Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:17

Ўзбекистонда туғилган йигит АҚШ сенаторига таҳдидда гумонланмоқда


Асли ўзбекистонлик Дмитрий Дятлов АҚШдаги машҳур яҳудий сенатори Жо Либерманни ўлдириш лозим ¸ деб ëзгани учун ҳибсга олинди.
Асли ўзбекистонлик Дмитрий Дятлов АҚШдаги машҳур яҳудий сенатори Жо Либерманни ўлдириш лозим ¸ деб ëзгани учун ҳибсга олинди.

Ўзбекистонда 2 ойгина бўлган Д.Дятлов Facebookда сенатор Ж.Либерманни ўлдиришга чақиргани айтилмоқда.


АҚШ Федерал тергов бюроси Ўзбекистонда туғилиб¸ Россияда улғайган ва кейинчалик АҚШ фуқаролигини олиб, Филаделфия штатида яшаётган Дмитрий Дятловни АҚШ сенаторини отиш ҳақида таҳдид қилганликда гумон қилиб, қисқа муддатга ҳибс қилди.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Дятлов интернетдаги блогларидан бирида демократ сенатор Жозеф Либерманни ўлдиришга таҳдид қилгани учун бир ҳафта ҳибсда сақланган ва бундан буён интернетдаги блоглари мунтазам назорат қилиниши шарти билан 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги гаров пули эвазига озод қилинган.

Суд ҳужжатларига таяниб хабар қилинишича, Дятлов Facebook тармоғидаги блогларидан бирида: "Аслини олганда, бу дунёда биз имкон қадар тезроқ пешонасидан (кўп маротаба ) отишимиз керак бўлган энг камида битта яҳудий бор: Бу - Жо Либерман" деб ëзган.


АҚШ Пенсилвания штати суди ҳужжатларида Д.Дятловга тегишли, деб келтирилган Facebook тармоғидаги саҳифа.
Суд ҳужжатларида Дятловнинг Жо Либерман Эминемни ётирмагани учун "пешонасидан отилиши керак бўлган кимса", деб билиши ҳақида ҳам қайд этилган.

Озодлик мухбири суд ҳужжатларида Дятловга тегишли, деб келтирган Facebookдаги саҳифа орқали Дмитрий Дятловнинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Дятлов суд ҳужжатларида келтирилган сўзларни ҳақиқатда ўзи ёзганини тан олди.

Аммо, сенатор Жозеф Либерманни шахсан танимаслиги, унга ҳеч қанақа эътирози йўқлиги, Facebookда қолдирилган ёзувини эса ҳеч қанақа жиддий таҳдид эмас, балки шунчаки қуруқ гап, деб қабул қилиш кераклигини таъкилади.

Ҳозир иши федерал маҳкамада давом этаётгани боис Дмитрий Дятлов бу муддат давомида ўзига нисбатан қўйилган айбловлар ва бунга муносабати ҳақида ҳеч қанақа интевью беролмаслигини айтди.

Фақатгина унинг Ўзбекистонга алоқаси ҳақида саволларга қисқагина жавоб берган Дятлов асл миллати белорус экани, отаси собиқ совет армияси зобити сифатида собиқ совет республикаларида хизмат қилгани боис у Ўзбекистонда туғилгани ва атига 2 - 2 ярим ойлардан сўнг Белорусга қайтганини айтди.

Кейинчалик Дмитрий Дятлов бирор марта Ўзбекистонга қайтмаган.

У Россия фуқаролигини олган ва 1998 йилда Россиянинг Самара областидан АҚШ га кетган.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Филаделфияда ахборот технологиялари бўйича мутахассис бўлиб ишлаб юрган Дмитрий Дятловнинг ўз блогида қолдирган ва таҳдидли, деб топилган ёзувлари ҳақида маҳаллий ҳукуматни унинг ҳамкасбларидан бири хабардор қилган.

Бу хабардан сўнг 2 август куни Дятловнинг Филаделфиядаги уйига борган Федерал тергов бюроси (FBI) махсус агенти Стив МакКуинга кўра ҳам Дмитрий интернетдаги блогида шу мазмунда ёзув қолдирганини тан олган.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, сенатор Либерманга қандай эътирози борлиги ҳақида сўралганда¸ Дятлов ундан нафратланишини айтган.

Шунингдек, ФТБ агентларига берган илк кўрсатмасида Дятлов шахсан унинг ўзи сенаторни отишни режаламаётгани, мабодо кимдир отиб ташласа ҳам унга фарқи йўқлигини айтган.

Пенсилвания судининг 3 август кунги кўрсатмаси билан ҳибсга олинган Дмитрий Дятлов бир ҳафтадан сўнг, 9 август куни 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги гаров пули эвазига озод қилинди.

Суд қарорига кўра¸ хавфсизлик идоралари Дятловнинг интернетдаги фаолиятини ҳам назорат қилиб турадиган бўлди.

Дятлов таҳдид қилгани айтилаётган демократ сенатор Жозеф Либерман АҚШ Сенатининг Ички хавфсизлик ва давлат ишлари қўмитаси раисидир.

Бу воқеа юзасидан мурожаат қилган АҚШ журналистларига жавобан Либерман матбуот хизмати бу борада ҳеч қандай шарҳ берилмаслигини айтган.

Аммо, суд ҳужжатларида Дмитрий Дятловнинг эътирози фақатгина сенатор Либерман билан чекланмаслигига ишорат қилинган.

Суд хулосасида келтирилишича, дастлабки суҳбат якунланаётган кезда Дмитрий Дятлов махсус агент МакКуинга қарата: "Жаноблар, мен охирги хулосани чиқаришни сизга қолдирмоқчиман. Тузумни ўнглаш учун баъзида уни бузишга тўғри келади", деган. Агентнинг буни таҳдид сифатида қабул қилиш керакми, мазмунидаги саволига жавобан эса у: "Нима бўлса шу" мазмунида жавоб берган. Айни савол қайтарилганда эса у¸ бунинг таҳдид эмаслигини айтган.

Шунингдек, федерал агент МакКуин Дятлов уйидан депрессия, вос-вос каби руҳий хасталиклар пайтида ичиладиган Alprazolam номли дори воситасининг бўш қутиларини топгани ва Дятлов бу дорини қабул қилганини айтганини ҳам ўз хулосасига қўшимча қилган.

Шу тариқа, федерал агентлар Мичиган университетида бизнес ихтисослиги бўйича ўқиган ва сўнгги йилларда Accentura Consulting компаниясида ишлаб келган Дмитрий Дятловнинг Facebook ижтимоий тармоғи ва Competitivecollaboration.com сайтида қолдирган ёзувларини "шубҳали" деб топишган.

Озодлик мухбири суд ҳужжатларида тилга олинган бу икки интернет манзилини текшириб кўрганда, АҚШ сиёсий тузуми ҳамда АҚШ махсус хизматларига эътироздек кўрилган айрим ёзувлар Facebookдаги саҳифада ҳануз сақланиб турганига гувоҳ бўлди.

Шунингдек, 9 август куни озод этилган Дмитрий Дятловнинг сўнгги кунлар ичида ушбу саҳифада қолдирган сўнгги ёзувларда АҚШ Конституциясида улуғланган қадриятларнинг амалда устивор эмаслиги таъкидланган.

Ўша ёзувлардан биридан иқтибос:

"Ҳей, менга қаранглар! Мен америкалик ватандошларимга фойдали бир "ишорат" бериш ниятидаман. Мен ўз ишимни қилиб бўлдим. Қолгани сизга, сизга, сизга (ва балки Барак Обамага) ҳавола. Ҳа, мен бу қора болага овоз бердим, агар кимдир шуни сўрашга журъат қилса (яна). Шу боис, коллежни битирганимдан кейин АҚШ Меҳнат вазирлигига ишга кирганимда, ўзимни "гуноҳкор" ҳис қилмадим. Хўш, "қолгани" нимадан иборат? Конституциямизга, сизнинг валютангизга, сизнинг ҳукуматингизга ва сизнинг халқингизга ишончни қайта тиклаш... Кенг кўламда эътироф этилган демократик шуми? Жин урсин, йўқ", дейилади Дмитрий Дятловнинг Facebookдаги саҳифаси, дея суд ҳужжатларида келтирилган манзилда 12 август куни Озодлик мухбири ўқиган ёзувлардан бирида.

Шунингдек, Дмитрий Дятлов бу саҳифадаги дўстлари билан виртуал суҳбатлар чоғида ФТБ агентлари унга қўйилган айбловларга исбот топа олмаётгани, аммо унинг Competitivecollaboration.com даги блогларига кириш имконсиз бўлиб қолганини ҳам айтган.

Озодлик мухбирининг бу борадаги саволларига жавобан ҳам Дмитрий Дятлов қисқагина қилиб, бу шу кунларда ҳар бир америкаликнинг хаёлида юрган оддийгина гаплар эканини таъкидлади, холос.

Бунга қадар Америка суди ўзбекистонлик яна бир муҳожир Улуғбек Қодировни президент Барак Обама ҳаётига таҳдид қилганликда айблаган эди.

Суд протоколига кўра, Ўзбекистон фуқароси 13 июл куни Алабама штатининг Бирмингҳэм шаҳридаги меҳмонхонада ўзини қурол савдогари, деб танитган Федерал тергов бюроси махфий агентидан автомат сотиб олаётган пайтда қўлга олинган.

Айни пайтда The Birmingham News газетасининг хабар қилишича, 21 яшар Улуғбек Қодиров айбларини тан олмаслигини маълум қилган.

Қодировга қўйилаëтган айблар ўз тасдиғини топса¸ у 50 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG