Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:41

Иссиқкўлда ўқ овози янгради


4 июл куни кечга яқин Қирғизистоннинг туристик ҳудуди ҳисобланмиш Иссиқкўлдаги Бўстери қишлоғида тартибсизликлар юз берди.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбот котиби Раҳматулло Ахмедовнинг айтишича, 4 июл куни Иссиқкўл вилоятининг Бўстери қишлоғида жойлашган “Асил тош” пансионатида маҳаллий безори ёшлар сайёҳларни талаш билан шуғулланаётгани тўғрисида оператив маълумот олинган.

Бу хабарни текшириш учун пансионатга вазирликнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси ходимлари келишган ва 7-8 нафар безори қуршовида қолишган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийсининг айтишича, иссиқкўллик безорилар милиция ходимларини аёвсиз калтаклаша бошлаган. Милиция ходимларини калтаклашга яна маҳаллий ёшлардан 30-40 нафари етиб келган. Безорилар сайёҳларни ҳам калтаклай бошлаганлар. Катта жанжалга гувоҳ бўлган сайёҳлар эса тез орада дам олиш масканини тарк этишган.

Раҳматулло Ахмедов безорилар томонидан аёвсиз калтакланган 2 нафар милиция ходими ўз ҳаётларини қутқариб қолиш учун ўқ отишга мажбур бўлишганини, натижада безорилардан 2 нафари яраланганини айтади.

- Мазкур воқеа юзасидан Ички ишлар вазирлиги ички хавфсизлик бошқармаси текширув ўтказди. Дастлабки текширув натижаларига кўра, милиция ходимлари ҳаракатларида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмаган. Воқеа содир бўлган пайтда милиция ходимлари маст аҳволда бўлмаган. Бундан ташқари, мазкур воқеа юзасидан Иссиқкўл вилоят прокуратурасида жиноят иши очилган, - деди Раҳматулло Ахмедов.

Оғир тан жароҳати олган милиция ходимлари айни пайтда касалхонада даволанмоқда.

Ички ишлар вазирлигига кўра, милиция ходимлари томонидан ўқ отилгач, Бўстери қишлоғида яшовчи 400 га яқин киши тартибсизликларни келтириб чиқарган. Жумладан, улар Балиқчи-Қорақўл йўлини тўсишиб, автомашиналарни тошбўрон қилишган, Иссиқкўл тумани ҳокими ва милицияси раҳбарини калтаклашган. Қишлоқ аҳолиси бўстерилик безориларга ўқ отган милиция ходимларини ўзларининг қўлларига топширишни талаб қилишган.

Қирғизистон Омбудсменининг Иссиқкўлдаги вакили Чинар Мўлдўшева эса бўлиб ўтган воқеада милиция ходимлари айбдор, деб ҳисоблайди.

- Жанжаллашганларнинг ҳаммаси маст аҳволда бўлган. Милиционерлар билан бўстерилилкар “бу ер меники, бу пляж меники” деб гап талашиб, муштлашиб кетишган. Милиция ходими қизиққонлик қилиб, тўппончадан бир йигитнинг оёғига ўқ отиб, скутерга ўтириб қочиб кетган. Айни пайтда қишлоқ оқсоқоллари ва раҳбарияти халқни тинчлантирмоқда. Милиция ходимлари сўзсиз жазоланиши шарт, - дейди Чинар Мўлдўшева.

Сўнгги маълумотга кўра, Иссиқкўлда айни пайтда вазият осойишта. Ҳукумат Иссиқкўлга келган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашга қодир эканини билдирмоқда. Бироқ Бўстеридаги воқеадан сўнг сайёҳлар пансионатларни тарк этгани ёки этмагани тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинмаяпти.

Қирғизистон ҳукумати 2010 йилда инқирозга юз тутган туризм соҳаси жорий йилда яна қад ростлашини умид қилган эди. Бундан аввал Иссиқкўлга ҳар йили 3 миллионга яқин сайёҳ келган бўлса, 2010 йилда уларнинг сони 500 мингга ҳам етмаган.

Жорий йилда Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўлга камида 2 миллион туристни жалб қилиш режасини билдирган эди. Аммо Иссиқкўлдаги энг кўп пансионат жойлашган Бўстери қишлоғидаги ҳодиса ҳукуматнинг бу режасини ҳам чиппакка чиқариши мумкин.
XS
SM
MD
LG