Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

Россия аҳолиси муҳожирлар ҳисобига сақланмоқда


Россияни демографик инқироздан қутқариб турган миллионлаб муҳожирларнинг каттагина қисмини ўзбекистонлик мардикорлар ташкил қилади.
Россияни демографик инқироздан қутқариб турган миллионлаб муҳожирларнинг каттагина қисмини ўзбекистонлик мардикорлар ташкил қилади.

Муҳожирлар Россияни аҳоли нуфузи тушиб кетишидан сақлаб қолмоқда. Россия давлат статистика қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, 2011 йил бошидан 1 майга қадар россияликлар сони яна 66 минг кишига камайган.


Россия давлат статистика қўмитаси эълон қилган рақамларга кўра, ўтган йилнинг биринчи чорагида Россияда 557,9 минг чақалоқ туғилган бўлса, 2011 йилнинг шу даврида 572 минг туғилиш қайд этилган. Мамлакат бўйлаб ўлимлар сони эса, ўтган йилнинг январ-апрел ойларида 679,3 мингни ташкил қилган, жорий йил бошидан 1 майга қадар 658,7 минг россиялик ўлган.

Статистика қўмитаси бу рақамлардан чиқарган ҳисоб китобларга кўра, туғилишлар суръати билан табиий ўлимлар сони ҳам камайиб бораётганига қарамасдан, 2011 йил биринчи чорагида Россия аҳолиси сони 66,1 мингга камайган.

Мутахассислар демографик муаммоларни бошдан кечираётган Россия аҳолиси нуфузининг камайиб бориши 34,4 фоизга муҳожирлар ҳисобига қопланаётганини таъкидламоқда.

Россия статистика қўмитаси раҳбари Александр Суринов 21 июн кунги матбуот анжуманида ўтган йилнинг октябр ойида Россия аҳолиси рўйхатга олинганда ноқонуний муҳожирлар ҳам ҳисобга олинган, дея маълум қилди.

- Биз бошқа тузилмалардан фарқли ўлароқ, ноқонуний миграцияни ҳам ҳисобга олдик. Буларни ноқонуний ҳам дейиш ҳақиқатга яқин эмас, чунки одамлар Россияга қонуний йўл билан кириб келмоқда, бир қисми ноқонуний равишда қолиб кетмоқда... Шунинг учун аҳоли сони, жинси ва ёши жиҳатидан берилган рақамларга тўлиқ ишонса бўлади,- дейди Росстат директори Александр Суринов.

РБК daily нашрига берган интервьюда Суринов аҳолини рўйхатга олиш пайтида Россияда 14 миллион муҳожир рўйхатга олингани ва бу йилги кўрсаткичлар йил охиригача эълон қилинишини айтди.

Халқаро Валюта Жамғармаси ўтказган ижтимоий-демографик тадқиқотлар натижаларига кўра, Россияга ҳар йили 12,5 миллион муҳожир кириб келади.

Москвадаги Демография институти директори Игорь Белобородов ноқонуний меҳнат муҳожирлари оқимининг бундай кўлами Россияда миллатлараро ва маданиятлараро туқнашувлар эҳтимолининг ошишига сабаб бўлиши мумкин, деган фикрда.

- Бугунги кунда мигрантлар ҳатто табиий ўлим билан боғлиқ кўрсаткичларни қоплай олмаслиги аниқ. Кўпайишга қодир бўлмаган кучсиз аҳолига, унинг маданиятига кудратлироқ аҳоли таъсири кучайса, маданиятлар тўқнашуви юзага келиши муқаррар,- дейди Игорь Белобородов.

Таҳлилчи демографик муаммони Россияда кўп болали оилаларга давлат ёрдамини ошириш орқали эришиш мумкинлигига ишонишини айтади.

Аммо бу масала хусусида ўзгача фикрда бўлган мутаҳассислар ҳам бор.

Россия Демография ва экология марказининг катта илмий ходими Дмитрий Богоявленский Озодлик билан суҳбатда Россияга келаётган мигрантлар кўламининг ортишини оддий ҳолат сифатида қабул қилиш ва бундан катта муаммо ясамаслик керак, дейди.

- Россиянинг туб аҳолиси ҳар қандай миграциясиз ҳам камайиб бормоқда. Бу шунчаки ўлим ҳолатларининг туғилишдан кўплигига боғлиқ. Бизда миграция давом этади ва буни нормал ҳолат деб қабул қилмоқ керак. Бундай ҳолатда миллий низолар кўпайиши ҳам табиий. Бунинг эҳтимолини камайтириш учун Россияда миллий низони қўзғатувчи шиорбозликка чек қўйиш керак, деб ўйлайман,- дейди демограф олим.

Дмитрий Богоявленский миграция билан боғлиқ миллий-маданий муаммоларнинг юзага келишида давлат идораларининг ҳам ҳиссаси бор, дейди. У Россия ҳукумати бир томондан қоғозда муҳожирларга ажратилаётган меҳнат квоталарини камайтираётган бўлса, иккинчи тарафдан миллионлаб ноқонуний мардикорларнинг фаолият юритишига кўз юммоқда, деган фикрда.

Мутахассислар ишга лаёқатли аҳоли сонининг кескин камайиб бориши Россия бизнесининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бири эканини айтишади.

2010 йил октябрида ўтказилган Бутунроссия аҳолини рўйхатга олиш ҳисоботига кўра, 2002-йилдан 2010-йилга қадар Россия аҳолиси 2,2 миллионга, яъни 1,5 фоизга қисқарган.

Бу ҳисоботга кўра, Россия шаҳарлари орасида аҳоли сони пойтахт Москвада ошган. Москва аҳолиси кейинги 8 йил давомида қарийб 11 фоизга кўпайган ва 11,5 миллион кишига етган.

Баъзи ҳисоб китобларга кўра, 2012-2017 йиллар давомида ишга лаёқатли россияликлар сони йилига 1 миллион кишига камайиб боради.

БМТнинг тахминларига кўра, Россиянинг ҳозирги 142 миллионлик аҳолиси 2040 йилга келиб 98 миллионга тушиши мумкин.
XS
SM
MD
LG