Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:57

Абитуриентлар ҳужжат топшириш учун пора бермоқда


Қабул комиссиясига ҳужжат топшириш учун кунлар навбат кутишнинг ҳозирга қадар кузатилмагани айтилмоқда.
Қабул комиссиясига ҳужжат топшириш учун кунлар навбат кутишнинг ҳозирга қадар кузатилмагани айтилмоқда.

Президент фармонини кутиб кеч иш бошлаган қабул комиссиялари¸ гувоҳларга кўра¸ поранинг янги манбасини топган.


Жиззах Давлат педагогика институти қабул комиссиясидаги аҳволни икки кундан буён кузатаётган Жаҳонгир Қосимовнинг айтишича, қабул ҳақида президент фармони ҳар йилгидан анча кечикиб эълон қилинганидан сўнг, қабул комиссиясининг олдида 2000 га яқин абитуриент ва улар ота-оналари йиғилган:

- Ҳозир Жиззах пединститути қабул бўладиган жойда турибман. Одам жуда кўп. Домлалар ўзларини танишларини, ўзлари тайёрлаган абитуриентларини етаклаб олиб кириб кетаяпти, қолганлар турибди. Мана биз беш соатдан бери кутиб ўтирибмиз. Яна биз ўғринча йўллар билан ошхона ошиб, девор ошиб шу ергача етиб келдик, - дейди Жаҳонгир Қосимов.

Кузатувчига кўра, қабул комиссиясидаги бундай бош-бошдоқлик абитуриентлардан пора ундириш мақсадида атайин ташкил қилинганга ўхшайди:

- Ҳеч қандай навбат йўқ, коррупция бўлиб кетган. Шу ерда ишлайдиган домлалар ёки 4-5 курс студентлари орқали ичкарига кириб борилади. Тўғридан-тўғри киришнинг ҳеч иложи бўлмаяпти. Ўртакашларнинг нархи 20 минг сўмдан 100 минг сўмгача, одамига қараб, - дейди Жаҳонгир Қосимов.

Самарқанд вилоятидан ҳужжат топширгани келган Баҳодир исмли абитуриент ҳам икки кундан буён ҳужжат топширолмай турганини айтади:

- Йўқ-да. Эрталаб соат 7да келган эдим. Ҳали шу ерда турибман. Ҳали кира олганим йўқ. Шундай одам кўп, толпа. Навбат билан киргизамиз, дейдию, лекин ҳамма домлалар ўзининг болаларини олиб кириб кетаяпти. Бизлар қолиб кетаяпмиз. Бизда таниш йўқ бу ерда. Қачон навбат келади¸ деб ўтирибмиз. Узоқдан келганмиз. Бу ерда ëтишга ҳам жой йўқ энди. Кечга қолиб кетсак, нима қиламиз? Мана шуниси қийин бўлаяпти-да. Ҳозир квартира ҳам йўқ бу ерда.

Ҳозир бу ерда 1000тача одам бор. Битта қабул қилаяпти, у ҳам аста-аста. Обед қилиб келади улар икки соат. Қуëш жой. Умуман соя жой йўқ. Ўтирибмиз. Шунчалик қийинда документ топшириш,- дейди абитуриент Баҳодир.

Исмини ошкор этмаслик ва овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган Жиззах Давлат педагогика институти қабул комиссияси аъзосига кўра, бундай узун навбатга қабул ҳақидаги президент фармонининг кечикиб эълон қилиниши сабаб бўлган:

- Биз ҳар йили 20 июндан абитуриентлар ҳужжатини қабул қилишни бошлардик. Бундай тўполон ҳам, бундай шошилинч ишлар ҳам бўлмасди. Ҳозир ҳар бир йўналиш бўйича биттадан мутахассисимиз ҳужжатларни қабул қиляпти. Илгари бир ой давомида бемалол улгурардик. Энди эса 13 кун вақт қолди. Албатта¸ табиий равишда шундай тиқилинч бўлади,- дейди Жиззах Давлат педагогика институти қабул комиссияси аъзоси.

Ҳар йилгидан кечикиб иш бошлаган Тошкент шаҳри олийгоҳлари қабул комиссияларида ҳам ҳужжат олишнинг шошилинч тарзда бошлангани айтилмоқда. Низомий номидаги Давлат педагогика институти қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Комил Ғуломовнинг Озодликка айтишича, комиссия бир маромда ишламоқда:

- Қабул қилинаяпти. Ҳужжат қабул қилиш камчиликлари бўлса қайтарилаяпти-да.

Озодлик: Ўзбекистон президентининг фармони 6 июл куни чиқдику. Кечадан бошладингларми сизлар ҳам?

- Ҳа, шунақа бўлди. Ўзи 20 июнда бошланган. Просто квоталар ҳали берилмаган эди.

Озодлик: Энди ҳозир вилоятдан келганлар ҳам, бошқалар ҳам нормал қабул қилинаяпти-а?

- Ҳа.

Озодлик: Вилоятдан келганлар камроқ қабул қилинсин¸ деган чеклаш йўғ-а?

- Йўқ, унақа чеклаш бизларда йўқ.

Озодлик: Қабул жараëнида бошқа ҳеч қандай ўзгариш йўқми?

- Ўша-ўша кетаяпти, ўзгариш йўқ. Тест 1 августда¸ Худо хоҳласа, - дейди Низомий номидаги Давлат педагогика институти қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Комил Ғуломов.
XS
SM
MD
LG