Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:50

Ўшликлар қурилишнинг иккинчи босқичини кутаяпти


Ўшнинг Черемушки мавзеида ўтган йилги тартибсизликлар чоғида ёндирилган уйлардан бирининг бугунги кўриниши.
Ўшнинг Черемушки мавзеида ўтган йилги тартибсизликлар чоғида ёндирилган уйлардан бирининг бугунги кўриниши.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси ёндирилган уйларни қайта қуришнинг кейинги босқичи августдан бошланишини билдирди.

Бироқ айрим ўшликлар шаҳар ичида ёндириб юборилган уйларни қуришнинг иккинчи босқичи бошланишидан ҳали-ҳозир дарак йўқлигини айтмоқдалар.

Ўшнинг Черемушки мавзеида 2010 йилги тартибсизликлар чоғида 300 га яқин хонадан ёндириб юборилган эди. Бу мазеда яшовчиларга 2010 йил кузида 28 квадрат метрдан вақтинчалик 2 хонали уйлар қуриб берилган эди. Жорий йилда эса бу уйлар кенгайтирилиб, 100 квадрат метргача етказилиши лозим эди.

Черемушкалик Одил аканинг айтишича, шу кунларда Ўшга туташ бўлган қишлоқларда уйларни кенгайтириб қуриш ишлари бошланган, бироқ Ўш шаҳридаги маҳаллаларда бу жараён қачон бошланиши номаълум бўлиб турибди.

- Қурилишдан дарак йўқ. ҳар куни прорабларга учраб, маҳалламизда қурилиш қачон бошланади, деб сўраймиз. Улар ҳам жўяли жавоб бериша олмайди. Атрофдаги қишлоқларга уйларни тиклаш учун шағал ва бошқа қурилиш материалларини олиб келиш бошланибди. Бироқ шаҳарнинг ичида маҳаллаларда бундай ҳолат бўлмаяпти, - дейди Одил ака.

Ўшлик фаоллардан бирининг айтишича, айни мана шу масалада 11 июл куни вилоят кутубхонасида расмийлар билан учрашув бўлган. Бу учрашувда Ўш шаҳрида уйларни кенгайтириб қуриш жараёни нега кечикаётгани тўғрисида айрим маълумотлар айтилган. Жумладан, шаҳар архитектураси раҳбари Баетов йиғилишда сўзга чиқиб, шаҳар бош планига асосан ўзбеклар зич истиқомат қиладиган айрим кўчалар кенгайтирилиши кераклигини айтган.

- Биринчи бўлиб Баетов сўзга чиқди. Унинг айтишича, Ўшнинг 1987 йилдаги бош планига асосан Навоий, Гапар Айтиев ва Черемушкадаги Риспай Абдикадиров кўчалари қизил линияда жойлашган, бу кўчалар энига 52 метрга кенгайтирилиши керак экан. Ҳали шаҳарнинг янги бош плани тайёр эмас экан, лекин архитекторнинг айтишича, келажакда барибир бу кўчалар кенгайтирилар эмиш, - деди ўшлик фаол.

Ўшликлар орасида тез тарқалган бундай маълумотлар туфайли аҳолининг асосий қисми орасида: “Маҳаллалардан аҳоли бошқа ерларга кўчирилар эмиш, шунинг учун уйлар қурилиши кечиктирилаяпти экан”, деган миш-мишлар тарқаган. Аммо биз суҳбатлашган ўшлик фаол вилоят кутубхонасида бўлиб ўтган учрашувда Ўшни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари Жантўра Сатибалдиев бундай миш-мишларга чек қўйганлигини айтди:

- Жантўра Сатибалдиев: “Бизнинг ишимиз қайта тиклаш, ҳеч қайси уйни бузмаймиз, аҳолини мажбурий тарзда бошқа ерга кўчирмаймиз, уйларни ўз ўрнида қуриб берамиз”, деб айтди, - дейди ўшлик фаол.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўшни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари Жантўра Сатибалдиев агар шаҳар архитеуктураси рухсат берса, маҳаллалардаги уйларни кенгайтириш иши эртагаёқ бошланишини, архитектура бу ишнинг бошланишига тўсқинлик қилаётганини айтган.

Бироқ 12 июн куни Ўшни қайта тиклаш дирекцияси матбуот котиби Мелис Эржигитов Ўш шаҳар мэрияси ва архитектураси билан маҳаллалардаги уйларни кенгайтириш масаласидаги келишмовчиликларга барҳам берилганини маълум қилди. Унга кўра, Ўш мэрияси маҳаллаларда гўёки тектоник ёриқ мавжудлигини рўкач қилиб келган.

- Ўтган йили биз 2000 уйни 4 ой ичида қуриб битказдик. Ўтган йили қурилишни сентябрда бошлаган эдик. Бу йил эса август ойидан оммавий тарзда қурилишни бошлаш режалаштирилган. Ўшнинг айрим ҳудудларида 40 дан ортиқроқ уй қурилиши бошланган. Бу ишнинг оммавий тус олмаётганига сабаб шуки, ҳар бир уй қурилишини биз шаҳар тузилмалари билан келишиб, улардан рухсат берилгачгина бошлаймиз. Ҳозир гўёки мавжуд бўлган тектоник ёриқлар масаласида мэрия билан келишмовчиликлар барҳам топди, - дейди Мелис Эржигитов.
XS
SM
MD
LG