Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:22

Мустақиллик байрами арафасида Тошкентни кимдан ва нимадан тозалаш керак?


Мустақилликнинг 20 йиллик байрами олдидан Тошкент шаҳри нафақат талаба ва вилоятдан келганлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат фаоллари, диндорлардан, балки дайдилар ва дайди итлардан ҳам тозаланмоқда ва буни Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг ўзи қаттиқ назорат қилаëтгани айтилмоқда.


Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов мустақилликнинг 20 йиллигини тинч ва муносиб кутиб олиш учун чора-тадбирлар янада кучайтирилишини билдирган.

Ўзбекистон пойтахтида “тозалаш” ишлари давом этаëтган айни кунларда эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлганимиз ҲАФТА САВОЛИ рукнининг навбатдаги сонида "Мустақиллик байрами арафасида Тошкентни кимдан ва нимадан тозалаш керак?" деган савол билан сиёсий арбоблар, давлат идоралари расмийлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва бошқа кишиларга мурожаат қилдик.

Толиб Ёқубов.
Толиб Ёқубов, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси

- Тошкентни биринчи навбатда ҳаддан ташқари кўпайтириб юборилган ва ўзининг кунини тинчликни сақлашга қаратмасдан, кўпроқ, ўша у ёқдан бу ёқдан келган одамларни талаш билан овора бўлаётган милиция ходимларидан, махсус хизмат ходимларидан тозаласа бу мантиқли иш бўлар эди.

Галима Бухорбоева, журналист, “Uznews.net” нашри бош муҳаррири

Галима БУхарбаева.
- Менимча, Ўзбекистон мустақиллиги байрами арафасида, айниқса мустақилликнинг 20 йиллиги каби муҳим сана арафасида Тошкент шаҳрини энг аввало ахлатдан тозалаш керак. Шаҳарни одамлардан тозалашнинг кераги йўқ, сабаби ким бўлишидан қатъий назар дайдими, талабами ёки вилоятлардан келганларми, улар Ўзбекистон фуқароларидир ва улар эркин ҳаракатланиш ва байрамни нишонлаш ҳаққига эгалар.

Ўзбекистон Сенати ходими:

- Мен бу ердагилар билан маслаҳатлашмай сизнинг бу саволингизга жавоб бера олмайман ҳозир.

Дилором Исҳоқова, Бирдамлик ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими раҳбари

Дилором Исҳоқова.
- Аслида тепага чиқиб олиб, халқнинг мустақиллигини мустақиллик қилмаган, аксинча қилган, халқни бир мустабид тузумдан қутқариб, гўёки ундан беш баттарига ташлаган, ёмғирдан қочириб, қорга тутиб берган ва тепада ўтириб “Яшасин Мустақиллик”, деб, аслида ўз даврида бунга қарши бўлганлардан тозалаш керак. Бу кимнинг байрами, ўзбек миллатининг байрамими, бу миллий байрамми, ўзбекнинг мустақиллик байрамими. Демак, мана шу мустақилликнинг халққа фойдасини теккизмаганлардан тозалаш керак, умуман байрамда эмас ҳар куни тозалаш керак улардан. Лекин бизда бунинг мутлақо акси.

Вячеслав Охунов, рассом

Слава Охунов.
- Менимча, ҳамма ёқ аллақачон тозалаб бўлинган. Шаҳарни талабалардан тозалашди, вилоятдан келган ҳамма талаба шаҳардан қувилди. Энди шаҳарни суварак ва каламушлардан тозалаш қолувди. Кеча тўйдан қайтаётсам бўм-бўш кўчалар, шаҳар худди қабристоннинг ўзи.


Исмини айтишни истамаган ўзбек журналисти

- Аслида Мустақиллик байрами арафасида умуман давлатнинг органларидан, халқнинг эркини чекловчи унсурлардан тозалаш керак. Халқ эркин байрамини ўтказиши керак ҳеч қанақанги қаршилик, тўсқинликсиз. Лекин, шунақа эмасда, бизда аксинчаку. Байрам бўлмаса, одамлар эркин яшайди бизда шекилли.

Жамол Камол, ёзувчи

- Қизиқ савол экан (кулади). Лекин бир гап, лекин бир томондан, инсоф билан айтиш керакки, Тошкент ниҳоятда гўзал бўлган. Кимдан тозалаган бўлар эдим, шу назаримда мен кўча-кўйда милицияни камроқ қилардим, менимча. Энди милиция керак, милициясиз тинчлик бўлмайди, тартиб бўлмайди. Лекин бу қадар ҳар қадамда бўлиши, ҳар қадамда кўзга ташланиши яхши эмас деб ўйлайман.

Тошкент метроси милиция ходими

- Кечирасиз, ўзингизни таништиринг, исмингиз, қаердансиз...

Бек, фаррош, Санкт-Петербург

- Тозалаш деган нарса, менимча, Ўзбекистонда керак эмас. Тозалайдиган нарсанинг ўзи қолмаган.

Азиз муштарий¸

Ҳафта саволи рукнининг ушбу сонида баъзи сиёсий фаоллар, расмийлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти вакилларининг Байрам арафасида Тошкент кимдан ва нимдан тозаланиши керак, деган саволга мухтасар жавоблари билан танишдингиз.

Айни саволга сиз ҳам жавоб беришингиз мумкин - мулоҳазаларингизни Озодликка шарҳ шаклида йўлланг.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

XS
SM
MD
LG