Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:56

Ростовда ўзбек қизлари қулликдан озод қилинди


Қулликда сақланган ўзбек қизлари кунига 15 соатга қадар помидор даладасида ишлатилган.
Қулликда сақланган ўзбек қизлари кунига 15 соатга қадар помидор даладасида ишлатилган.

Ўтган жума куни Россиянинг Ростов вилоятида 18 нафар Ўзбекистон фуқароси қулликдан озод қилинди.


Маълум бўлишича, Ростов вилоятининг Азовск туманидаги помидор етиштираётган фермер хўжаликлардан бирида 1 июл куни Ростов вилояти Миграция хизмати, Ички ишлар бўлими ва прокуратура ходимлари ҳамкорликда операция ўтказган. Натижада маҳаллий фермер томонидан мажбуран ушлаб турилган 18 нафар Ўзбекистон фуқароси озод қилинган.

Ростов вилояти Федерал миграция хизмати ходими Анна Троилинанинг Озодлик мухбирига айтишича¸ ўзбек муҳожирларининг Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланган.

- Улар даладаги вагончаларда яшаган. Россия фуқароси уларни яшаш жойи ва озиқ-овқат билан таъминлаган. Россия Федерациясидаги қонуний яшаш муддати тугаганига қарамасдан, иш берувчининг улар ҳужжатларини бермасдан мажбуран ушлаб тургани аниқланди. Озод қилинган барча хорижлик фуқаролар “Дон” депортация қилинаётган шахслар марказига жойлаштирилди. Улар ўз юртларига депортация қилиниши ва маҳаллий қонунчиликни бузганлиги учун муайян вақт Россияга киритилмаслиги мумкин, дейди Анна Троилина.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини озод қилишда бевосита иштирок этган “Азиз” ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қиёмхон Бобоев воқеа тафсилотларини Озодлик мухбирига гапириб берди.

- 8 ой олдин тошкентлик бир корейс йигит уларни бу ерга корейслар колхозига олиб келиб сотиб кетган. Кейин уларни 8 ой ҳеч қаерга чиқармай кунига 15 соатдан ишлатган. Ўтган ҳафтанинг чоршанба куни улардан биттаси қочиб чиқиб прокуратурага келиб ариза ёзган, шундай-шундай деб. Кейин биз УФМС боллари билан чиқиб уларни озод қилдик.

Озодлик: 18 киши қаршилик кўрсатмабдими?

- Мен улардан сўрадим. “Э, қанақа қилиб қаршилик кўрсатамиз, милиция ва бошқа ходимлар ҳам келиб ўтириб кетарди. Под дубинка яшардик – шаг влево, шаг вправо – ўлим”, дейди. Ёш қизчалар, 18га энди кирган қизлар, 50 дан ошган бир-иккита аёл, 50 дан ошган 3-4 эркак... Қуриб чўп бўлиб қолган! Кимга қаршилик кўрсатади?! Унинг 7-8 та болалари дубинка билан уриб ишлатган, дейди Ростов-Дондаги ўзбеклар жамияти раиси.

Қиёмхон Бобоевга кўра¸ озод этилганлар Тошкентнинг Юнусобод туманидан. “8 ойлик қуллик улар соғлиғига жуда ёмон таъсир қилган”, дея давом этади ўзбеклар жамияти бошлиғи Қиёмхон Бобоев.

- Миграция хизмати болалари ҳам уларнинг қанақанги даҳшатли ҳолатда кун кечираётганини кўрганинг-да эди¸ дейишмоқда. Видеоматериаллари бор. Улар ҳозир реабилитация марказида. Уларга яхшилаб қарашяпти, мен шахсан бориб кўрдим – шароитлари жуда яхши. Корейс болалардан биттаси қўлга олинди. Унга нисбатан 3та модда юзасидан иш очиш кўриляпти.

Қолганларини ҳам ушлаш учун иш олиб бориляпти. Област губернатори, маъмурияти бундан хабардор. Қизиғи, ўзимизнинг ўзбекистонлик корейслар сотиб кетаяпти ҳозир. У болани адрес-уй жойини билар экан булар. Мен Ўзбекистонга борганингиздан кейин ариза ёзиб уни ҳам жавобгарликка тортинг, дедим. Бизлар бу ердан Ўзбекистонга тасдиқлаб берамиз, дейди Қиёмхон Бобоев.

Бобоев бу каби воқеалар ўтган йили ҳам 3-4 маротаба кузатилгани ва йилдан-йилга сони ошиб бораётганини айтади.

- Ҳозирги кунда фақат корейслар билан боғлиқ бу каби ишлар 3-4 маротаба бўляпти. Ўзимизнинг ўзбеклар олиб келиб сотиб кетятувди, уларнинг устидан ёзаверганидан кейин ўзбеклар ташлади бу ишни. Биладики¸ Ўзбекистонда барибир жиноий иш очилади бунақа иш учун... Корейслар ўзларининг у ёқдаги танишларига телефон қилиб “Менга шунча одам олиб келиб бераоласанми?”, дейди. Улар ишга одам йиғиб келяпти. Ҳар бир олиб келган одам бошига пул тўлаяпти. Одамларни олиб келиб пулини олиб учиб кетяпти. Ўнта корейс буларни ўраб олиб ишлатяпти. Ҳужжатлари олинган. Айтяпманку, биттасининг жағи синдириб ташланган. Медэкспертиза тасдиқлади, яна биттаси 8 ойлик қуллик давомида очиқ формадаги туберкузёз бўлибди, дейди жабрланганлардан хабар олиб турган Қиёмхон Бобоев.

Ўзбеклар жамияти раисига кўра, ҳозирда озод этилган ишчилар меҳнат ҳақини олишдан ташқари яна бир йирик муаммога дуч келган: Россия ҳудудида ноқонуний меҳнат қилгани учун улар яқин кунларда Ўзбекистонга депортация қилинади ва кейинги 5 йил давомида қайтиб кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

“Азиз” ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Қиёмхон Бобоевнинг расмий маълумотларга таяниб маълум қилишича, 2011 йилнинг биринчи ярмида Ростов вилоятига ҳаво йўли билан кириб келган 10 минг ўзбекистонликнинг расмий қайддан ўтмаганлиги аниқланган.

“Ростов вилоятида яна 10 мингта ўзбек қуллари бўлиши мумкин”, дея хулоса қилади Қиёмхон Бобоев.

Ростов Миграция хизмати расмийси Анна Троилина маълумотига кўра, мазкур иш юзасидан Ростов Ички ишлар тергов бўлими қул меҳнатидан фойдаланган россиялик фермерга нисбатан жиноий иш қўзғатмаслигини маълум қилган.

Ростов Ички ишлар Бош бошқармаси расмий ходими Алексей Полянский Озодликка фермерга нисбатан жиноий эмас¸ балки маъмурий иш очилганини тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG