Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:24

Исломни эмас, мусулмонликни ислоҳ қилиш керак


Туркиялик ëш исломшунос ва шарҳловчи Мустафо Оқйўл.
Туркиялик ëш исломшунос ва шарҳловчи Мустафо Оқйўл.

Туркиялик исломшунос М.Оқйўл “Экстримсиз Ислом: Мусулмонлар Озодлик йўлида” китобида шу хулосани ўртага ташлаган. Мустафо Оқйўл Туркия ҳамда айрим Ғарб университетлерида Ислом ва бугунги замонавий дунё ўртасидаги алоқаларга қаратилган илмий изланишлари бўйича маърузалар ўқиб келмоқда.


Унинг жорий йил 11 июл куни дунё юзини кўрган “Экстримсиз Ислом: Мусулмонлар Озодлик йўлида” номли китоби нафақат мусулмон дунёси, балки Исломнинг қандай дин экани ва нега шу кунларда айнан мусулмонлар билан ихтилофлар дунёга келаётгани сабабларини ўрганишга қизиққан ғарблик тадқиқотчилар ўртасида ҳам ўқилмоқда.

Озодлик Мустафо Оқйўлнинг “Ислом динига кириш эркин, аммо чиқиш эркин эмас”, “Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларация билан Муқаддас Қуръон ўртасида зиддият йўқ”, “Ислом эътиқоддан қайтиш ва шаккокликка нисбатан энг бағрикенг дин”, “Қуръонда бу дунё, охир-оқибат мусулмонларники бўлмаслиги битилган” каби хулосалари ортидан уни суҳбатга тортди ва бундай хулосаларини изоҳлаб беришини сўради.



Мустафо Оқйўлнинг “Экстримсиз Ислом: Мусулмонлар Озодлик йўлида” номли китоби ҳали дунё юзини кўрмай турибоқ қизиқишларга сабаб бўлган эди.

“Ислом динига кириш эркин, аммо чиқиш эркин эмас”

Мустафо Оқйўл “Экстримсиз Ислом: Мусулмонлар Озодлик йўлида” номли китобида асосий эътиборни бугунги мусулмон дунёсидаги айрим сиёсий режимларнинг асосий камчилиги бўлмиш эътиқод эркинлиги ва сўз эркинлигига зид ҳаракатларига қаратган.

- Ислом аслида фундаментал жиҳатдан озодлик ғоясига уйғун бўлган дин, деб ҳисоблайман. Лекин ислом қоидаларининг айрим жиҳатларга оид тафсирлари натижасида жуда авторитар тақиқ чоралари пайдо бўлди.
Булардан бири ўрта асрларда қолган эътиқодни алмаштириш учун қўлланадиган тақиқдир. Исломдаги кенг тарқалган фиқҳ қоидалари бўйича динни алмаштириш мумкин эмас. Сунний таълимотларда бунинг учун ўлим жазоси белгиланган. Аслида бундай жазо чоралари Қуръонда келмаган, дейди Мустафо Оқйўл.

Исломшунос шунга қарамай бугунги кунда аксар мусулмон давлатларда бундай жазо чорасининг қўлланаётгани, фиқҳий таълимотларда бунга асос ўлароқ келтирилган ҳадисларнинг саҳиҳлиги борасида катта мунозара борлигини айтади.

- Кимдир динидан қайтса, уни ўлдиринг, мазмунидаги ҳадислар бор. Лекин, менимча ҳадис исломдаги муаммоли манбалардан биридир. Гарчи муҳаддислар ҳадиснинг саҳиҳлигига даъво қилсалар-да, айрим ҳолатларга оид ҳадисларнинг ҳақиқатда саҳиҳ эканини аниқлаш муаммолигича қолмоқда. Агар ҳадис ва Қуръон ўртасида зиддият пайдо бўлса, бир мусулмон сифатида мен Қуръонни танлайман ва унга бўйсунаман.

Хусусан, диндан қайтиш масаласига келсак, Қуръонда ислом динида зўрлик йўқлиги, иймоннинг эса Оллоҳдан экани, кимдир иймонга келса ёки иймондан кетса, бунинг ҳам Оллоҳдан экани ва бу ўткинчи дунёда инсонларнинг бир иймонга келиб, кейин иймондан қайтиши, кейин эса яна иймонга келиб, сўнггида иймонсиз бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида айтилган, дейди Мустафо Оқйўл.

Ўз китобида Мустафо Оқйўл Яқин Шарқ ва араб ўлкаларидаги айрим исломий давлатларда ҳануз қўлланилаётган ва ўрта асрлардаги уламолар ҳукми билан жорий этилган шаккоклик учун жазо чоралари ҳам Қуръонга асосланмаган, деб ҳисоблашини айтади.


Парвардигор хоҳласа эди, Ер юзида ҳамма иймон келтирарди

Мустафо Оқйўл мусулмон дунёсининг камчилиги ўлароқ тилга олгани ҳар икки ҳолат: диндан қайтиш, динни ўзгартириш ҳамда шаккоклик, дея баҳоланадиган динни танқид қилиш ҳаракатлари учун бандалар қўллаётган жазонинг номувофиқлигини Қуръондаги оятлар билан асослашга уринган.

- Қуръоннинг Юнус сурасида: “Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлар эди. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қиласизми?” мазмунидаги оят бор. Бунақа мазмундаги оятлар жуда кўп. Шундай оят турганда қандай қилиб, уламолар ҳадисни оятдан устун қўйиши мумкин?! дейди Оқйўл.

- Гап шундаки, ўрта асрларда диндан қайтганлик учун тақиқ сиёсий ҳукуматлар манфаати учун ҳам фойдали бўлган. Улар бу воситадан ўз мухолифларини ўлдириш ёки қоралаш учун фойдаланган. Шунинг учун улар бу мазмунда ҳадислар бўлишини, аниқроғи, бундай ҳадисларнинг уламолар томонидан Қуръондан устун қўйилишини маъқул кўрган.

Ҳозир айрим Яқин Шарқ давлатлари ва тоталитар режимлар остида яшаётган мусулмон давлатларига қарасангиз, ҳукуматлар ҳануз шу тақиқни ўша ўрта асрлардан қолган мантиқ билан қўлламоқдалар, дер экан Мустафо Оқйўл, замонавий номусулмон дунё кўз ўнгида асл ислом шундай¸ деган нотўғри хулоса қолмоқда, деб афсус қилади.

Мустафо Оқйўл Афғонистон, Покистон, Эрон каби давлатларда диндан қайтиш, яъни муртадлик ҳамда шаккоклик учун кишиларнинг тошбўрон қилиниши, осилиши ва бу жазо чоралари шаръий маҳкамалар ҳукми билан амалга оширилишини мисол қилиб келтирар экан, бунинг асл ислом ва асл мусулмонларга мутлақо дахли йўқлигини айтади.


Инсон ҳуқуқлари декларацияси ва Қуръон бир-бирига зид эмас

Мустафо Оқйўл фикрича, Ислом дунёсининг бугунги жиддий муаммоларидан бири аксар мусулмон давлатлари томонидан Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг қабул қилинмай келаётганидир.

- Энг аввалданоқ, айрим мусулмон давлатлар бу декларацияни қабул қилмай келмоқда ва улар бунинг ўрнига уларнинг назарида исломий бўлган версияни таклиф қилмоқда. Аммо бу версияда эътиқод эркинлиги чекланган ва бу чеклов яна ўша муқаддас Қуръонга зиддир. Агар фақат Қуръонга асосланилса, мутлақо ойдин бўладики бу муқаддас китоб Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясига жуда мосдир, деб ҳисоблайди Мустафо Оқйўл.

- Мисол учун, шаккокликни олайлик. Қуръонда шаккоклик учун одамларга ҳужум қилинг, дейилмаган. Унда шунчаки, бундай одамлар билан суҳбатлашманг, дейилган. Аниқ айтиладиган бўлса, “агар Оллоҳнинг сўзларини мазах қилса, бундай кимсалар билан бирга ўтирманг” мазмунидаги оятлар бор, дея келтиради Мустафо Оқйўл.

Шаккоклик учун жазо чорасининг бугунги дунё аҳли жўровоз қувватлаган инсон ҳуқуқлари декларациясига энг кўп мос келувчи чораси айнан исломдадир, деб ўз китобида ҳам ёзади туркиялик олим.

Исломшуносга кўра, Қуръон оятлари шаккоклик ва диндан қайтиш учун жазони тайин қилган¸ аммо бу жазо ер юзида бандалар томонидан бериладиган жазо эмас, балки охиратда Оллоҳ ваъда қилган жазодир.


Мусулмон учун ислоҳот бошқа диндагиларга нисбатан енгилдир

Туркиялик исломшуносга кўра, аслида диндан қайтганлик ёки шаккоклик учун жазо исломдан аввалги динларда кескинроқ бўлган.

- Мисол учун, ўрта асрлардаги насронийликда диндан қайтишга рухсат берилмаган. Ёки Тавротни олинг, шаккоклик учун ўлим жазоси тайинланганини кўриш мумкин. Иудаизм ёки насронийликда бундай жазо чораларини кўришингиз мумкин. Ҳозир бу икки дин вакиллари муқаддас китобга бугунги кун нуқтаи-назаридан қарамоқдалар ва бугунги кун учун қайсидир чораларни қўламаслик кераклиги, қайсидир жиҳатларни эса ислоҳ қилиш мумкинлигини англамоқдалар, дейди туркиялик исломшунос.

- Лекин, исломда бундай муаммонинг ўзи йўқ. Шаккоклик ёки диндан қайтиш учун қўлланиладиган кескин чоралар манбаси бу кўпроқ Қуръон нозил бўлган ва Пайғамбар алайҳиссалом вафот этганидан кейинги даврда битилган айрим тафсирларда ёки ҳадислардагина тилга олинган. Шу нуқтаи-назардан мусулмонларга ўзини ислоҳ қилиш бошқа диндагиларга нисбатан енгилдир, дейди Мустафо Оқйўл.


Мусулмонлар ўз тутуми учун ўтмишидан андоза олса, кифоя

- Бу эркин дунёда мусулмонларга, шу жумладан, менга ҳам ёқмайдиган ғоялар бор. Аммо буларга бериладиган жавобни биз ақл ва донишмандлик билан топишимиз керак. Бунинг учун яқин ёки узоқ ўтмишга мурожаат қилиш, кифоя.

Биз бу эркин дунёда мутлақо қабул қила олмайдиган яшаш тарзлари бор. Биз бундай инсонлар билан ўзимиз юқори тутган қадриятлар ҳақида сўзлашимиз зарур. Аммо бунга уларнинг жавоб қандай бўлади — бу мутлоқ уларнинг иши, бизнинг эмас. Қуръон оятларида "агар улар мусулмон бўлсалар, нажот топдилар, агар юз бурсалар, сиз фақатгина уларни даъват қилишга бурчлисиз, холос” мазмунидаги оятлар бор, дея келтиради ўз китобида туркиялик исломшунос.

Унга кўра, бу дунёнинг эркин бўлиши, энг аввало, мусулмонларнинг ўзи учун ҳам зарурдир. "Туғилишдан то ўлимга қадар бу ҳаётни муносиб яшаб ўтиш ва охир-оқибатда, Оллоҳнинг розилигини топишимиз учун ҳам бу ҳаётда эркин бўлишимиз, бир банданинг бошқасига тажовузларидан холи бўлишимиз зарурдир" деб ёзади Мустафо Оқйўл ўзининг “Экстримсиз Ислом: Мусулмонлар Озодлик йўлида” номли китобида.


Умматчилар ва миллатчилар ўртасидаги ўхшашлик

Мустафо Оқйўл бугун ер юзи бўлаб мусулмон давлатларда ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом шаънини ҳимоя қилишга қаратилган норозилик ҳаракатлари, намойишлар ва зўравонликлар заминини ҳам таҳлил қилишга уринган.

Тадқиқотчи фикрича, пайғамбар алаҳийссаломга бўлган ҳақоратни ўз номига бўлгандек қабул қилиш ва бунга қарши жон-жаҳди билан курашишга уриниш мусулмон аҳли бўлган умматнинг, гўёки бир миллат ўлароқ реакция қилаётганидан далолатдир.

Мустафо Оқйўл Туркия мисолида Ўрхон Памуқнинг турк миллати шаънига доғ, дея тарих саҳифаларидан келтирган мисоллари учун кескин танқидга учрагани, айрим миллатчи гуруҳларнинг эса уни ўлдиришга қасд қилганини мисол келтирган.

Туркияда миллатни ҳақорат қилиш учун жазо тайинлангани ва маҳкамаларда бундай ҳаракатни қилди, деб топилган зиёлилар судланганига оид ҳолатларни тилга олган.

Бу параллеллар орқали ёш исломшунос бугун Муҳаммад алаҳийссалом шаънини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олганларнинг қаҳрини миллатчи гуруҳларнинг радикал кайфиятдаги вакиллари ҳаракатларига қиёслаган.

Бундай ҳаракатларни қоралаган Оқйўл мусулмон оламининг бугунги кунда энг оғриқли нуқтаси бўлиб турган шаккоклик ва диндан қайтганларга муносабатларини ислоҳ қилиш учун айрим таклифларни ҳам ўртага ташлаган.

Энг аввало бунга тарихдан мисол келтирган исломшунос 2007 йилда Австралияда Биби Марямнинг суратлари куфрона бир шаклда чизилиб, жамоатчиликка намойиш қилинганида айнан мусулмонлар жамоаси бунга норозилик билдиргани ва бу қаҳр-ғазаб билан эмас, балки босиқлик ҳамда осойишталик билан амалга оширилгани, Туркиядаги мўътадил мусулмонлар жамоасини эса бундай ҳаракати учун патриарх Бартоломей I дан ташаккурнома олганини тилга олган.

Мустафо Оқйўлга кўра, танқид ёхуд ҳақоратга қаҳр ва ғазаб билан муносабатда бўлиш, куч қўллаш, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб бериш бугунги мусулмонлар ва ислом учун зарарли йўлдир.

"Исталган эътиқоднинг қудрати унинг кучи ва ҳар қандай таҳдидга нисбатан ўшанчалик таҳдид билан қилган жавобида эмас, балки дунё аҳли билан маънавий мулоқоти ҳамда интеллект билан мустаҳкамланган эътиқоди орқали юзага келади", деб ҳисоблайди туркиялик ёш исломшунос.

Унинг фикрича, бошқа инсонларнинг ҳатти-ҳаракатлари, иймони-ибодатини тафтиш қилиш, ислом дини шаъни ва қимматини куч билан қўриқлаш, охир-оқибатда, бутун Ер юзида ислом салтанатини ўрнатиш каби иддаолардан мутлақо воз кечиш лозим.


Ислом бутун дунёга соҳиб бўлмайди

Охир-оқибатда, дунёдаги энг кўп сонли диний жамоа ўлароқ мусулмонларни бу дунёдаги асосий мақсад вазифаси нималардан иборат бўлиши кераклиги ҳақида мулоҳаза юритар экан Мустафо Оқйўл, айрим диндошларимиз бу уммат ер юзининг соҳиби бўла олмаслиги ҳақидаги оддий ҳақиқатни англаб етиш керак, деб ҳисоблайди.

- Қуръонда бу масала аниқ айтилган ва бу ҳақдаги оятлардан ўз китобимда иқтибослар келтирганман - ер юзида турли динлар бўлиши ва бу Оллоҳнинг иродаси экани айтилган. “Парвардигорингиз хоҳлагаганида эди ҳаммангизни битта жамоат қилиб қўйган бўлар эди” мазмунида оят бор. Оллоҳ “кўп бандаларнинг иймони бўлмаслиги”ни ҳам айтиб қўйган, дейди Оқйўл.

Мустафо Оқйўл фикрича, бу маънода ҳам ислом бошқа динларга нисбатан ҳурфикрлироқдир.

Охиратда ҳамма мусулмон бўлиши ва дунёда мусулмонлар ҳукмронлиги ўрнатилиши ҳақидаги иддаолар эмас, балки дунда ҳамма ўз билимига таяниб ибодат қилиши ва турлича эътиқод қилиши мумкинлиги, аммо бунинг учун жазолаш ҳаққи бу Оллоҳнингина ҳаққи экани Қуръонда аниқ битилганини урғулайди туркиялик ёш тадқиқотчи.

- Оятларда “Парвадигорингиз сизни сизга берган турли нарсалар билан синовга тутади”, яъни “яхши ишларни қилишда бировимиз бировимиздан илгари бўлишга”га ундалганмиз. Қуръоннинг ўзида плюрализм — ҳурфикрликка ундалганмиз. Бунда бандаларнинг танлови эса фақат Оллоҳ томонидан сарҳисоб қилиниши аниқ айтилган, дейди Мустафо Оқйўл.

- Кўплаб одамлар ислоҳот ҳақида гапиришингиз билан сизни диннинг ўзини ўзгартиришга урнишида айблай бошлайди. Аммо аслида бундай эмас. Биз аслимизга, яъни асл Қуръонга қайтишимиз керак ва бугунги кунда барча ислоҳот тарафдорлари айтаётган таклиф аслида мана шудир, дея хулоса қилади туркиялик ёш исломшунос Мустафо Оқйўл Озодлик билан суҳбат якунида.


Мустафо Оқйўл ҳақида икки оғиз сўз

1972 йилда Анқарада туғилган Оқйўл Туркиядаги Британия Олий мактабида, кейин эса Босфор университетида ўқиб, халқаро муносабатлар бўйича магистрлик даражасини олган.

Мустафо Оқйўл Туркия ҳамда бугунги дунё учун ҳам муҳим бўлган ислом ва бугунги мусулмонлар мавзуига ихтисослашиб, шу йўналишда бир неча йиллардан буён илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.

Унинг илмий изланишлари мусулмон давлатлари ва шунингдек, Европа давлатларида катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда ва хусусан, АҚШ ва Буюк Британиядаги тадқиқот институтларида муҳокама қилинган.

Унинг “Экстримсиз Ислом: Мусулмонлар Озодлик йўлида” номли китоби ҳали дунё юзини кўрмай турибоқ қизиқишларга сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG