Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:18

Бўстонлиқда ушланган сайёҳлар иши Қозоғистон элчихонасига топширилди


Аммо, Тошкент вилоят ИИБ қозоғистонлик сайёҳларнинг ҳозир қаерда эканини маълум қилмади.


Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ички ишлар бўлими Озодлик билан суҳбатда вилоят ҳудудида қозоғистонлик сайёҳлар улар томонидан қўлга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

- Қозоғистон элчихонасига телефон қилсангиз, ҳамма маълумотни уларга берганмиз, улардан сўраб олишингиз мумкин, - деди Бўстонлиқ тумани ИИБ расмийси.

Бўлимнинг яна бир ходими эса бу сайёҳлар айни кезда бошқарма ихтиёрида эмаслигини айтар экан, улардан айримлари айбланаётгани ва хусусан, ўсмирлар учун 580 АҚШ долларидан жарима пули сўралгани ҳақида тарқалган хабарлар хусусида ҳеч қандай маълумот берилмаслигини таъкилади.

Шу тариқа, сайёҳларга тегишли маълумотларга қўшиб, уларнинг ўзи ҳам элчихонага топширилганми ёки йўқми, ИИВ нинг Бўстонлиқ туман бўлими ва вилоят бошқармасидан бу ҳақда ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасидан эса элчихонанинг айнан шу иш билан шуғулланётган мутасаддиси сайёҳлар масаласидаги юмушлар билан хизмат сафарига кетгани ва бундан бошқа маълумот берилмаслиги ҳақидаги жавобни олдик.

Ҳозирча олишга муваффақ бўлганимиз ушбу маълумотлардан шу йилнинг 14 июл куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги чегараолди ҳудудудида қўлга олинган қозоғистонлик сайёҳларни Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасига бериш қарори қабул қилинганини тахмин қилиш мумкин.

Эслатамиз, шу йил 20 июлда Қозоғистонда 12 нафар алпинистнинг ғарбий Тян-Шан тоғларида бедарак йўқолгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Тўққиз ўсмир ва уч эркак кишидан иборат бўлган гуруҳни қидириш ишларига қутқарувчилар¸ полиция ва чегарачилар жалб этилди.

Кейинчалик қозоғистонлик алпинистлар Ўзбекистон чегарачилари томонидан қўлга олингани ҳақида Интерфакс-Казахстан агентлиги хабар берди.

Агентликнинг Жанубий Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар департаменти ходими Марат Курмановга таяниб берган хабарига кўра, қозоғистонлик сайёҳлар 14 июл куни Ўзбекистон МХХси томонидан ҳибсга олинган.

10 июл куни сайёҳлар гуруҳи Сайрам тоғи чўққисига чиқиш учун жўнаб кетган ва 20 июл куни қайтишни мўлжаллаган эди.

Курмановга кўра, сайёҳларни қўлга олган Ўзбекистон томони Қозоғистоннинг сўровларини жавоб қолдирган.

Кейинчалик Фарғона.ру ахборот агентлиги сайёҳлар сафида бўлган ўсмирлар махсус приëмникда сақланаётгани¸ қолган алпинистлар эса чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиш ва ўқ отар қуролини олиб ўтишда айбланаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Хабарда айтилишича¸ алпинистлардан бирининг ëнида патрон ва винтовка бўлган.

Ҳозирда мазкур воқеа юзасидан тергов ўтказаëтган Ўзбекистон расмийлари ўсмирларнинг ота-оналари ҳар бири учун 1 миллион сўм ëхуд 580 АҚШ доллари миқдорида жарима тўласа¸ озод этилишини билдиргани ҳам хабар қилинди.

Сўнгги хабарларга кўра, 29 июл куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон дипломатик идорасига махсус нота йўллаб¸ қозоғистонлик алпинистларнинг ушланиши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритишни сўраган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси эса бу борадаги мурожаатимизни жавобсиз қолдирди.
XS
SM
MD
LG