Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:21

Ўзбекистонлик ҳакам котиби билан қочиб кетди


Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси Холмуҳаммад Отахоновнинг қочиб кетгани айтилмоқда.


Судья қамоққа тушмаслик учун қочишни маъқул топди

Озодлик манбаларига кўра, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмуҳаммад Отахонов пора олганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилиш ва қамоққа олинишдан қочиб, яширинган.

Ушбу ҳолатни ўрганаётган Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, Отахонов пора олаётган пайти қўлга тушган.

- Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек фуқаровий ишлар бўйича суди раиси Отахонов ўзининг эркак киши бўлган котиби орқали фуқаролик ишларидан бирида пора талаб қилиб пора олаëтганида қўлга тушиш ҳолати бўлгани учун қочиб кетган. Биз эшитганимиз сабаби шу. Суд котиби ҳам, суд раисининг ўзи ҳам қочиб кетганининг сабаби мана шу пора олиш билан боғлиқ бўлган, уларга хавф солаëтган жиноят иши, дейди ҳуқуқ фаоли.

Суҳроб Исмоиловга кўра, тафсилотлар очиқланмаётгани учун пора олаётган пайти ушланган Холмуҳаммад Отахонов қандай қилиб, қочишга муваффақ бўлгани номаълумлигича қолмоқда.

Судья Отахоновнинг котиби билан биргаликда қочиб кетгани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар тарқатган Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, Холмуҳаммад Отахонов иқтисодий жиноят содир этган бир шахснинг давлат фойдасига мусодара қилинган қимматбаҳо хориж машинасинини қайд этиш рўйхатидан ўчириш эвазига пора олгани учун жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа тушишдан қочиб, яширинган.

Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий судининг навбатчи ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, айни пайтда суд раиси лавозими бўш тургани ва Отахонов ишдан бўшатилганини тасдиқлади. Бироқ у қўшимча тафсилотларга тўхталишни хоҳламади.

Мирзо Улуғбек туман прокуратурасининг навбатчи ходимига кўра, судья Отахонов иши билан прокуратура эмас, балки суднинг юқори идоралари шуғулланмоқда. Бироқ айнан қайси суд идораси бу ишни ўрганаётгани маълум қилинмади.

Судья Отахонов билан боғлиқ воқеадан хабардор манбанинг айтишича, Холмуҳаммад Отахонов аввал Ўзбекистон Олий судида ишлаган ва бир ой олдин Мирзо Улуғбек туманларо суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган бўлган.

Отахонов раислигида ўтиши керак бўлган суд мажлисларидан бирида адвокатлик қилаётган, исми ошкор қилинишини истамаган ҳимоячига кўра, 9 август куни Холмуҳаммедов раислигидаги суд мажлислари ҳеч бир изоҳсиз номаълум муддатга қолдирилган.

Айни пайтда судья Отахоновнинг ўз котиби билан Ўзбекистон ичкарисида яширинганми ёки мамлакатни тарк этгани ҳам номаълум қилмоқда.

"Порахўрлар"га қарши сайланма кураш бошланди

Кейинги ойларда мансабдор шахслар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг пора билан ушланиш ҳолатлари кўпаётгани кузатилмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Шоира Содиқбековага кўра, Тошкентнинг биргина Учтепа туманида кейинги бир неча ой давомида шу каби ҳолатлардан бир қанчаси содир бўлган.

- Учтепа туман судида адвокат бор эди Ғайрат Аҳмедов деган. Шуни 10 минг доллар пора олаëтган жойда ушлашибди. Ҳозир қамоқда экан. Икки ҳафта бўлибди Учтепа туман РОВДсида жиноят қидирув бўлимининг учта ходимини ушлашибди пора билан. Уларнинг иккитасини ушлаб олиб кетишибди, учинчиси қочиб кетибди. Уч ой олдин ҳам Учтепа туман Ички ишлар бўлимининг ходими бор эди. Уголовний розискдан у ҳам валютчиклардан пора олаëтган пайтда қўлга тушибди, уни ҳам қамаб қўйишган. Ҳозир қамоқда, дейди ҳуқуқ фаоли Шоира Содиқбекова.

"Порахўрларни ушлаш статистика учун қилинаяпти"

Ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, кейинги пайтда пора билан ушлаш ҳолатлари “Коррупцияга қарши кураш миллий дастури” доирасида амалга оширилмоқда.

- Охирги 6-7 ой ичида Ўзбекистонда жуда кўп мансабдор шахсларга нисбатан, судлар, прокуратура ходимлари, ҳокимият вакилларига нисбатан айнан порахўрлик бўйича ушла-ушлалар кўпайиб кетган. Кўпроқ туман ва шаҳар даражаларида шунақа ишлар кўпайиб кетган. Биз ўйлаймизки, бу ҳозир амалга оширилаëтган “Коррупцияга қарши курашиш милий дастури” бўйича кўрсаткичларни кўпайтириш борасида қилинаëтган ишлар бўлса керак.

Бу дастурнинг натижаси коррупциянинг энг катта шаклларига, кучли элитага тегишли бўлган коррупция ишларини қўзғатиш, жамоатчилик диққат-эътиборига олиб келишга ҳозирча бу дастурнинг кучи етади¸ деб ўйламаймиз. Ҳозирча қуйи ва ўрта поғонага шунақа ҳужум кучайтирилган. Биз ўйлаймиз¸ асосий сабабларидан бири бу давлат системасига сигнал жўнатиш, коррупция ҳолатларига ҳушëрлик кучайтирилганлиги тўғрисида. Албатта¸ мана шу дастурнинг яхши бажарилганини эълон қилиш учун оммавий ахборот воситаларида ва давлат бошлиғи олдида статистик кўрсаткичларни кўпайтириш мақсадида қилинаяпти бу ишлар, дейди Cуҳроб Исмоилов.

Сўнгги ойларда пора билан айбланганлардан айримлари рўйхати:

Яқинда Тошкент шаҳар Яккасарой туман фуқаровий ишлар бўйича суди судьяси 25 ёшли Дониёр Пўлатов 200 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Жорий йилнинг майида Қўқон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Рашид Нурматов пора олганликда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Май ойининг бошида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари Оқдарё туман прокурори Талъат Абдуҳолиқзодани 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ҳибсга олган эди.

Жорий йилнинг апрел ойида Жиззах вилоят Солиқ бошқармасининг транспорт бўлими бошлиғи Ширин Абдураҳмонов ва солиқ инспектори Дилшод Маҳкамовлар ҳам пора олганликда айбдор деб топилиб, 12 ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ўтган йил декабрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011 йилда коррупцияга қарши кураш кучайтирилишидан огоҳлантирган эди.
XS
SM
MD
LG