Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:02

Давлат идоралари матбуот учун шаффоф бўлади?


Ҳукумат ташаббусларига қарамасдан, Ўзбекистон матбуот эркинлиги борасида қорага бўялган давлатлар қаторида қоладиган кўринади.
Ҳукумат ташаббусларига қарамасдан, Ўзбекистон матбуот эркинлиги борасида қорага бўялган давлатлар қаторида қоладиган кўринади.

4 август куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган тўртта қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.



Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида” ва “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, тўрттала қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон матбуотини ислоҳ қилиш, мамлакатда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш, сўз эркинлигига кенг имкониятлар яратиш кўзланмоқда.

Қонун лойиҳаларида кўзда тутилган асосий мақсад давлат хокимияти ва бошқарув тизимини матбуот учун шаффоф қилишдан иборат экани айтилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати шаффофлаштиришга ҳаракат қилаётган давлат идоралари қўйилган мақсадга қандай қараши ва бу мақсадни амалга ошириш қанчалик реал, деган савол жавобини билиш учун қатор давлат идораларига сим қоқдик.

Вазирлар маҳкамаси: Аккредитациянгиз қани?


Шу пайтгача халқаро матбуот воситалари, жумладан, Озодлик радиоси учун ҳам маълумот олиш имконсиз ҳисобланган ва давлат идораларини шаффофлаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини таклиф қилаётган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига қўнғироқ қилдик.

Бош вазир матбуот хизмати ходими қонун лойиҳалари муҳокамасидан хабари йўқ шекилли, бу саволларга жавоб олиш учун аввал ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, аккредитация олишимиз кераклигини айтди. Бош вазир матбуот котибининг айтишича, бу тартиб, аниқроғи маълумот олиш учун ўрнатилган чеклов бошқа мамалкатлардан ўрнак ўлароқ ўрнатилган.

- Ҳамма мамлакатдагига ўхшаган бизда ҳам тартиб бор. Аккредитациядан ўтган журналистлар билан биз мулоқот қилишга тайëрмиз,- деган вазирлар маҳкамаси расмийси яна айнан қайси мамлакатларда бундай тартиб борлигини айтиб бера олмади.


"Сенат саволларингизга жавоб бермайди"


Вазирлар маҳкамасидан халқаро матбуотга бериладиган одатий жавобни олгач, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати билан боғландик.

- Йўқ, бу масалада қонунчилик палатасига мурожаат қилинг. Қонун лойиҳасини улар тайëрлашади. Кечирасиз, мен мансабдор шахс эмасман. Мен сизнинг саволларингизга жавоб бера олмайман,- дея гапни қисқа қилди Сенат хатлар бўлими ходимаси.


Нега менга қўнғироқ қиласиз?


Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Ҳоликова эса Озодлик мухбири Парагадан туриб, телефон орқали унга мурожаат қилаётганидан таажжубга тушганини яшириб ўтирмади.

- Меҳрибон, бу нарсани телефонда сўрамасдан, келиб сўраш керак ëки бўлмаса Вазирлар Маҳкамасида шунақа нарса бўлган бўлса, ўзидан сўрангда. Нимага телефонда бу нарсаларни менга гапираяпсиз, дедию гўшакни қўйиб қўйди депутат Дилбар Ҳолиқова.


МХХдан маълумот оламан деб овора бўлманг!


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати янги қонун қанчалик "эзгу" ниятларда қабул қилинаётганидан қатъий назар, нафақат халқаро, балки маҳаллий матбуот учун ҳам ёпиқ идора бўлиб қоладиган кўринади

- Йўқ, фақат Ташқи ишлар вазирлиги орқали чиқасиз. Ҳеч қанақа маълумот берилмайди Озодликка,- деди Ўзбекистон МХХ Республика бўлимининг навбатчи ходими.


Ўзбекистонда тузум ўзгармас экан матбуот эркин бўлмайди


Изланишларимиз бесамар қолишини аввалдан айтган ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов мамлакатда сиёсий тузум ўзгармас экан, на матбуот ҳақидаги қонун, на бошқа қонунлар амалда бажарилиши ҳақида гапириб бўлади, дейди.

- Шу пайтгача Ўзбекистонда матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилган 14та қонун ҳужжати мавжуд. Ҳозир бу қонунлар қабул қилинадиган бўлса, қонунлар сони 18тага етади. Амалда бу қонунлар матбуотга эркинлик бера оладими деган савол қўйиладиган бўлса, бунинг ечими жуда оддий. Ўзбекистонда матбуот диктатуранинг кўзгуси сифатида эркин бўлиши мумкин эмас. Чунки матбуот эркин бўлиши учун биринчи навбатда система эркин бўлиши керак, давлат демократик бўлиши керак, бошқарув демократик бўлиши керак. Ҳозиргига ўхшаган тоталитар бошқарув шароитда қонунлар ҳеч қачон матбуотни эркинлаштира олмайди. Қонунларни қарайдиган бўлсангиз, моҳиятан, умумий нуқтаи назардан қонун ҳужжатлари матбуотни эркинлаштиришга қаратилгандай кўринади. Лекин унинг ичида битта модда бўладики, бу матбуотнинг эркинлигига раҳна соладиган, ҳамма ҳаракатларни принципиал бекор қиладиган модда. Мана масалан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунда моддаларнинг биттасида “Журналист суд қарори қонуний кучга кирмасдан туриб воқеа ҳақида хабар бериши мумкин эмас” деб ëзиб қўйибди. Масалан 2009 йил август ойида Анвар қори Турсунов пичоқланди. Унинг нималари 2010 йилда кучга кирди. Демак, бир йил давомида ўзбек матбуоти мана шу воқеани ëритолмади,- дейди Абдураҳмон Ташанов.


"Ўзбекистонда матбуот бўғилган"


Халқаро ташкилотлар мустақиллигининг 20 йили давомида Ўзбекистонни сўз эркинлиги бўғилган мамлакатлар рўйхатига қўшиб келади.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўтган йили Ўзбекистонни Мянма, Куба, Ливия, Эрон, Шимолий Корея ва Туркманистон билан бир қаторда интернет душманлари рўйхатига қўшди.

АҚШдаги нуфузли Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти ҳам Ўзбекистонни матбуот эркин бўлмаган давлатлардан бири деб ҳисоблайди.

Расмий Тошкент эса бу каби танқидларни деярли эътиборсиз қолдириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG