Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:10

Тошкент дайдилар ва итлардан тозаланмоқда


Мустақилликнинг 20 йиллигига тайёргарлик ишлари доирасида ушланган бу кучук ҳам ўлимга маҳкум.
Мустақилликнинг 20 йиллигига тайёргарлик ишлари доирасида ушланган бу кучук ҳам ўлимга маҳкум.

Мустақилликнинг 20 йиллик байрами олдидан Тошкент шаҳри дайдилар ва дайди итлардан тозаланмоқда.


Дайдиларсиз Тошкент


“Дайди итларни ушлайдиган хизматлар ишини такомиллаштириш тадбирлари” тўғрисидаги қарорга июл ойида имзо чеккан Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг ўзи бу қарор ижросини қаттиқ назорат қилаëтгани айтилмоқда.

Ўзбекистон ветеринария назорати мулозимларининг Озодликка билдиришича, мустақиллик арафасида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 1000 дан ортиқ дайди ит йўқ қилинган.

Айни пайтда Тошкент уйсиз дайдилардан ҳам тозаланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ички ишлар вазирлиги мулозимига кўра, Тошкент кўчаларидаги дайдилар ушланиб, Қўйлиқдаги махсус ҳибсхонага олиб келинмоқда.

Дайди итлар ва дайдиларга қарши курашнинг фаол фазаси 1 августдан бошланиши билдирилди.

Бош вазир қарорига кўра шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларида дайди итларни ушлаб, йўқ қиладиган бўлинмалар тузилган.

Бутун республика бўйича 560 нафар ит-тутар штатига эга бўлган 188 бўлим ташкил қилинди, дейди Тошкентдаги ветеринария идораси мулозими.

Шариков идораси


Дайди итларни ушлаб йўқ қиладиган Тошкентдаги идоралардан бирининг раҳбари байрам арафасида 1000 дан зиëд ит йўқ қилинганини билдирди.

Дайди итлар калтаклаб ўлдирилади, дейди тошкентлик ит-тутар.
- Биз байрам арафасида шаҳарни дайди итлардан тозалаш учун фаол ишламоқдамиз. Боғлар, қабристон ва кўп-қаватли уйлар орасидаги дайди итларни ушлаб, олиб келиб йўқ қиляпмиз.

Озодлик: Бу итлар қанақа йўқ қилинмоқда, ит жасадларини ëқадиган крематория борми? Бош вазир қарорида ит жасадларини куйдириш учун крематориялар барпо қилиш кўзда тутилганини биласизми?

- Унақа крематория йўқ. Итларни ушлаб олиб келиб ўлдириб кўмиб ташлаяпмиз.

Озодлик: Сизни идорангиз Тошкентдаги корейс ошхоналарига ит гўшти етказиб берар экан, деган гаплар юради. Шу ростми?

- Унақа гаплар асоссиз. Ҳозир биз итларни терисини ҳам шилмаяпмиз.

Оқ ит қора ит барибир ит


Ит-отарлар идораси бошлиғи Озодлик билан суҳбатда ҳар йили байрам арафасида итларни йўқ қилишнинг тезкор тадбирлари ўтказилишини ҳам айтади.

- Байрамлардан олдин ëки президент иштирок этадиган тадбирлар олдидан шаҳарни дайди ит-мушуклар, мангуст ва каламушлардан тозалаймиз.

Озодлик: Баъзан одамларнинг зотдор този итлари ҳам мустақиллик арафасида ўлдирилмоқда. Бундай англашимловчиликнинг олдини олиш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Зотдор итларни бўнидан қайиш бойлаб эгаси етаклаб юриши керак. Эгаси қарамаса биз уларни йўқ қилишимиз тайин.

Сухбатдош Тошкент шаҳрини итлардан тозалаш бўйича Бош вазир қарорига кўра 10 августдан бошлаб бутун шаҳарда катта ит овлаш ўтказилишини ҳам билдирди.

Қутурган итларга қарши бир жону, бир тан бўлиб, бир ëқaдан бош чиқардик


Бош вазир қарорига кўра Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳам дайди итларни йўқ қилишга сафарбар қилинади. Милиция ходимларига қутурган итларни жойида отиб ўлдириш вазифаси юклатилди.

Бу ишда алоҳида ўрнак кўрсатганлар байрамдан кейин тақдирланиши бош вазир қарорида алоҳида урғуланди.

Чилонзор ветреринария хизмати вакилига кўра, дайди итларни йўқ қилишда мардикорларни ëллашга ҳам тўғри келади. Ит ушлашга ихтисослашган мардикорлар бор, дейди суҳбатдош.

Дайдилар бошқармаси


Дайдилар идораси Панельнийга олиб келган дайдилар "ижтимоий фойдали" меҳнатга жалб қилинади.
Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг профилактика бўлими шаҳардаги дайдилар билан шуғулланади.

Ўзбекистон ички ишлар тизимида ишловчи ходимнинг айтишича, айни кунларда бу идора Тошкентни дайдилардан тозалашга фаол киришган.

- Халқ орасида БОМЖ, деб айтилувчи дайдилар ушланиб, Қўйлиқдаги Панельний, деб айтилувчи махсус ҳибсхонага олиб борилади.

Дайдилар у ерда "ижтимоий фойдали" меҳнатга жалб қилинади.

Қул бозори


Мулозимнинг бу гапини Панельнийдаги вазиятни яҳши билган Ғайратжон исмли йигит “таржима” қилиб берди.

- Панельнийда дайдилар уч гуруҳга ажратилади. Биринчи гуруҳ, ишга яроқли билагида кучи борлар. Улар милиция катталарига тегишли қурилишларга текин ишчи кучи сифатида олиб кетилади.

Иккинчи гуруҳ, зотини тайини йўқлар ажратиб олиниб, Қозоғистонга қул қилиб сотиб юборилади.

Учинчи гуруҳ, иккита кичик гуруҳчага ажратилади. Оëқ қўли йўқ майиб мажруҳлар тиланчилик қилдириш учун танлаб олинади. Қолган гуруҳ эса қариндош уруғи борлигини исбот қила олганлар. Уларни яқинлари келиб милиционерларни рози қилиб кетишлари керак.

Эслатиб қўямиз бу тадбирлар Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллик тўйи олдидан амалга оширилмоқда.

Мустақиллик байрами дайдилар ва дайди итларсиз ўтиши таъминланаëтгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG