Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:35

Ўзбекистондаги одам савдосига оид вазият хавотирли ҳолатда


Ўзбекларни одатда ўзбеклар сотиб юбормоқда, дейди кузатувчилар
Ўзбекларни одатда ўзбеклар сотиб юбормоқда, дейди кузатувчилар

АҚШ Давлат департаменти одам савдосига оид вазият тўғрисидаги янги ҳисоботида Ўзбекистонни хавотирли давлатлар қаторига киритди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра, мамлакатда ишсизликнинг ортиши одам савдосининг авж олишига сабаб бўлаяпти.


Хоразмлик Шихназар Ҳасанов беш йилдирки укаси Баҳодирни қидиради. Унинг айтишича, 27 ёшли Баҳодир Қозоғистонда кимнингдир уйида қулликда ишламоқда.

- Атровнинг ҳамма ерлардан сўраб розискка бериб қўйганман. Яқинда ҳам бердим. Ҳеч қаердан топилмаяпти. Қозоғистоннинг чет жойларига олиб бориб ишлатиб турган бўлишлари мумкин. Шунча йилдан бери қидириб юрибмиз. Ҳамма таниш-билишларга айтиб, розискка бериб, излаб турибмиз энди,- дейди Шихназар Ҳасанов.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов Баҳодир Ҳасанов билан боғлиқ вазиятни ўрганган. Унинг айтишича, Баҳодир Қозоғистоннинг Атров вилоятида қулликда экани аниқланган, бироқ уни қутқариш имкони бўлмаяпти.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, биргина Хоразм вилоятидан кейинги бир йил ичида Баҳодир сингари қулликка тушган 87 одам аниқланган. Уларнинг аксари ҳали ҳам қулликда қолмоқда.

- Ҳозирги кунда Россиянинг Волгоград вилоятининг ўзида Ëқубов Аруз Бояқуш деган озарбайжон миллатига мансуб фуқаронинг қўлида 33 хоразмлик борлиги аниқланди. Бу тўғрида “Нажот” ташкилоти Россиянинг Волгоград вилояти бўйича Омбудсманига, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди. Мана 30 кун бўлаяпти биз ҳозиргача бирорта хабар олганимиз йўқ. Шунингдек, Янгиариқ тумани, Ўзбекистон кўчаси 3-уйда яшаëтган Олия опа Шариповадан бизга мурожаат бўлган эди. Унинг тўртта ўғли Саидов Нодир, Саидов Рўзимбой, Саидов Анварбек, Қурбонов Муродбеклар Қозоғистон давлатига ишга кетишган ва улар қулликка тушиб қолган. Бу ҳақда биз Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилдик. Улардан ҳам ҳеч қандай хабар бўлмаяпти,- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

АҚШ Давлат департаментининг одам савдосига оид вазиятга бағишланган янги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон эркаклар, аёллар ва болалар мажбурий меҳнат қурбонлари бўлаётган ҳамда аёллар ва болалар фохишаликка сотиб юборилаётган мамлакатдир.

Тирикчилик илинжида муҳожиратга чиқиб кетаётган ўзбек эркаклари Қозоғистон ва Россияда қурилиш, пахта ва тамаки саноатларида меҳнат қилишга мажбурланмоқда.

Фохишаликка мажбурланаётган ўзбек аёллари ва болалари Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Тайланд, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Индонезияда кўп учрайди, бундан ташқари Ўзбекистоннинг ичида ҳам одам свдоси қурбонларига айланаётганлар кўп, дейилади ҳисоботда.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти алдов ва товламачилик йўли билан одам савдоси қурбонига айланаяпти.

Ўзбек эркаклари қул ўрнида мажбурий меҳнатга жалб қилинса, ўзбек аёлларининг жинсий эксплуатация қилиниши ҳолатлари кўп, дейди кузатувчилар.

Ўзбекистондаги одам савдоси вазиятини ўрганаётган Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий омиллар, хусусан ишсизлик даражасининг ошиши муаммонинг асосий сабабларидан биридир, дейди.

- Асл сабаби мамлакатда ҳали ҳам ҳисобга олинмаган, расман рўйхатга олинмаган, лекин жуда бир катта миқдорларга етиши мумкин бўлган ишсизлик кўламига боғлаш мумкин, одам савдоси қурбонлари кўплиги муаммосини. Иккинчи даражали сабабларга келсак, масалан баъзи бир ҳолатда одам савдоси қурбонлари сифатида тан олиниши мумкин бўлган фуқароларимиз ўзлари билиб туриб ҳам кетаяпти. Бу асосан аëлларга тааллуқли. Баъзи бир ҳолатларда эълонлар бериб, газеталарда ëки кўчаларда, ишга таклиф қилиб, яхши-яхши мўмай пуллар ваъда қилиб, яхши шароитлар ваъда қилиб, алдаб, олиб чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлади. Бу ерда фуқароларимизнинг билими етишмаслиги, ҳушëрмаслигини кўрсатиб ўтишимиз мумкин,- дейди С. Исмоилов.

Ҳуқуқ фаоллари ўтказган мониторинг натижаларига кўра, кўп ҳолларда ўзбекистонликлар ўз ҳамюртлари томонидан алдов ва товламачилик йўли билан қулликка сотилаяпти.

С. Исмолиов одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳам ўз "ҳамтовоқлари" бор, дея давом этади.

- Бу ерда жуда катта схема бор. Мана шу ҳаракатни амалга ошираëтган ноқонуний гуруҳлар тузиб вербовка қилиш, бунақа аëлларни топиш, Ўзбекистондан чиқиб кетиш учун уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш, Ўзбекистондан чиқиш визаси, чет давлатга кириш визаси, логистика, транспорт масалаларини ечиш, жойларда кутиб олиш, жой билан таъминлаш ва ишга тушириб юбориш – буларнинг ҳаммасини бошқарадиган гуруҳ жуда ҳам кенг. Авиаагентликларда, билет сотадиган агентликларда, турагентликларда ўзларининг одамлари бор. Кейин паспорт столларда ўзларининг одамлари бор. Керак бўлса ички ишлар ходимларининг орасида ўзларининг одамлари бор,- дейди С. Исмоилов.

Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази ходими Баҳром Ҳамроевга кўра, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг тахминан 30 фоизи одам савдоси қурбонига айланмоқда.

Б. Ҳамроев ҳам ўзи ўтказган мониторинг натижаларидан ўзбек мардикорларининг Россияда қулликка сотилиши билан боғлиқ аксар ҳолатларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тратибот идораларининг қўли бор, деган хулосага келганини айтади.

- Ўзбекистон махфий хизматларининг роли жуда катта одам сотишда, ўзлари тўғридан-тўғри шуғулланмаса ҳам бунда қўллари бор. Асосан, Ўзбекистон халқининг олиб келиб сотилишда бевосита алоқалари бор. Мана яқинда маҳкамага тортилди собиқ милиция ходимлари. Улар 24 хоразмликни Россияга олиб келиб, ҳар бирини 110-120 доллардан сотган,- дейди Баҳром Ҳамроев.

Ўзбекистонда одам савдоси ҳукумат доирасидаги шахслар томонидан бошқарилиши борасидаги даъволар айтиб келинади. 2008 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Матлуба Бурхонова одам савдосига алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган ва кейинчалик депутат хоним ўз хоҳишига кўра депутатликдан кетган эди.

Баҳром Ҳамроевга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг хориждаги ўз фуқаролари тақдирига бефарқ қараётгани ўзбек мардикорларининг одам савдоси қурбонига айланишига олиб колмоқда.

- Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари шунақа бир аянчли ҳолатларга тушади. Умуман бирор марта ҳам Ўзбекистон ҳукумати бу нарсаларни бирор-бир давлат раҳбарлари, хусусан, Россия ҳукумати олдига кўтариб чиқмаган. Бу муаммонинг ечимини бериш учун бирор марта Россия ҳукумати билан очиқдан очиқ шу йўналишда бирор-бир иш қилмаган. Шундан келиб чиқамизки, бу одамларни қулликка дучор қилган асли Ўзбекистон ҳукумати,- дейди Б. Ҳамроев.

Ўзбекистон ҳукумати одам савдоси билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олиб, 2008 йилда одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди. Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги ва “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш учун миллий дастур ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳрида одам савдосидан жабр кўрганлар учун реабилитация маркази ташкил қилинди.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида айтилишча, Ўзбекистоннинг ичида ҳам одам свдоси қурбонларига айланаётганлар кўп. "Мамлакат ичида мажбурий меҳнат ҳолатларини, айниқса, пахта йиғим-терим мавсумида кенг кузатиш мумкин. Кўплаб мактаб болалари, коллеж ўқувчилари ва катталар пахта теришга мажбурланади... Ўзбекистон ҳукумати эса одам савдосини йўқ қилиш бўйича минимум тамойилларга тўла риоя қилмасдан келмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон 2-тоифа, лекин хавотир уйғотувчи давлатлар қаторига қўйилди", дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнат ҳолатларини йўқ қилиш учун жиддий қадамларни амалга ошириши лозим, масалан, болаларни пахта теришга мажбурлаётган расмийларни жавобгарликка тортиши лозим, дея тавсия берилади АҚШ давлат департаменти ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG