Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:05

Саид Аҳмедов танқидчиларга жавоб берди


"Баҳс майдони"да қатнашган Саид Аҳмедов ўз фикрида қатъий эканини айтмоқда.
"Баҳс майдони"да қатнашган Саид Аҳмедов ўз фикрида қатъий эканини айтмоқда.

"Баҳс майдони"да ҳукумат сиëсатини маъқуллаб маломатга қолган тошкентлик тадбиркор ўз фикрида собитлигини билдирди.

Қизил дипломли мардикор!

Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги мактаблардан бирида 17 йил давомида ўқитувчилик қилган, исми-шарифини ошкор қилмасликни хоҳлаган суҳбатдошимиз уч йилдан буён Россиянинг Новосибирск шаҳрида мардикорлик қилаяпти. Чироқчилик ўқитувчи Ўзбекистондаги таълим соҳасини ўта ночор аҳволда¸ дея баҳолайди.

- Таълим-тарбия масаласи бўйича ҳозир энг орқада Ўзбекистон қолаяпти. Нимага деганда¸ боладан сиз талаб қилсангиз ўқишни, ота-онаси келади-да “Боламнинг ўқиши билан сенинг ишинг бўлмасин. Келиб кетса бўлди сенга” деб ота-оналарнинг ўзи қаршилик қилади.

Озодлик: Нима учун бунақа бўлаяпти?

- Ҳозир бозор иқтисодиëти вақтида ҳаммаси бозор билан шуғулланиб болани мактабга юборишдан ҳам бош тортиб қолган. Болани иложи борича бозорга чиқариб бир нарса соттириб¸ шундан фойда кўриш уларнинг мақсади.

Озодлик: Ҳозир болаларнинг билимсиз бўлиб қолаëтганига ўқитувчиларни малакасизликда айблашади. Бунга нима дейсиз?

- Худди шундай. Мана биз ишлаган мактабимизда саноқли бешта олий маълумотли бор. Қолган ҳаммаси мактабни битказиб коллежларга заочно кириб олиб, мана мактабга келаяпти. Мутахассис етишмаслиги сабабли¸ улар юқори синфларга дарс беришга мажбур. Бошқа дарс ўтадиган одам йўқ. Олий маълумотлилар ўзи ташлаб кетаяпти. Мен ўзим олий маълумотлиман. Ўқитувчи бўлиб ишладим. Берадиган ойлигига қониқмаганим учун Россияга келиб иш қилиб юрибман. Мардикор бўлиб ишлаяпман. Ойликни вақтида бермаслик, пластик карточкага ўтказиб қўйибди. Берадиган ойлиги рўзғорга етмайди. Ўзи қизил дипломга эга бўлиб туриб¸ мана бу ерда ҳар хил ишларни қилиб мардикорчилик қилиб юрибман. Битта мен эмас бу ерда. Бир нечта ўқитувчилар мана шу ерда юрибди. Буларнинг юришига сабаб ойлик етишмаслиги. Малакасизлик сабаби эса¸ коллежга заочно кириб олганларнинг дарс бериши. Ўқитувчи бўлмагандан кейин бошқа иложи йўқ, дейди Чироқчи туманидаги мактаблардан бирининг собиқ ўқитувчиси.


Репетитор олийгоҳлар билан абитурент ўртасидаги воситачи

Жиззахдаги лицейлардан бирининг талабаси, 18 ёшли Жасурбек "Қурултой"нинг сўнгги сонида кўтарилган репетиторлар мавзусига ўз муносабатини билдиради.

- Ҳозир ҳеч ким репетиторнинг қандай билим беришига қарамайди. Ҳамма репетиторнинг қўли қандай узунлигига қарайди. Ўтган йил нечта бола киргизган, нечтаси бюджет, нечтаси контракт – шунга қарайди. Ҳеч ким унинг билимига қарамайди. Калласида умуман ҳеч нарсаси бўлмасин¸ институтга одам киргизиши қизиқда. Билими минг яхши бўлгани билан ҳеч кимни киргиза олмаса, ҳеч ким унга бормайди. Кўпчилик болалар январ ойидан тайëргарликни бошлайди. Олти ой ичида қандай қилиб ўқишга кирадиган билим бера олиши мумкин репетитор? Спецфан, иккинчи, учинчи фанлар бор. Масалан¸ учинчи фанни болалар умуман ўқимайди. Биринчи, иккинчи фанни ўқийди. Учинчи фанни ўқимайди. Олти ой ичида умуман улгуриб бўлмайди. Просто болалар борган. Одамларнинг кўзига тайëрлангандай бўлиб кўринади. Бу биринчиси.

Иккинчиси, репетитор янгиликларни билиб туради экан. Репетитор билан яхши келишса, репетитор шпаргалка топиб беради. Агар қўли узунроқ бўлса, яхши пул тўласангиз, яхшигина таниш ҳам топиб беради ўқишга киргизиш учун.

Озодлик: Фикрингиздан тушунишимча, репетитор институтдаги домлалар билан абитуриентлар ўртасидаги воситачи эканда?

- Ҳа. Масалан, коллежда ўқийман. Коллежда ўқитувчилар “Институтга кириш учун камида икки йил тайëрланиш керак” дейди. Бизнинг болалар нима қилади? Олти ой қолганда тайëрланишни бошлайди. Биринчи фанга олти ой, иккинчи фанга тўрт ой, учинчи фанга охирида бир ой қолганда тайëрланади. Репетитор ҳеч мактабга рақобатдош бўла олмайди. Репетитор просто воситачи, дейди Жиззахдаги лицейлардан бирининг талабаси.


Саодат билан Малоҳатни қўллаймиз!

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан қўнғироқ қилган, асли тошкентлик Отабек дўстлари билан биргаликда 15 кундан буён очлик акциясини давом эттираётган икки журналист Саодат Омонова билан Малоҳат Эшонқулова билан боғлиқ воқеани Озодлик орқали мунтазам кузатиб келаётганликларини айтади.

- Бизлар Озодлик радиосини эшитаяпмизда ҳар куни. Журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова опаларга очликни давом эттиришларини бизлар бу ëқда қўллаб турибмиз. Ҳар кун Озодликни эшитиб, кунма-кун уларни кузатиб бораяпмиз. Булар тўғри йўл қилаяпти ҳозир.

Озодлик: Очлик акцияси билан улар бирор натижага эришади¸ деб ўйлайсизми?

- Президентимиз учрашгиси келар энди. Ўшаларни эшитгандир. Уларни қўллаб-қувватлаймиз бизлар. Эшитдик яна қизи Зарнигор ҳам қўшилибди уларга. Зарнигорга ҳам куч-қувват тилаймиз, дейди суҳбатдошимиз Отабек.


Қизлар¸ очликни тўхтатинг!

Тошкентдаги давлат идораларидан бирида ишловчи, ўз исмини сир сақлаган аёл Саодат Омонова билан Малоҳат Эшонқуловани очлик акциясини тўхтатишга чақиради.

- Мен шу қизларга шундай демоқчи эдим. Менинг ëшим 60дан ошган. Анча ëши катта одамман. Шуларга мен шундай демоқчи эдимки, менинг қизларим тенгидир, сингилларим тенгидир. Мен айтмоқчиманки, бу очликни дарҳол тўхтатиш керак. Чунки бундан ҳеч қанақа натижа чиқмайди. Натижаси шу бўладики, булар ë соғлиғини жуда ҳам ëмон қилиб қўяди ëки ўлимга ҳам олиб боради бу нарса охирида бунчалик давом этаверса. Чунки уларни ҳеч ким қабул қилмайди¸ деб ўйлайман ва агар ҳукумат буларга эътибор берса, буларнинг кўтарган проблемаларини тан олган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам улар бунга ҳеч қачон реакция қилмайди. Бу тушунарли нарса. Шунинг учун бу қизларга айтмоқчиманки, сизларга соғлигинглар, кучинглар кураш учун керак бўлади. Ўша фойдали ишга сарфланглар ҳаëтингларни¸ демоқчиман. Ҳамма эшитди, билди, давлатнинг муносабатини ҳам ҳамма билди. Олдига қўйган мақсадга булар эришишди. Энди бу ëғига тўхтатиш керак деб ўйлайман, дейди Тошкентдаги давлат идораларидан бирида ишловчи, ўз исмини сир сақлаган аёл.


Ўз фикримда собитман!

Озодликнинг “Баҳс майдони” эшиттиришидаги тошкентлик тадбиркор Саид Аҳмедов билан мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати фаоли Исмоилжон Дадажоновнинг ўзаро баҳслашуви тингловчилар орасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Саид Аҳмедов ўзига билдирилган таънаю маломатларга жавобан ўз фикрларида собит эканлигини айтади.

- Сирдарëлик Бобур ака. Муҳаммад Солиҳ тўғрисида улуғ миссияларини гапирибдилар. Мен айтмоқчи бўлаëтганим ўзга ватанда шоҳ бўлгандан кўра¸ ўзингнинг ватанингда гадо бўлгин¸ деган нақл бор. Бу биринчиси.

Иккинчиси, менинг гапимни "Баҳс майдони"дан ëзиб олган эканлар охиригача эшитганларида Исмоилжон Дадажоновнинг охирги гаплари, жуда қизиқ нарса гапирдилар. Улар айтдиларки, бизлар ҳукуматга келганимизда сизлар бизларнинг ноғорамизга ўйнайсизлар¸ деб. Буларнинг асл мақсади фақат ҳукумат, асл мақсади фақат мансаб. Бошқа нарса йўқ. Каллани олиб ташлаб бошқа калла қўйгани билан унинг фарқи йўқ. Ўзимизнинг халқимизнинг савиясини ўзгартиришимиз керак, савиясини кўтаришимиз керак. Ўша масалада мана ҳозир қанча сай- ҳаракатлар бўлиб Сингапур университетлари очилди, Турин университети очилди, Вестминистрский очилди, Москванинг Ломоносов университетлари, Плеханов университетлари, буларнинг ҳаммасини бизларнинг халқимиз, ëш ўсиб келаëтган фарзандларимизни, жигарларимизнинг савиясини кўтариш.

Демократия, демократия деган билан, оғиз кўпиртирган билан бундан бир нима бўлиб қолмайди. Авваламбор савияни ўстириб, илмини ўстириб кейинчалик шу нарсага келсак бўлади. Кейин мана Андижон воқеаларини гапирдилар. Андижон воқеаларини бостириши асл мақсади бу нарса тарқаганда минглаб, 10 минглаб, 100 минглаб, миллионлаб одамлар ўлиб кетарди. Шунинг учун бостирилгани тўппа-тўғри¸ деб ҳисоблайман.

Яна бир нарсани ëзганлар¸ мен худди СНБнинг ноғорасига ўйнаëтган одам. Мен ўз меҳнатимдан, ўз пешона теримдан пул топаман. Уларнинг асл мақсади ўша ерда туриб олиб бузғунчилик қилиш. Бўйсунманглар, бизлар демократия, демократия қилиб мана араб давлатларида нима бўлди? Нимага эришди улар? Демократия деб оғиз кўпиртирган билан демократия ўз ўзидан бўлиб қолмайди. Инсонларнинг савиясини ўстириш керак. Бузғунчиликнинг ҳеч кимга кераги йўқ.

Тинчлигимиз бизларнинг энг катта ютуғимиз. Ватандан чиқиб кетганлар кўп. Лекин хоинлик қилиб, ўз ватанини ëмонлаб, ўз ватанига бузғунчилик қилаëтганлар мана шунақалар. Ўқимаган, савияси паст деб туҳмат қилди менга. Мен жуда кўп ўқиганман сиëсат тўғрисида, тарих тўғрисида, Ўзбекистон тарихи тўғрисида жуда ҳам кўп мақолалар ўқиганман. Жуда ҳам кўп изланишлар қилганман, дейди тошкентлик тадбиркор Саид Аҳмедов.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG