Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:53

Андижонлик 12 диндор террорчиликда айбланмоқда


Тошкент расмийсига кўра¸ ўзбекистонликлар Доғистондаги исломий марказларда таълим олишган.
Тошкент расмийсига кўра¸ ўзбекистонликлар Доғистондаги исломий марказларда таълим олишган.

Расмий Тошкент Доғистонда махсус ҳозирликдан ўтган 12 нафар "Жиҳодчи"нинг фош этилганини даъво қилмоқда.

Халқаро террорчилик гуруҳларига алоқадорликда гумонланиб Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи Мирзажон Қодиров қўлга олинди¸ деб хабар берди Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идорасининг ўзини танитмаган ходимига таяниб РЕГНУМ ахборот агентлиги.

Айтилишича¸ тергов давомида Қодиров ўзи ва яна 11 нафар ўзбекистонликнинг Доғистонда махсус диний-экстремистик тайёргарликдан ўтиб қайтганини билдирган.

“Тергов давомида Қодиров мазкур гуруҳ таркибига Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган ëшлар кирганини айтган. Улар Доғистондаги Махачқала шаҳри яқинидаги тоғли ҳудудда жойлашган “Абдулла Суғорий” мадрасасида махсус тайёргарликдан ўтган”, дейилади хабарда.

Хавфсизлик хизмати ходими иддаосига кўра, андижонликлар махсус каналлар орқали Доғистонга олиб келинган ва у ерда “Қуръон, араб тили, ҳадислар таълимотини ўрганиш баробарида жисмоний тайёргарликдан ўтган, шарқона яккакураш усулларини эгаллаган, портловчи моддалар билан ишлаш, тоғли ҳудудларда йўл топиш ва яшириниш усулларини обдон ўрганган”.

Ўзбек кучишлатар тизими ходимлари РЕГНУМ мухбирига Мирзажон Қодировдан ташқари Шимолий Кавказдаги “диний малака ошириш марказларида Аҳрор Ғофуров, Бунёдбек Адҳамов, Аброр Ғофуров, Абдурашид Шамшиев, Лутфулла Нурматов, Шерали Матқулов, Шокиржон Раҳмонов, Абдулвоҳид Абдусатторов, Бахтиёржон Маннобхонов ва Иқболжон Холиқовлар тайёргарликдан ўтган”лигини билдирган.

Хавфсизлик идорасининг ўзини таништирмаган ходими 12 кишидан иборатлиги даъво қилинаëтган гуруҳдан негадир 11 кишининг исми-шарифини ошкор қилган¸ холос.

Мазкур хабар юзасидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаатларимиз ҳар галгидек жавобсиз қолди.

Озодлик бу гуруҳ аъзолари “таълим ва тайёргарлик” олгани айтилаëтган “Абдулла Суғорий” мадрасаси ҳақида қўшимча маълумот олиш мақсадида Доғистон Мусулмонлари диний бошқармасига мурожаат қилди.

- Абдулла Суғорий?! Абдураҳмон Суғурий бўлиши мумкин, лекин Абдулла Суғорий деган одам йўқ, бунақа мадраса ҳам йўқ бизда. У ерда хатолик борга ўхшайди. Тўғрисини айтсам¸ бу провокация, чунки бу ерда ноқонуний яшаб келаётган одамлар таҳсил олиши мумкин эмас.

Расмий идораларда эса бундай ҳолнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Бу ғирт ахмоқлик ва куракда турмайдиган гапку! “Доғистонда хорижликлар террорчиликка тайёрланаяпти”, дегани расман ёлғон эканини тасдиқлайман. Бу айбловларни биз ўрганиб чиқаяпмиз ва зарур деб топсак¸ албатта¸ расмий норозилик баёноти билан тегишли жойларга мурожаат қиламиз, деди Доғистон Мусулмонлари диний бошқармаси матбуот котиби Магомед-Расул Умаров Озодлик билан бўлган мулоқотда.

Шимолий Кавказ ҳудудлари азалдан Россиядаги исломий таълимот марказларидан саналади.

"Кахабросолик Маҳмуд" жамғармаси президенти Магомед Гасанов Озодликка Махачқала масжидларига келаётган марказий осиёликларнинг аксари оддий меҳнат муҳожирларидир, дейди.

Жамғарма раиси Доғистонда диний ва маданий-маърифий таълимот масалалари билан кўп йиллардан бери шуғулланиб келишини айтади. “Доғистонда мадраса ва масжидлар кўп қурилмоқда, лекин бу ерда террорчилар тайëрланаëтганини эшитмаган эканман”,- дея давом этади Магомед Гасанов.

- Абдураҳмон Хўжа Суғурий деган тоғли қишлоғимиз бор. У Махачқаладан жуда узоқда жойлашган. Ўша ерда бирор кичик мадраса бўлиши мумкин. Суғурий 18 аср охирлари¸ 19 аср бошларида Доғистонда яшаган олимдир. Ўзбекистонлик қўпорувчиларни Доғистонда тайёргарлик ўтиш масаласига келсак... Бу ердаги масжид-мадрасаларда ўзбеклар жуда кўп, деб айтолмайман. Одатда экстремистлар Марказий Осиёда тайёргарлик кўриб Доғистонга келар эди. Бу иддао мени жуда ажаблантирди, дейди жамғарма президенти.

Магомед Гасанов маҳаллий мадрасаларда ўзбекистонликларга кўзи тушмаган бўлса-да, масжидлар олдида ўтирган тиланчиларнинг ҳаммаси ўзбек-тожик эканини алоҳида таъқидлаб ўтди.

Яна бир доғистонлик суҳбатдошимиз “Доғистон ёшлари” газетасининг бош муҳаррири Зокир Магомедов. Муҳокама қилинаëтган хабарга муносабат билдира туриб Зокир¸ Махачқала атрофида террорчилар лагерини тузиш мумкин эмас¸ дея ишонч билан гапирди.

- Махачқала ёнида бундай лагер ташкил этишларига ишонмайман. Лекин уларнинг бирор масжид қошида жойлашган Қуръон ва араб тилини ўрганиш марказларидан бирида таҳсил олган бўлиши мумкинлигини инкор этмайман. Ўзим гувоҳман, айрим марказларда жисмоний тайёргарлик, хусусан каратедан машқлар ўтказилади. Лекин бу қонун билан таъқиқланмаган-ку! Бундай марказ ва мадрасалар Махачқалада жуда кўп. Ўзбек йигитлари Махачқала атрофида махсус тайёргарликдан ўтиши ёки портлатишни ўрганишига ишониш қийин. Чунки Махачқалада бугунги кунда тўпланган махсус аксил-террор кучлари ўша заҳотиёқ уларни аниқлаган бўларди. Шу сабабли ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг лофни бироз ошириб юборгани кўриниб турибди. Улар ҳам бизнинг ҳарбийларга ўхшаб террорчиларни фош этгани ҳақида раҳбарияти олдида тезроқ ҳисобот беришга шошилаëтган кўринади, дейди журналист Зокир Магомедов.

Доғистонлик журналист ҳар бир инсоннинг айбсизлик презумпциясига ҳақли эканини эслата туриб¸ ҳали суд ҳукми чиқмай туриб инсонларни террорчиликда айблаш ноқонуний эканини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG