Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:13

Риштонликлар ўтган тонгни кўчада оттирди


20 июл куни кечаси рўй берган зилзиладан асосан Фарғонанинг Риштон тумани зарар кўрди.
20 июл куни кечаси рўй берган зилзиладан асосан Фарғонанинг Риштон тумани зарар кўрди.

Зилзиладан бир ҳафта ўтиб, “Шу куни кечқурун яна қаттиқ ер қимирлармиш” деган мазмунда тарқалган миш-миш ва ваҳималар риштонликларнинг кўнглига ғулғула солиб қўйди ва улар уйларидан ташқарида тонг оттирдилар.


Зилзила рўй берганидан буён бир ҳафта ўтганига қарамасдан, риштонликлар орасида ваҳимали гаплар тарқалишда давом этмоқда, дейди риштонлик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элбоев:

- Қаердан чиқди буни билмадиму, лекин гап чиқди шунақа ваҳима. 25 июлдан 26 июлга ўтар кечаси зилзила бўлади деган гап чиқди. Риштонда кўпчилик оилалар ташқарида ëтишди. Ҳовлиси борлар уйидан чиқиб, ҳовлисида ëтди. 8-март маҳалласидагилар бор. Улар домда туради. Улар ташқарида ëтишди. Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, дейдию. Зилзила бўларкан, қаттиқ бўларкан деса, ҳаммаси ваҳимага тушиб қолган,- дейди Баҳодир Элбоев.

Унга кўра, зилзиладан айниқса Тўда, Авазбой, Зоҳидон, Уйрат, Қипчоқ қишлоқлари қолган жойларга нисбатан кўпроқ зарар кўрган ва бунинг ўзига хос сабаби бор:

- Биласизми, бу қишлоқлар нега кўпроқ зарар кўрган? Чунки бу қишлоқларда ер ости сувлари жуда баланд-да, зах кучли. Бу дегани пойдевор мустаҳкам эмас, дегани. Асосий ўлим ҳолатлари ҳам шу қишлоқларда рўй берган. Масалан шаҳарда уйларга дарз кетган бўлса, у қишлоқларда баъзи уйлар батамом қулаб тушган,- дейди Баҳодир Элбоев.

Зилзила рўй берган туннинг эртаси куни Риштон ҳокимлиги қошида зилзила оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш штаби тузилди. Бу штабнинг ўзини таништирмаган вакили Озодлик билан суҳбатда зилзиладан жабр кўрганларга ҳукумат томонидан барча ёрдамлар кўрсатилаётганини айтди:

- Ҳамма ишлар қилиняпти, одамларнинг бузилган уйлари тикланяпти, ҳашарлар уюштириляпти. Кўчада қолган одам йўқ, бундан бошқа маълумот бера олмайман,- деди Риштон ҳокимлиги қошида тузилган зилзила оқибатларини бартараф этиш штаби расмийси.

Ҳуқуқи фаоли Баҳодир Элбоевнинг айтишича, зизиладан қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳокимият томонидан 2 миллион сўмдан ёрдам пули, таъзия маракаларини ўтказиш учун қўй берилган. Бироқ уйлари дарз кетган ва нисбатан кичикроқ зарар кўрган хонадонлар рўйхатга олиняптию, уларга ҳозирча ҳеч қандай ёрдам берилмаган:

- Маҳаллаларда қайси уй қанча зарар кўргани ҳақида уйма-уй юрилиб рўйхат тузилди. Бироқ бу қуруқ рўйхат кимга керак. Бу хонадонларга ҳозир бирор хил ёрдам кўрсатилгани ҳақида мен ҳали эшитмадим,- дейди Баҳодир Элбоев.

Зилзиладан уйига зарар етган риштонлик шифокор Султон аканинг айтишича, ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ ва маҳаллий ҳокимият имкони борича ёрдам беряпти:

- Деярли ёрдам кўрсатилди. Шахсан бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари келиб, зилзиладан ҳалок бўлган хонадонларга кириб ўтди. Ҳозир қуйи ташкилотларгача сафарбарлик эълон қилинган. Талафот кўрган ҳар бир хонадонга уйма-уй кирилиб, тегишли ёрдам кўрсатиляпти,- дейди шифокор Султон ака.

Эслатамиз, "Тошкент" сейсмология станцияси маълумотига кўра, ўтган ҳафтанинг чоршанбага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 0:35 да рўй берган зилзила ўчоғи қўшни Қирғизистонда бўлган ва унинг кучи 7 баллни ташкил этган эди.

Ер силкиниши оқибатида Фарғона вилоятининг Риштон, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида айрим эски уй-жойларга шикаст етган ва бунинг оқибатида 13 киши ҳалок бўлган ва 86 одам жароҳат олган эди.
XS
SM
MD
LG