Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:34

Қирғиз-ўзбек чегарасида можаролар кўпаймоқда


“Фарғона водийсидаги чегара билмас юристлар” ташкилоти вакиллари мониторинг натижасида ана шундай хулосага келганлар.

Ташкилот вакили Азизбек Ашуровга кўра, Ўшнинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида йил бошидан буён 36 можаро содир бўлган.

- Қирғизистонда ўтган йили бўлиб ўтган воқеалардан кейин Ўзбекистон чегараларини ёпиб қўйгани учун ноқонуний равишда, белгиланмаган жойлардан чегарани кесиб ўтиш ҳоллари кўпайиб кетди. Шу сабабли чегарада нохуш ҳодисалар ҳам кўпаймоқда. Можаролар фуқаролар билан чегарачилар ёки чегара ҳудудида ишловчи ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасида чиқади. 36 можаронинг ярмидан кўпи бизнинг фуқаролар ва Ўзбекистон чегарачилари ўртасида бўлган, - дейди Азизбек Ашуров.

Унга кўра, можароларнинг келиб чиқишига асосан фуқароларнинг чегара масаласида ҳуқуқий билимсизлиги сабаб бўлмоқда.

- Чегарадан ўтиш қонун-қоидаси бўйича маълумот олиш ресурслари йўқ. Чегара ҳудудида яшовчи фуқаролар чегарадан ўтиш тартибини билмайди ёки уларга ҳеч ким ўргатмайди. Қишлоқ ҳукуматига борса, у ерда ҳам махсус юристлар йўқ. Чегара хизматига борса, улар ҳам ёрдам беролмайди. Ҳақиқатни айтиш керак, Қирғизистон чегара хизмати ҳозир фуқароларга ёрдам берадиган аҳволда эмас. Чегарачиларнинг сони ҳам оз, имкониятлари ҳам йўқ, - дейди Азизбек Ашуров.

Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларида можаролар кўпайиб бораётганини аввалроқ Қирғизистон чегара хизмати расмийлари ҳам эътироф этгандилар. Шу важдан ёз ойларида қирғиз чегарачилари кучайтирилган тартибда ишлашга ўтган.

- Чегарачилар томонидан 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида чегарани бузган 155 одам, чегара тартибини бузган 59 одам қўлга олинди. Битта қурол яширилган жой топилди. 7 та ўқотар қурол ва 55 та турли калибрдаги ўқ-дори мусодара қилинди. 47 та контрабандачи қўлга олинди. Чегарада 23 та нохуш ҳодисанинг олди олинди. Шуларнинг ҳаммаси чегарани кучайтирилган тарзда қўриқлашга сабаб бўлмоқда, - деганди Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Закир Тиленов 6 июл куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини 2010 йилнинг 7 апрелидан сўнг бир томонлама ёпиб қўйган эди. Апрел воқеаларидан 40 кун ўтгач, Қозоғистон чегараларини очган, бироқ Ўзбекистон шу кунгача чегараларини очиш ниятини билдирмаяпти.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Қирғизистон фуқароси Ўзбекистонга бормоқчи бўлса, унинг номига ўзбекистонлик яқинлари номидан таклифнома келиши керак экан. Асли ўзбекистонлик, бироқ Қирғизистонга турмушга чиққан Давлатхон Мамажанова Ўзбекистонга бориш учун қўшни мамлакатдаги қариндошларидан таклифнома олганлардан бири.

- Қирғизистон чегарачиларига раҳмат, ҳужжатларимни бир маротаба қараб, ўтказиб юборишди. Ўзбекистон чегарачилари эса: “У ёқдан таклифнома юборган одам туғишганинг бўлса, фамилия ва отчествонг бир хил бўлса, кейин ўтасан, акс ҳолда ўтмайсан”, деди. Турмушга чиққанимизга 40 йил бўлди, ўша пайтларда турмуш ўртоғимнинг фамилиясига ўтганман. “Ўзбекистонга бориб, боламни кўраман, ҳам туғилган еримни кўраман, тўй бўляпти, уни кўриб келай” деб чегарага келгандим. Таклифномани қайнисинглим юборганди. Унинг фамилияси Абдраҳмонова, меники Мамажонова бўлгани учун “фамилиянг бир ҳил эмас экан” деб ўтказишмади, - дейди Ўш вилояти Қорасув туманидаги “Дўстлик” қирғиз-ўзбек чегара пунктидан ўтолмаган Давлатхон Мамажанова.

Қирғизистондаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик Азамат Қўжўевга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасининг ёпиқлиги ҳамда чегарачиларнинг фуқароларга бўлган қўпол муносабати сабабли одамлар чегарани иложсизликдан ноқонуний кесиб ўтишга мажбур бўлишмоқда.

- Ўзим Ўшда ўқийман. Қадамжой тумани билан чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг Риштон туманида яшайман. Ҳақиқатдан ҳам чегарадан ўтиш бизга жуда қийин. Чегарачилар ўтказмай ҳам қўйишади. Қишлоқдан келиб, чегарадан яшириниб ўтишга тўғри келади. Ўзим чегарачиларга ушланиб қолмаганман. Бироқ дўстларим ушланиб қолган. Чегарачиларга пул бериб, олиб келаётган продукталаримиздан бериб, аранг ўтаяпмиз, - дейди Азамат Қўжўев Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Айни пайтда чегарадаги можароларнинг олдини олиш учун “Фарғона водийси чегара билмас юристлари” жамоатчилик ташкилоти БМТнинг Ўшдаги бюроси, Ўш вилоят давлат маъмурияти, Ўш ва Жалолобод вилоятлари чегара хизматлари билан ҳамкорликда “Ўш ва Жалолобод вилоятлари чегараолди ҳамжамиятларида зиддиятлардан огоҳлантириш ҳамда уларнинг олдини олиш механизмлари ва потенциалини ривожлантириш” дея номланган лойиҳани амалга оширмоқда.

Ташкилотчиларга кўра, лойиҳа доирасида чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолига улар яшаётган ҳудудлар учун хос бўлган долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ҳуқуқий маълумотлар етказилиши ва амалий юридик ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган.

Аснода “Фарғона водийси чегара билмас юристлари” жамоатчилик ташкилоти вакили Азизбек Ашуров Ўзбекистон томонидан мазкур лойиҳа ҳамкорлари йўқлигини айтаркан, қўшни давлатда бу йўналишда бирор-бир иш қилинаётганидан хабарсизлигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG