Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:05

Тожикистонда тўй иштирокчилари жаримага тортилди


Тожикистонлик айрим расмийларга кўра, никоҳ тўйида диний маърузалар эмас, балки доираю ноғора садолари янграб туриши керак.
Тожикистонлик айрим расмийларга кўра, никоҳ тўйида диний маърузалар эмас, балки доираю ноғора садолари янграб туриши керак.

Сўғд вилоятида жаримага тортилган тўрт киши тўйда диний тарғибот билан шуғулланганликда айбланган.

Сўғд вилоятига қарашли Ашт туманида яшовчи Нўъмонжон Холмирзаевнинг хонадонида бўлиб ўтган тўйда қатнашган Тожикистон Ислом уйғониш партияси икки масъули - Мирзо Ҳожиматов ва Собит Мадалев Наимжон Холмирзаевнинг никоҳ тўйини диний тарғибот маъракасига айлантирганликда айбланиб, мамлакат “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига биноан жаримага тортилди.

Ашт туман маҳкамаси суд ҳакамлари Мирзо Ҳожиматов ва Собит Мадалевга 770 сомонийдан ёки тахминан 160 АҚШ долларидан жарима белгилади.

Шунингдек, куёвнинг отаси Нўъмонжон Холмирзаев ва унинг бир қариндоши ҳам республика “Урф-одат ва тўй-маъракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига зид хатти-ҳаракати учун жаримага тортилди.

Улардан фақат бир киши, яъни тўй эгаси Нўъмонжон Холмирзаев ҳукм билан танишгач, ўзига белгиланган 245 сомоний ёки 52 АҚШ долларини тўлади.

Судланганлардан уч нафари эса Ашт туман маҳкама ҳукми устидан Сўғд вилоят маҳкамасига кассация тартибидаги ариза билан мурожаат қилди.

- Бизга “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги ва “Урф-одат ва тўй-маъракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлар талабини бажармаганимиз айтилди. Лекин жазо тайинлашда суд ҳакамларининг ўзлари хатога йўл қўйишди. Яъни бизга фуқаро сифатида эмас, балки диний ташкилот раҳбари сифатида жазо тайинланди. Менимча, бунга бирор асос йўқ эди. Чунки биз тўйда меҳмон сифатида қатнашганмиз, - деди Ислом уйғониш партияси масъули Мирзо Ҳожиматов.

Ҳожиматов жаноблари тўйда ўз партияси ёки бошқа бирорта диний ташкилот ғояларини тарғиб қилмаганини, аксинча диндош биродарларига панд-насиҳатлар қилганини айтди.

- Менимча, насиҳат қилиш қонунда таъқиқланмаган, - дея қўшимча қилди Мирзо Ҳожиматов.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 2007 йили Тожикистонда “Урф-одат ва тўй-маъракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.

Расмийлар мазкур қонун тўйларда диний маърузалар қилишни таъқиқлашини уқтиради.

- Тўй тўйдай бўлиши керак. Унда мусиқа, рақсга тушиш, қўшиқ айтиш, умуман олганда, хурсандчилик қилиш керак. Тўй эгаси хоҳласа санъаткорларни даъват қилсин, хоҳламаса йўқ. Бунга ҳеч ким қарши эмас. Лекин замонавий тўйларда домлаларни чақириб, у ерда амри маъруф ўқитиш мантиқсизликдир. Қонун жамоат жойларида, фуқаролар тўй-маъракаларида диний тарғибот ишлари олиб боришни қатъиян маън этган, - дейди Сўғд вилоят ҳукуматининг Дин ишлар бўйича бўлими расмийси Мазбут Воҳидов.

Маҳаллий ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашларича, аслида Тожикистонда қабул қилинган қонунлар “хатна”, “никоҳ” тўйлари ва уларда маъвиза ўқишни таъқиқламайди.

- Қонунчиликда таъқиқланмаган хатти-ҳаракат учун рухсат бор. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга назар ташласак, унда панд-насиҳат ёки маъвиза таъқиқланмаган. Ва бунинг учун маъмурий жавобгарлик тайинланган ҳам эмас. Лекин, афсуски, айрим расмийлар замонавий тўй маросимларининг исломий шаклда ўтишини мутлақо истамайдилар, - дер экан тожикистонлик ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов шу важдан исломий тўйлар ташаббускорлари “жамоат жойларда диний ташкилотлар фаолиятини тарғиб қилганлик”да айбланаётганини қўшимча қилади.

Аснода мустақил таҳлилчилар сўнгги тўрт йил ичида Тожикистонда қабул қилинган айрим қонунлар фуқаролар диний эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини чеклаб қўяётгани ва бу ҳужжатлар кўп жиҳатлари билан халқаро меъёрларга зид эканини урғулайди.

Аввалроқ Тожикистон парламенти қуйи палатаси “Фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тасдиқлаган эди.

Бу, ўз навбатида, бир қатор халқаро ташкилотлар норозилигига сабаб бўлганди.

Жумладан, Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси раиси Леонард Лео ўз ҳукуматини 18 ёшгача бўлган миллионлаб тожикистонлик ёшларнинг диний эркинлигини чеклайдиган мазкур қонун лойиҳаси президент Имомали Раҳмон томонидан имзоланишининг олдини олишга чақирган эди.

Айни пайтда янги қонун лойиҳаси Тожикистон парламентининг юқори палатасида қайта кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG