Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:42

Булунғур туман ҳокими ҳибсга олинди


Ўтган йил давомида порахўрлик ва хизмат ваколатларини суистеъмол қилишда айбланаëтган ҳукумат хизматчилари сони ортмоқда.
Ўтган йил давомида порахўрлик ва хизмат ваколатларини суистеъмол қилишда айбланаëтган ҳукумат хизматчилари сони ортмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокими Юсуф Абдумуродов МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган.


Булунғур туман ҳокими Юсуф Абдумуродовнинг ҳибсга олинганини туман ҳокимиятининг ўзини таништирмаган ходими тасдиқлади:

- Энди бизларга сабаби айтилгани йўқ. Шундай олиб кетилган. Ҳали аниқ эмас.

Озодлик: Қаерга олиб кетилган?

- Шаҳарга.

Озодлик: Ким ҳибсга олган, прокуратурами?

- Йўқ, Миллий хавфсизлик хизмати ушлаган.

Озодлик: У кишига қандай айб қўйилаëтганини биласизми?

- Ҳозирча у тўғрисида бизларга маълумот берилгани йўқ. Нима учун олиб кетилгани, нима бўлгани айтилгани йўқ. Вақтинча вазифани бажарувчи қилиб биринчи ўринбосарни қўйиб кетганлар,- деди ҳокимият мулозими.

Ҳокимлик расмийсининг айтишича, айни пайтда ҳоким вазифасини вақтинчалик унинг ўринбосари Фахриддин Гадоев бажармоқда.

Булунғур туманидаги касалхонада ишлайдиган шифокор Норқўзи Ашуров, кейинги пайтларда туман ҳокимиятининг бир қанча амалдори ҳибсга олингани боис¸ ҳокимнинг қамалиши ҳам тасодиф эмас¸ деган фикрда:

- Булунғурда жуда катта гаплар бўлаяпти. Булунғурнинг ҳокимини қўлига кишан солиб олиб кетди, 1 июл куни. СЭСнинг главврачини, архитекторни ҳам олиб кетган. 200та одам қамалади¸ деб турибди. Жуда катта ишлар бўлаяпти, - дейди Норқўзи Ашуров.

Суҳбатдошга кўра, собиқ ҳоким ер олди-сотдиси билан боғлиқ иқтисодий жиноятларда айбланаяпти:

- 3000 гектар ерни ўзлаштириб юборган экан. Гаражнинг ерларигача сотиб юборган экан-да. Битта ҳоким эмас, архитектор ҳам аралаш, бизда кадастр деган нарса бор. Кадастр уже қамалиб ëтибди, - дейди Норқўзи Ашуров.

Булунғур туманида истиқомат қилувчи ва ўзини Салим деб таништирган суҳбатдошга кўра, Юсуф Абдумуродовнинг 8 йиллик ҳокимлик муддати даврида туманда кўплаб амалдорлар қамалган:

- Булунғурга ҳоким бўлиб келганига июн ойида 8 йил тўлган эди. Самарқанд вилояти, Оқдарë туманидан. 8 йил бўладиган бўлса, атрофидагиларининг йигирматачаси қамалиб кетди. Ҳокимиятда ўзининг ëнида ишлайдиган биттаси пора билан қамалди, Районо мудири қамалиб кетди пора билан тушиб. Пахтадан болаларни олиб қоламан деб ҳар битта мактаб ўқувчиларидан 10 мингдан 20 минггача пул йиққан. Тахминан¸ 18-20тача раҳбар қамалиб кетди, - дейди булунғурлик Салим.

Шифокор Норқўзи Ашуров фикрича, собиқ ҳоким даврида туманда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган¸ аксинча бор нарсалар ҳам бузиб сотиб юборилган:

- Саккиз йил бўлди бу ҳоким. 8 йилдан буëн бўлгани билан Булунғурга битта ўзгариш киритгани йўқда. Борини ҳам талон-тарож қилиб, гаражлар борми, бошқаси борми ҳаммасини бузиб сотиб, қуришнинг ўрнига йўқ қилди-да. Қўпол ҳам бўлса, ҳатто битта туалет ҳам қургани йўқ, - дейди Норқўзи Ашуров.

Озодлик манбалари собиқ ҳокимнинг ўзи туғилган қишлоқда, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида ниҳоятда ҳашаматли уй қурганини айтадилар. Норқўзи Ашуровга кўра, ҳоким бу уйини ҳаммадан сир тутишга ҳаракат қилган, ҳатто ўзининг ҳайдовчисини ҳам ярим йўлдан қайтариб юборган:

- Ишонсангиз, шофëри борку, ҳатто ўша ҳам уйининг қаердалигини билмайди экан. Йўлда тушади экан-да, “бор кетавер” дер экан. Қаранг¸ бу қанақа ишлаган. Кўрганлар айтишди, у уйлар энди даҳшат қилиб қурилган экан-да,- дейди Норқўзи Ашуров.

Ўтган йил декабр ойида президент Ислом Каримов Самарқанд вилоят ҳокими Ўктам Барноевни ишдан бўшатган эди. Шундан сўнг вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги бир қанча шахслар, жумладан Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори ва бир неча туман прокурорлари ҳам ишдан олинган эди. Жорий йилнинг феврал ойида Жомбой тумани ҳокими Баҳодир Нурмуҳаммедов ва унинг ўринбосари Фарҳод Муҳаммадиевлар ҳам порахўрликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
XS
SM
MD
LG