Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:32

Жалолободда Россия фуқароси уриб ўлдирилди


Қирғизистоннинг Бозорқўрғон туманида россиялик Усмонжон Холмирзаев 9 август куни калтакланиш туфайли оламдан ўтди.

Қирғизистондаги “Қилим шами” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг Бозорқўрғондаги вакили Гуллола Ташкенованинг айтишича, асли бозорқўрғонлик, бироқ айни пайтда Россия фуқароси бўлган Усмонжон Холмирзаев якшанба куни номаълум шахслар томонидан ўз уйидан олиб чиқиб кетилган ва туман милиция бўлимида қийноққа солинган.

- У киши (Усмонжон Холмирзаев демоқчи – таҳр.) бозорда автомобил запчастларини сотиш билан шуғулланган. 7 август куни у кишини фуқаролик кийимидаги одамлар уйидан чақиришган ва бозорга олиб келиб, ўша ерда уни уришади. Кейин уни РОВДга олиб келишади. РОВДда уни уриб, соат кечки 7 да унга: “6 минг доллар топиб келасан” дейишади. У: “6 минг доллар пулим йўқ”, деганидан кейин “30 минг сўм берасан” (тақрибан 680 АҚШ доллари – таҳр.) дейишади. Шундан сўнг унинг қариндош-уруғи кечки соат 8 да 30 минг сўм пул топиб келишади. У болага противогаз кийдиришиб, уриб қийнашганидан аҳволи оғирлашган ва уни қариндошларига беришган. Реанимацияда у боланинг аҳволи оғирлашиб, докторлар уни яқинларига қайтариб беришади ва кеча тунги соат 2 да жони узилибди, - дейди воқеани ўрганаётган ҳуқуқ фаоли Гуллола Ташкенова.

Усмонжон Холмирзаевнинг турмуш ўртоғи Зулфия опа эса воқеани мана бундай эслайди:

- 7 август куни уйда тўйга тайёргарлик қилаётган эдик, ремонт қилаётган эдик уйда. Соат 16.00 да эшигимизга уч киши келди. Бозор куни, дам олиш кунда олиб кетишди. Мелисахонани офис қилиб олишибди. Противогази бор экан, азоблайдиган ҳамма анжомлари бор экан. Олиб кириб, савол-сўроқ қилмай, пул ҳам сўрамай, калласига противогазни кийдириб ураверибди. Йиқилиб қолса, тиззаси билан ирғиб, ҳаммаёғини эзиб юборибди. “Урманглар, келишайлик” деса, 6 минг доллар сўрабди. “Унақа пулим йўқ” деса, “30 минг бер” дебди. Ўшанда уйга телефон қилди “тезда 30 минг қилиб кел, топишмасанг, ўлиб қоламан”, деди, - дея ҳикоя қилади кўзёшларини тўхтата олмаган Зулфия опа.

Унинг айтишича, яқинлари Усмонжон акани 7 август куни кечки соат 22 дан кейин Бозорқўрғон туман касалхонасига олиб келишади. Ренген натижалари Усмонжон аканинг қовурғалари синганини кўрсатади, бироқ Усмонжон ака касалхонада қолишни истамайди, яқинларини уни уйига қайтариб олиб келадилар.

Зулфия опа воқеанинг эртаси куни уйига маҳаллий расмийлар келганинини ва куёви билан учрашганини айтар экан, Усмонжон ака маҳаллий расмийларга ҳеч кимдан даъво қилмаслигини айтганини эслайди:

- Ўзи ўлим тўшагида ётганда ҳам уларни оқлаяпти. “Ака, кўпга келган тўй бўлди, ҳеч кимдан даъвойим йўқ. шу ишларнинг кераги йўқ, тинч қўйинг”, деди. У дегани, урганда: “Агар урганимизни айтсанг, уруғ-аймоғинг билан йўқ қилиб юбораман”, дегани экан. Уни куёвим қари холасига айтган экан. Бизга айтмаган, - дейди Зулфия опа.

Унга кўра, 7 август куни эрини уйидан давлат рақами 11 54 бўлган бақлажон рангидаги ВАЗ-2107 машинасида олиб кетишган. Зулфия опанинг айтишича, Усмонжон ака ўлимидан аввал ўзини калтаклаганлардан бирини “қорачадан келган, савлатли Замир исмли йигит” дея тасвирлаб берган.

Зулфия опа эри Россия фуқароси бўлгани учун унинг вафотидан сўнг Ўшдаги Россия консуллигига борганини, эри калтаклаб ўлдирилгани учун жасадни суд-тиббий экспертизасидан ўтказиш бўйича консуллик томонидан эксперт беришларини сўраб ариза ёзганини айтади.

- Россия консуллиги менга эксперт қўшиб берди. Ҳозир бу ерда эксперт турибди. Бу ерда СНБнинг одамлари ҳам бор. ОБСЕ, ООНнинг вакиллари ҳам турибди. Яна провазашитниклар ҳам турибди. Мана бу ерда моргда скритиядамиз (жасадни ёриб кўриш жараёнида қатнашяпмиз демоқчи - таҳр). Туманнинг катталари ҳам келган, - деди Зулфия опа.

Зулфия опа айтган туман катталаридан бири, Бозорқўрғон туман ҳокими Қубатбек Артиқов воқеа ҳақида бугун эрталаб эшитганини айтади

- У йигитни РОВДга “2010 йилдаги тартибсизликларга алоқаси бор” деб сўроққа чақиришган экан. Уни чақиришгани тўғрисида маълумотни эшитдим. Тафсилотларни энди ўрганамиз. Мен соат 6 да туман кенгаши депутатлари билан СНБ, куч тизими структуралари билан биргаликда йиғилиш ўтказаман. Шундан кейин натижаларини айтаман. Ҳозирча бошқа маълумот йўқ, - деди Қубатбек Артиқов.

Бозорқўрғон туман ҳокими бу воқеага миллий бўёқ бермаслик лозимлигини ҳам урғулади.

- Бу ерда ҳеч қандай миллатлараро масала йўқ. Менимча, бу ерда куч тизимларининг айби бор. Бироқ буни суд аниқлайди. Шу масалани мен ҳам аниқлаш ниятида куч ишлатар органлар билан йиғилиш ўтказаман, - деди ҳоким Қубатбек Артиқов.

Воқеа юзасидан қўшимча маълумот олиш учун биз Ўшдаги Россия консуллигига ҳам мурожаат қилдик. Россия консуллигининг биз билан суҳбатлашган ходимаси консуллик расмийлари ҳозирда айни масала юзасидан Жалолободга кетганларини, ўзи эса бу борада бирор-бир маълумот беролмаслигини айтди.

Бозорқўрғон туман милиция бўлими бошлиғи Эрнист Мўлдалиев эса керакли маълумотларни аниқлаб олганидан сўнг ўзи биз билан боғланиши айтди.

Аснода Усмонжон Холмирзаевнинг турмуш ўртоғи Зулфия опанинг айтишича, эри ўлимидан аввал милиция ходимлари машина эҳтиёт қисмларини сотиш билан шуғулланувчи Акмал исмли йигитни калтаклашаётганини ҳам кўрган экан.

- Хўжайиним айтди: “Акмални ҳам уриб. эзиб юборишди”, деди. “Запчаст бозорда савдо қилувчиларнинг барини олиб келишаяпти”, деди. “Мелисахонанинг томини ёпиш керак, ҳамманг ўласанми-қоласанми пулини тўлайсан”, дейишибди. Урмай олавермайдими, олишса, - дейди Зулфия опа.

Озодлик радиоси Бозорқўрғонда содир бўлган мазкур воқеа ривожини кузатиб боради.
XS
SM
MD
LG