Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:30

Мустақиллик болалари нима орзуда?


Бу йил 12- марта нишонланаётган Халқаро ёшлар кунида Озодлик ўзбекистонлик ёшлардан икки нафарини суҳбатга тортди.


Маълумотларга қараганда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 60 фоизи ёши 25 гача бўлган йигит-қизлардир.

Демак, мамлакат аҳолисининг ярми мамлакат мустақилликка эришганидан сўнг туғилган болалар – Мустақиллик даври болаларидир.

Мустақиллик даври болалари кўкрагига октябрят нишонини тақмаган, бўйнига қизил галстук боғламаган, чўнтагига совет рублини солмаган, байроқ деганда қизил матони эмас, уч хил рангли юлдузли матони тасаввур қиладиган, умуман, дунё тўғрисидаги тасаввурлари ота-онасиникидан кескин фарқланадиган мутлақо янги авлоддир.

Хўш, бу авлодни – Мустақиллик даври болаларини, уларнинг қизиқишларини, орзу-ҳавасларини, улар тан олаётган қадриятлар тизимини, нималарга ишониб нималардан хафсалалари пир бўлганини биламизми?

Дадил “Ҳа” деб юборишимиз, яъни ўзбекистонлик ёшларнинг тўлиқ портретини чизиб беришимиз қийин.

Эътиборингизга ҳавола қилинадиган икки суҳбат ана ўша портретга чизгилар бўлсин.

Яхши яшаш янаям яхши эканлигини биладиган хивалик 16 яшар Нилуфар билан суҳбат

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 16да.

Озодлик: Ўқийсизми?

- Ҳа.

Озодлик: Қаерда ўқийсиз?



- Касб-ҳунар коллежида ўқийман.

Озодлик: Ким бўлмоқчисиз?

- Мен олдинига Tуризм коллежига кирмоқчи эдим. Гид бўлмоқчи эдим. Лекин шароит унга тўғри келмади.

Озодлик: Ҳозир қанақа коллежда ўқийсиз?

- Касб-ҳунар саноат коллежида ўқияпман.

Озодлик: Қанақа мутахассислик бўйича?

- Бухгалтерия.

Озодлик: Бу касбни ким танлади? Ўзингизми ëки ота-онангизми?

- Ўзим танлаганман.

Озодлик: Аввал туризмда ўқимоқчи бўлганман, дедингизку.

- Олдинига туризмда ўқимоқчи эдим. Уйдаги шарт-шароит тўғри келмагандан кейин ўша ўқишга топшириб юбордим.

Озодлик: Нима учун туризмда ўқишга шароит тўғри келмади? Бухгалтерияга тўғри келаяптику. Фарқи нимада?

- Туризмнинг ўқиши бизларнинг уйдан узоқ.

Озодлик: Нима учун туризмда ўқимоқчи бўлдингиз?

- Инглиз тили бор эди. Инглиз тилидан гид бўлмоқчи эдим.

Озодлик: Бухгалтердан гиднинг нимаси яхши?

- Билмадим, менга ëқади.

Озодлик: Кўпроқ пул топадими гид?

- Билмадим. Пул топиш топмаслигида эмас. Мен инглиз тили фанини жуда яхши кўрганим учун инглиз тилидан гид бўлмоқчи эдим.

Озодлик: Энди бухгалтер бўласиз-а?

- Ҳа, энди бухгалтер бўламан Худо хоҳласа.

Озодлик: Сизга бухгалтер бўлиш етадими? Бошқа орзуингиз йўқми?

- Бор.

Озодлик: Нима орзу?

- Бухгалтерия касбини танлаб дўконми, бирор-бир бизнес билан шуғулланишни хоҳлардим. Дўкон очишни хоҳлардим.

Озодлик: Бой бўлишни орзу қилаяпсиз эканда-а?

- (озгина кулиб) Шунақа деса ҳам бўлади. Ҳозир яшаш жуда ҳам қийинлашиб бораяпти. Бир кило эт 15 минг сўм, ëғлар ҳам, ҳамма продукта қиммат.

Озодлик: У қимматчиликни биламиз. Бойлик сизга нима учун керак?

- Яхши яшаш учун.

Озодлик: Яхши яшаш деганда ...

- Айтадию яшаш яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши деб.

Озодлик: (кулиб) Яхши экан. Яхши яшаш деганда сиз нималарни тасаввур қиласиз?

- Яхши яшаш учун ҳамма нарса тўла-тўкис бўлса, оиланг тинч бўлса, яқин инсонларинг ëнингда бўлса, мана шу бўлса керак. Соғлиқ жойида бўлса, гап фақат бойликда эмаску.

Озодлик: Фақат бойликда бўлмаса, яна нимада?

- Соғлиқда, оиланг тинчлигида, юртинг тинчлигида.

Озодлик: Сиз учун, исмингиз нима эди?

- (кулиб) Нилуфар.

Озодлик: Кимни қаҳрамон деб биласиз ўзингиз учун?

..............

Яхши яшаш янаям яхши эканлигини биладиган хивалик 16 яшар Нилуфар билан суҳбатимиз мана шу жойда узилиб қолди.

Гид бўлишни орзу қилиб, бухгалтерликка ўқиётган Нилуфар қиз ва унинг тенгдошлари ўзлари учун кимни қаҳрамон, деб билишларини билмай қолавердик.

Яна бир суҳбатдошни пойтахтдандан топдик.

Сўзни Амалга уйғун қилишга интилаётган тошкентлик 22 яшар Фазлиддин билан суҳбат

Озодлик: Фазлиддин, ëшингиз нечада?

- 22да.

Озодлик: Ўқийсизми, ишлайсизми?

- Беш ой бўлди армия хизматидан келдим. Яқинда институтга топширдим. Жавоби чиқиши керак. Ўшани кутаяпман. Уч-тўрт кунда чиқиб қолади, Худо хоҳласа.

Озодлик: Демак, ҳарбий хизматни битирдингиз.

- Ҳа. Февралда келиб, ҳозир университетга топширдим.



Озодлик: “Ўзбекистонда ҳарбий хизматга ҳаммани ҳам олавермайди” дейди. Шу ростми? Сиз ўз хоҳишингиз билан бордингизми ëки чақиришгани учун бордингизми?

- Ҳаммани ҳам олавермаслиги аниқ ҳозир. Шунга аралашганимдан кейин билдим. Олдин билмас эдим. Мен ўзим шундай ҳаракат қилиб бордим. Ҳаракат қилиб, ҳамма докторлардан ўтиб бордим. Лекин борганимдан кейин ҳайрон бўлишган. “Мен ўзим келдим. Бировга бир сўм пул берганим йўқ” деб айтсам, у ердагилар ишонмади.

Озодлик: Сиз билан бирга хизмат қилган йигитлар “Армияга келиш учун кимгадир пул бериш керак” дейишдими?

- Ҳа. Кимнингдир докторда муаммоси бўлган бўлиши мумкин, кимдадир унақа, кимдадир бунақа. Эшитишим бўйича бу йил янада қийинлашди дейди. Чунки армияга бориш истагида бўлганлар кўпаяяпти йил сайин.

Озодлик: Нима учун армияга бормоқчи бўлганлар йилдан йилга кўпаяяпти?

- Сабаби армияга бориб келаëтганларга шароит яратилаëтганлиги. 25 фоизлик тавсиянома, 56,7 балл шундай қўшиб берилади топширган одамга. Ўша имтиëз билан имтиҳонга кириб қатнашасиз. Қабул қиладиган баъзи бир институтлар бор. Ўша имтиëзингиз бўлса, баллингиз етмаса ҳам қабул қиладиган институтлар бор.

Озодлик: Қайси факултетни танладингиз? Қайси ўқишга кирмоқчисиз?

- Тошкент ислом университетининг диншунослик йўналиши.

Озодлик: Нима учун бу касбни танлаяпсиз?

- Менинг йўлим деб айтсам ҳам бўлади қисқача қилиб.

Озодлик: Тушунмадим.

- Менинг ўзимнинг танлаган йўлим деб айтсам бўлади дейман.

Озодлик: Ўқув юртининг тўлиқ номи нима?

- Тошкент ислом университети.

Озодлик: Шунинг диншунослик деган факултети борми?

- Диншунослик энг катта, энг кўп одам топширадиган факултетларидан биттаси экан. У ерда умумий. Мутахассислик диншунослик. Нафақат ислом, бошқа динлар ҳам ислом билан солиштирилиб ўргатиладиган факултет экан.

Озодлик: Қанақа мутахассис бўласиз битирганингизда? Диншунос деган мутахассисми?

- Шу мутахассислик.

Озодлик: Диншунос деган дипломни қўлингизга олдингиз. Нима иш қиласиз кейин?

- Ўша ерни битирганларни мен кўраман, ҳокимиятда ишласангиз бўлади маънавий масалалар бўйича, дин йўналиши бор, Вазирлар Маҳкамасининг дин ишлари бўйича қўмитаси бор ва ҳоказо. Масжидлар, ҳокимиятлар.

Озодлик: Масжидда имом бўлишингиз ҳам мумкин-а?

- Ҳа.

Озодлик: Сиз қайсинисини танламоқчисиз? Мана кирдингиз, битирдингиз. Ҳокимиятга бормоқчимисиз масжидга бормоқчимисиз?

- Тўғрисини айтсам, бошқа ëққа бориб уни давом эттирган бўлардим. Магистратурани. Масалан Араб давлатларига.

Озодлик: Магистратурани ҳам битирдингиз Араб давлатларида. Кейин нима қиласиз?

- Мен ҳозир имтиҳон куни бўлган битта воқеани айтиб бераман. Майлими?

Озодлик: Эшитаяпман.

- Ўша куни ижодий имтиҳон бўлди. 20 июл куни ижодий имтиҳон бўлди. Ўша куни какраз жума куни эди. Ислом университети, жума куни. Қарадим, билет олдик, ўтирдим. Тайëрланиб биттасидан жавоб бердим. Унисидан тайëрланаяпман жавоб беришга. Соатга қарасам 12дан ўтибди. Жума куни энди, ҳаммамиз биламиз, Оллоҳнинг муборак қилган куни, мусулмонларнинг байрами. Ибодат қилинадиган кун. Соат бирда жума намози бўлиши керак. Ҳаракат сезилмади ўша имтиҳон олаëтганларда. Университет домлалари, яхши тушунган. Савол жавоб қилдик. Исломдан, ҳадисдан савол берилаяпти. Мени жуда ҳам катта ҳайрон қолдирган тарафи улар қимирлашмади ҳам. Намоз ўқиладиган вақт яқинлашди. Жума намозига бориш ҳақида ўйлаб қўйган эдим. Кейин мен тез-тез жавоб бердимда, шундай кўчага чиқиб машина ушлаб масжидга етиб олдим. Мен етиб бордим намоз бошланди. Лекин у одамлар... Айтмоқчиманки, мен ўзим учун фикр қилдим, худди дин ҳақида гаплашаяпмизку, лекин қуруқ гап билан гаплашаяпмиз, амал қилмаяпмиз демоқчи эдим. Шу нарса менга ëмон таъсир қилди. Мен у ерга топширганим сал бўлса ҳам динни ўрганиб, илмга эга бўлиш сабабидан топширдим.

Озодлик: Фазлиддин, “Мана чет давлатга бордингиз, ўқишни битирдингиз, магистратурани ҳам битирдингизда, кейин қайтиб келиб нима иш қилмоқчисиз?” десам, сиз ижодий имтиҳонда бўлган воқеани айтиб бердингиз.

- Ҳа.

Озодлик: Нима учун шу воқеани айтдингиз?

- Менинг фикримни сиз билмоқчи бўлдингиз. Менинг фикрим, мен ўйлаëтган нарсалар, биз яшаëтган маконлардаги муаммолар шу нарсадан келиб чиқади демоқчи бўлдим.

Озодлик: Сўз билан амални бир қилмоқчисизда энди шунақами?

- Ҳа. У фақат менда эмас бизнинг халқимизда ҳам шунақа бўлиши керак деб ҳисоблайман¸ дейди Фазлиддин.

Халқаро ёшлар куни муносабати билан Сўзни Амалга уйғун қилишга интилаётган тошкентлик 22 яшар Фазлиддин билан суҳбатлашдик.

Аввалроқ хивалик Нилуфар билан суҳбатлашган эдик.

Бу икки ёш билан суҳбатлашар эканмиз, ўзбек ёшларини тушунармиканмиз, деб умид қилган эдик.

Натижа акси бўлди-ёв...

Халқаро ёшлар куни Ёшлар ишлари бўйича вазирларнинг 1998 йил 8-12 август кунлари Лиссабонда ўтказилган Умумжаҳон конференцияси таклифига биноан БМТ Бош ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги қарори билан нишонланиб келади.

Халқаро ёшлар куни илк бор 2000 йил 12 август куни нишонланган.

БМТ Бош котиби бу кунда жаҳон давлатлари ҳукуматларини авлодларнинг бир-бирига ўзаро боғлиқ эканлигини тан олишга, ёшлар муаммоларига эътибор қаратишга чақирган.

Жаҳондаги ишчи кучининг тўртдан бири ёшлар бўлган бир пайтда ишсизларнинг ярми аҳолининг мана шу қатлами вакилларидир.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

XS
SM
MD
LG