, дейди Баҳром Ҳамроев.

Москвадаги “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина Москвада депортация қилинаётганлар учун шароитлар чидаса бўладиган даражада, минтақаларда эса, мутлақо шароитлар йўқлигини гапиради.

- Москвадаги Северний бироз дуруст бўлсада, қолган жойлардаги шароитлар йўқлиги туфайли одамлар ИИБнинг шароити йўқ махсус приёмникларида сақланмоқда. Ахир у ерда ёш болали аёллар, ўсмирлар ҳам сақланади. Россия Маъмурий Кодексида депортация қилинаётган шахс учун асосий жазо сифатида жарима кўрсатилган, бадарға қилиш эса қўшимча чора эканлиги белгиланган, дейди Елена Рябинина.

Оммавий ахборот воситиларидан олинган маълумотга кўра, сўнгги бир неча ой ичида ҳорижлик фуқароларни вақтинчалик сақлаш муассасалари Россиянинг Якутия, Воронеж, Николаев минтақаларида ҳам ишга туширилган.
XS
SM
MD
LG