Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

Ургут бозорида яна тўполон


Ўзбекистон бўйлаб бозорларни кўчириш, ургутлик савдогарлар қаршилигига учради.
Ўзбекистон бўйлаб бозорларни кўчириш, ургутлик савдогарлар қаршилигига учради.

23 июнь куни кечқурун Ургут туманидаги марказий буюм бозорида савдогарлар ва милиция ходимлари ўртасида бўлган тўқнашувда бир неча киши тан жароҳати олди. Ниқоб таққан милиция махсус кучлари (ОМОН) савдогарларни янги бозорга кўчиришга ҳаракат қилган. Ўртада чиққан жанжал муштлашувга айланиб кетган. Милиция ходимлари ўнга яқин тадбиркорни ҳибсга олган. Бир неча киши бу тўқнашувда жароҳат олганлиги айтилмоқда.


Ургут туманидаги “Рисолат” буюм бозорига Самарқанд шаҳридан олиб келинган 9 нафар омончи ва кўп сонли милиция ходимлари 23 июнь куни кечки соат саккизларда кириб келишди, дейди Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бири.

Унга кўра, милиция ходимлари қуршовида келган маҳаллий расмийлар савдогарлардан дарҳол янги бозорга кўчишни талаб қилган, бироқ савдогарлар бу талабни бажаришдан бош тортган. Шундан сўнг, омончилар куч ишлата бошлади, дейди тадбиркор:

- У бозорни битказиб, бизларга жой ажратиб бермагунча бизлар ҳали бормаймиз. Бизлар шу ерда савдо қиламиз деяпти булар. Охири урушишга олиб келдида. Аëллар “кетгин бу ердан” деб борди. Улар аëлларни урди, болаларини уришди. Болалар ҳам “нимага бизларнинг аëлларимизни урасан” деб мелисаларни тош билан уришди,- дейди тадбиркорлар аёллардан бири.

Тадбиркорлар шу кеча ўз жойларини қўриқлаб бозорда тунаб қолганлар. Озодлик суҳбатдошига кўра, бозордаги тадбиркор аёллардан бирининг қўлига милиция ходимлари шикаст етказган. У рўй берган воқеа хусусида маълумот беришдан қўрқишини айтди:

- Акажон, мен қўрқаман тўғриси. Ҳеч нарса дея олмайман ҳеч кимга. Йўқ, йўқ, айта олмайман акажон. Ҳеч нарса дея олмайман.

Озодлик: Сизнинг қўлингизними, елкангизними синдиришиптику?

- Ҳеч нарса дея олмайман акажон. Чунки оиламдан қўрқаман. 15 яшар қизим бор,- дейди милиция ходимлари билан тўқнашувда жабр кўрган тадбиркор аёл.

24 июнь куни эрталаб бозорда яна савдогарлар йиғила бошлади. Шу куни уларнинг сони 2 мингдан ортиқ эди, - дейди исми сир қолишини сўраган тадбиркор:

- Бугун ҳам қарасак шу аҳволда. Кейин бугун ҳокимнинг ўзини чақиртириб, ҳоким билан музокара қилдилар. Маслаҳат қилдилар ҳоким ҳам айтаяптиларда “ўша ëққа борасан давай”. “Бизларга у ëқни тайëрлаб бергин” деса ҳам “Тайëрлаб беришади. Борасизлар” деб яна бозорга бугун молия, налогларни айтган “давлай юкларнинг ҳаммасини йиғиштирасан”. Налоглар юкларни йиғиштириб ҳаммасини нима қилувди охири яна шу жанжалга олиб келишдида. Фуқаролар билан милициялар яна уришди. Олиб боришиб болаларни тиқиб ҳам қўйди. Мелисалар бачаларни уриб машинага тиқиб олиб кетишди, - дейди тадбиркор.

Бироқ 24 июнь куни “ОМОН” келмади. Маҳаллий милиция ходимлари билан яна кичик тўқнашувлар бўлди. Оқибатда, туман прокурори келиб “ҳозирча ишлаб туринглар”, деб айтиб кетди,- деб қўшимча қилади ургутлик тадбиркор.

Шу бозорда савдо қиладиган, исми сир қолишини сўраган бошқа бир тадбиркорга кўра, кўчирилишга мажбур қилинаётган Янги бозор тумандан 7 километр узоқликда, тоғ тагида жойлашган. Бироқ, уларнинг асосий мақсади, пул қилишдир, чунки янги савдо жойларининг нархи осмонда, -дейди тадбиркор:

- 3 метрга 2,5 метр дўконларни 16 миллионга сотди. Халқ олди шуни ноилож нима қилсин. Қийинку халққа, биласиз ўзингиз. 1,20 кенгликка эга жойни 3,5 миллионга сотаяпти.

Озодлик: Янги бозордан-а?

- Янги бозорда. Навес қурган. Ичи иссиқ энди қўяверасиз. Асосан четдан келганлар олаяпти, маҳаллий савдогарлар эса “менга кераги йўқ” деб кетаяпти. Шу бир бало қилиб Ургут шаҳрининг бозорини йўқ қилдиларда, - дейди савдогарлардан бири.

Озодлик радиоси бу воқеага муносабат олиш учун Ургут тумани ҳокимияти билан боғланди. На ҳоким ўринбосари ва на ёрдамчиси бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермади.

Озодлик бу воқеа ривожини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG