Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

"Аватар деб камситманг"


Бундай гапларни айтишдан уялиш кераклигини айтган тошкентлик муштарий маҳаллийчиликни касалликка ўхшатади.

"Заводдаги муаммо ҳал бўлмаяпти"

Озодликнинг “Эркин микрофон” эшиттиришига Оҳангарондаги цемент заводи ишчиси Мақсудали Эргашевдан яна қўнғироқ бўлди.

Эргашевга кўра, завод раҳбарияти таркиби ва унинг эгалари алмашган, аммо ишчиларнинг беш йилдан буён берилмай келаётган ҳақи билан боғлиқ масала яна очиқ қолган.

- Оҳангарон цемент заводида ишлардим. Ҳозир Россиянинг Евроцемент компаниясининг қўлида. Бизларга беш йилдан бери ҳеч қандай дивиденд тўламайди. Йиллик ҳисобот бўйича 2010 йилнинг якуни бўйича масжлис бўлди. Акционерлар мажлиси. Мажлис 28 июн куни соат 10 да бошланди. Президент девонига телеграмма берган эдик "бирор вакил юборинглар" деб. Афсуски, ҳеч ким келмади. Мажлис жуда ëмон ўтди. Булар мана ҳозир бешинчи йил ҳеч қандай дивиденд деган нарсани бермаяпти. Булар бизни жуда ерга уриб ташлаяпти.

Озодлик: Бу масалани сизлар мажлисда кўтардингларми?

- Ҳаммасини кўтардик. Бизнинг гапимизга қулоқ солмайди.

Озодлик: Демак, раҳбарлар алмашди, эгалар алмашди, лекин муаммо ҳам бўлмади.

- Ҳал бўлмади. Ҳеч қандай ҳал бўлмади. Улар фақат ўзининг диктатурасини нима қилаяпти бу ерда. Биз айтганмиз, бир нечта одамлар ҳам айтган, қўнғироқ ҳам қилган. Одамлар савол берди "нима учун бермаяпсизлар?" деб. “Бизлар янги завод қурамиз. Бу завод кейин талабга жавоб бермайди. 5-10 йилдан кейин янги завод қурамиз. Шунга йиғаяпмиз. Завод қуришга тайëргарлик қилаяпмиз” дейди. Жуда катта жанжал билан ўтди. Кейин Москвадан келган гуруҳга савол бердим. “Акциянинг неча фоизи сизларда? Шуни билмоқчи эдик” десам, айтмайди. Ҳаммаси ўрганиб қолибди коммерческий тайна деган гапга, -дейди Оҳангарондаги цемент заводи ишчиси Мақсудали Эргашев.


"Ҳаммамизнинг ватанимиз бир"

“Эркин микрофон”га Европа давлатларидан биридан боғланган яна бир меҳнат муҳожири эса Ўзбекистонда турли вилоятлардан келган ҳамюртларини Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчилар “аватарлар” деб атаётгани ҳақида фикр билдирди.

- Аватар деяпти бугун қишлоқдан келган болаларни. Эшитиб жуда хафа бўлдим сизларнинг сайтингларни кўриб. Аватар нима бу? Шу ҳам гапми? Уялмайдими бу гапни гапиришдан олдин? Асли тошкентликман, лекин шу ëшимга кириб: “у бу ëқдан, бу у ëқдан” қилиб ажратган эмасман. Бу ëмон нарса. Одамни камситишга киради бу.

Озодлик: Кимдир қаердадир туғилган бўлса, у характерида бўлади, деб айтишади. Сизнинг характерингизда йўқми бунақа ажратиш?

- Энди бир хил хаста одамлар бор. Касалликда бу ҳам. “Мана бу сеники, мана бу меники” қилади. Ким қаерда туғилганидан қатъий назар, ватан битта. Кўнгли тўғри бор, кўнгли эгри бор. Одам ажратиш энг ëмон нарса бу. Кимнинг насибаси қаерда бўлса, ўша ердан олади.

Озодлик: Бу йўқолармикан энди? Ëмонлигини ҳамма гапираяпти.

- Жуда қийин нарса бу. Лекин мен биламан, Тошкентнинг 70 фоиз аҳолиси унақа эмас. Ëши катта одам бўлса, ҳеч қачон бунақа камситмайди. Тўғри тушунтириши мумкин. Инсонни камситишга киради бу. Ëмон нарса бу. Ўзи битта ватанда туғилган бўлсак. Қашқадарëдан келадими, Бухородан келадими - ватан битта.

Озодлик: Йўқолиши қийин бўлган муаммо бўлса, мана сиз айни шу масалани кўтариб бизга қўнғироқ қилаяпсиз. Бирор-бир таклифми, хулосами борми?

- Одамлар ўзига назар солсин. Битта гап бор-ку: “Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бошқага ур” дейди. Мисол учун, қўлига уч-тўрт сўм пул тушиб қолиб, мисол учун, бир мусофир ишлашга келган бола-чақам деб. Ўзингиз ўйлаб кўринг, қаëққа борсин? Нима дейди, ошқозонимиз битта бўлса. Бир коса овқат есак, қорнимиз тўяди, тўғрими? Нафсимизни тийсак, ëмон бўлмаймиз, - дейди Европа давлатларидан биридан боғланган меҳнат муҳожири.


Зиндоний Эркин Воҳидовга жавоб ғазалини битибди

“Эркин микрофон”га Россияда мардикорлик қилиб юрган ва ўзига Зиндоний деб тахаллус қўйган ҳаваскор шоир бир неча шеърларини ўқиб берди ва биз улардан бирини бугун сизга эшиттиришга қарор қилдик.

- Эркин Воҳидовнинг битта шеърини ўқиб қолдим бир пайтлар. Ўшанга мен жавоб ëзганман. Ҳозир шу Эркин Воҳидовнинг шеърини ўқиб берсам сизга.

Тиллашибдир бўри бирла тозилар,
Бирлашибдир ўғри бирла қозилар.

Не деб айтар ул баобрў анжуман?
Қўл кўтарсин ушбу ҳолга розилар.

Зўр баҳодирмиз, жасорат биздадир,
Пашша қонин тўккан эй мард ғозилар.

Биз чунон хизматга белни боғладик,
Борми ҳиммат ўлчагич торозилар?

Бизга нелар дер халойиқ бу замон?
Нелар айтар келгуси ҳам мозилар?

Мен ғазал ёзмоқчи эрдим, не қилай?
Бу замон тарихга шундоқ ёзилар.

Кейин "бундан ошириб ëзиш мумкин эмас", деб ўзимча ўйладим. Лекин кунлардан бир кун десангиз, ўзидан ўзи жавоби келди бунинг.

Тиллашсалар бўри бирла тозилар,
Бирлашсалар ўғри бирла қозилар,

Миқ этмаса ул шарманда анжуман,
Гўрга кирсин ушбу ҳолга розилар.

Наҳот баҳодирсиз, фалокат сиздадур,
Пашша қонин тўкманг ифлос гўë ғозилар.

Сиз наҳот хизматга белни боғлабсиз,
Бордир ҳиммат ўлчагич тарозилар.

Сизга лаънат дер халойиқ бу замон,
Лаънат айтар келгуси ҳам мозийлар.

Сиз ғазал ëзолмабсиз, не қилай,
Бу замонлар тарихга кишан деб ëзилар.

Косамиз оқарарму айтинг қани,
Ноиб бўлсалар фақат барзангилар.

Ўйламанг унут бўлгай жиноятлар,
Қасд тилар шаҳид кетган норозилар.


"Журналист опаларга судлар ноҳақлик қилибди"

Озодликнинг “Эркин микрофон” эшиттиришига Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳридан Аҳмад исмли тингловчи “Ёшлар” телеканали собиқ ходимлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловани қувватлаб, фикр билдиришни истади.

- Иккита опахонимиз, Ëшлар телерадиоканалининг ҳозирги вақтда собиқ ишловчилари бизнинг жуда севимли журналистларимиз. Жасоратли аëл улар. Опамиз-ку улар, онамизку улар. Мана шундай жасорат кўрсатиб, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, мана “цензура бор, ноҳақлик бор, порахўрлик бор” деб адолат истаб, ўтган йил адашмасам 6 декабрда нима қилса, босим ўтказиб ноҳақлик қилиб ëтибди энди булар. Жуда ноҳақлик қилиб ëтибди суд маҳкамалари томонидан. Уларни бизлар қўллаб-қувватлашимиз керак. Бирлари айтаяптики, “ошқозон ярам бор, асаб тизимидан кейин шундай бўлди” деяпти. Уларни қўллаб-қувватлаш ўрнига ўз мавқеидан фойдаланиб, четга суришга уялмайдими булар? Қаранг мана жасоратли аëлларга дунë қандай мукофот берди. Лекин булар ҳақиқий жасорат кўрсатди.

Озодлик: Севимли журналистларимиз деяпсиз. Қанақа чиқишларини эслайсиз. Саодат Омонованинг “Давр”да қилган чиқишлари эсингиздами йўқми?

- Экология масаласи бўйича кўтарганларини эслайман. Телерадиокомпания ходимлари унга нисбатан "бошқа вилоятдан келгансан" дегандай қилиши ноўрин, деб ўйлайман. Бу опаларни қўллаб-қувватлаш керак, - дейди Шаҳрисабз шаҳридан қўнғироқ қилган Аҳмад исмли суҳбатдошимиз.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG