Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:09

“Рамазонда тўй ёки худойи қилса бўладими?”


Сурхондарёдан боғланган кекса тингловчи маҳалладошларининг шу саволга аҳли илмлардан жавоб олиб беришимизни сўради.
Сурхондарёдан боғланган кекса тингловчи маҳалладошларининг шу саволга аҳли илмлардан жавоб олиб беришимизни сўради.

"Эркин микрофон"нинг бугунги суҳбатдошлари орасида ўзбек қизларининг алданиб қолганидан хавотир билдирган; ўлган қўшнисининг қирқ маросимини ўтказиш керакми, йўқми, деган савол қийнаётган; президентнинг истеъфосини сўраб, қишлоғи обрўсига путур етказган ҳамқишлоғи устидан шикоят қилганлар бўлди.


“Ўзбекистонлик қизларни британиялик чув тушираётганга ўхшайди”


“Эркин микрофон”га Кореядан боғланган тошкентлик йигит Шароф Тиллабоев чет тилларни яхши биладиган ўзбекистонлик икки қизни уларга Интернет орқали Буюк Британиядан иш топиб беришни ваъда қилган бир шахс алдагани ҳақида сўзлаб берди.

- Менинг тушунишимча, интернетга иш қидирибми бир нарса қилиб ëзган бўлса керакда бу қизлар. Шунақа иш қидирган қизларни роса тушираëтган экан. Мен “Нимага 2000 фунт стерлинг берасиз?” десам, “Йўқ, бўлиб-бўлиб берди” дейди. Яна 500 сўраганда охирида.

Озодлик: Демак, булар телефонда гаплашган, қизлар 300-500 қилиб бўлиб-бўлиб жўнатган. Ҳар жўнатганда қанақадир қоғоз, ҳужжат келганми?

- Бир ҳужжат келган. Бу ҳужжатни элчихонага олиб борган. "Туфта" (қалбаки-таҳр.) документ эканми, даже элчихонага қўймаган буларни. Охирида яна 500 фунт стерлинг сўраган. У қиз “Бугун бир танишим бир қиз билан гаплашдим. Мен Англияга кетаман деб айтиб қолди. Бориб қарасам, мени туширган одам дугонамни ҳам туширмоқчи бўлган” дейди. Инглиз тилини биладиган қизлар камку. Бир-бирини таниса керакда. “Просто ëрдамим тегса бўлди. Бекорга ўзбек қизларини англиялик туширмасин” деб камерада кўриб гаплашганимдан кейин чидолмадимда. Бекорга ўзбекистонликларни бориб туширса яхшимаску. Мусофирчиликда юрибмиз ўзимиз ҳам. Иложи борича ëрдам бўлса, яхши бўларди,- дейди Кореядан боғланган тошкентлик йигит Шароф Тиллабоев.


“Рамазонда тўй ёки худойи қилса бўладими?”

“Эркин микрофон” эшиттиришига Сурхондарё вилояти, Ангор туманидан боғланган кекса ёшли доимий тингловчимиз Анвар бобо маҳалладошларида туғилган бир савол билан бизга мурожаат қилаётганини айтди.

- Инсон бор, туғилиш ҳам бор, ўлиш ҳам бор. Бир киши рўза тутишдан олдинроқ ўлган эди. Бозоргача қирқи бўлиши керак. “Шуни қилмайсан. Тўртта пайшанбалигини қиласан рўза тутганларга. Кундуз куни дастурхон ëзмайсан. Худойи қилиш мумкин эмас” деган.

Озодлик: Ким айтди?

- Диндорлар айтаяптида. Маҳалланинг мулласи айтаяпти.

Озодлик: Маҳалланинг ўзининг имоми-а?

- Ҳа. У район дин вакили эмас. Маҳалланинг имоми. Чунки рўза тутиб юрган одам, намоз ўқиб юрган одам ўлгандан кейин худойи қилса, у бўлмайди эмиш. Ўзи бор-йўғи тўққиз киши рўза тутган 4500 одамнинг ичида. Тўй ҳам бўлаяпти, қизини ҳам чиқараяпти, ўғил ҳам уйлантираяпти, дастурхон ëзилади уларга келиб кетаяпти диндорлар. Обид қори Назаров билан кўпроқ мулоқотда бўлиб турасизда сиз. Шунинг учун мен сизга савол бераяпманда. Рўзада тўй қилиш мумкинми, мумкин эмасми, худойи қилиш мумкинми, мумкин эмасми?

Озодлик: У одамнинг қирқини ўтказгиси келаяптими?

- Конечно энди. Масалан, мен 85га борган бўлсам, молим бор ўзимга яраша. Болаларим менинг ҳам худойимни қилиши керакда. Болалари “қилайлик” деяптида. Рўза тутган одамга мумкин эмас эмиш.

Ангорлик Анвар бобонинг омонат саволини муҳожиратдаги ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаровга етказдик. У кишидан бундай жавоб олдик:


- Рамазон ойида тўй ëки бошқа маросимларни қилиш, яъни шариатда бор, урф-одатда бор ва ҳаром-ҳариж ишлар аралашмайдиган тарзда ўтказиш жоиз, лекин шу шарт биланки, албатта, бу оғиз очган пайтда бўлиши керак. Яъни, ифторлик тарзида ўтиши керак. Кундузи рўзадор пайтда еб-ичиш ва тўйларни, зиëфатларни ўтказиш мусулмон одамлар учун мумкин эмас.

Озодлик: Қирқ маросими ҳақида қисқача айтиб қўйинг домла. Учи, йигирмаси, қирқи деган маросимлар бор.

- 3, 20, 40, йил оши деган маросимлар ислом динида йўқ. Булар бидъат маросимлар ҳисобланади. Мусулмон одамлар бундан узоқ бўлишлари лозим. Рамазонда бўлсин, бошқа пайтда бўлсин бундай маросимлар ислом динига тўғри келмайди.

Озодлик: Эҳсон маъносида бўлсачи? Мол, қўй боқиб қўйган экан. Шуни сўйиб одамларга ош бермоқчи экан.

- Эҳсон бўлади. Рамазонда ҳам, бошқа пайтда ҳам эҳсон қилиш жоиз. Буни ўшандай йил ëки саналарга боғламасдан, кунларга боғламасдан қилиш керак. Ëки дилида ўша нарсани ният қилмаслиги керак. Оллоҳ йўлида холис эҳсон қилса, унинг савобидан ўликларнинг руҳларига ҳам манфаат бўлади деб умид этилади.

Озодлик: Яъни “Еттиси учун, қирқи учун” деб ният қилмаслик керак.

- Албатта. Бундай нарсаларни ният қилиш мумкин эмас.

Озодлик: Ниятни қандай айтиш керак?

- Ниятда “Мана шу эҳсоним Оллоҳ йўлида. Оллоҳ таоло қабул этсин. Бунинг савобларидан ўтганларнинг руҳлари ҳам баҳраманд бўлсин” деб ният қилиш керак ва бирор-бир санани, кунларни бунга боғлаш керак эмас,- дея жавоб берди ангорлик Анвар бобо саволларига Обид қори Назаров.

“Ўғлимни ўлдирган қотиллар ўрнига бегуноҳ йигитлар қамалди”


Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманидан боғланган Маъсума Мақсудова бир йил аввал қотиллик қурбони бўлгани ўғлининг ўлимида туман ҳуқуқ-тартибот идораларини масъул, деб билиши, аммо уларга нисбатан жазо берилишига эришолмаётганини айтиб, Озодлик орқали президент Ислом Каримовга мурожаат қилди.

- Ҳурматли президентим Ислом Абдуғаниевич Каримов. Озодлик радиоси орқали чиққаним учун узр сўрайман. Мен Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида яшовчи бағри қон бир онаман. Салкам бир ярим йилдан буëн Ўзбекистонда ҳақиқат ва адолат, қонун устуворлигини топа олмай чарчадим. Ҳурматли президентим, 2010 йил 25 майда Фарғона вилоят орган ходимлари томонидан қасддан ваҳшийларча ўғлимни ўлдирдилар. Асосий қотилларни орган ходимлари ҳимоя қилмоқда. Орган томонидан тайëрланган сохта қотиллар икки бегуноҳ болалар 9 йилдан озодликдан маҳрум этилдилар. Ариза ва шикоятларим Ўзбекистоннинг барча қонун устувор бўлган палаталарига кириб борган. Лекин жавоби ҳақиқат ва адолат йўлида эмас. Мен бир йилу тўрт ойдан буëн умидларим Олий суд бор, ҳақиқат қарор топади деган эдим. Лекин Олий судда ҳам ҳақиқат йўқ экан. Нима учун бу дело сарсон бўлмоқда?

Ҳурматли президентим. Ўзбекистонда ҳақиқат ва адолат, қонун устуворлиги борми? Бор бўлса, нима учун орган ходимлари қонунни бузади? Қонунни бузган орган ходимларига жазо борми? Уларни ҳимоя қиласизми? Ҳурматли президентим Ислом Абдуғаниевич Каримов. Сизнинг қабулингизга киришга муштоқман. Менга ëрдам беринг! Фақат адолат, ҳақиқат, қонун устуворлигини ўрнатиб беринг. Бизнинг вилоятимизда қонун, адолат, ҳақиқат йўқ. Агар қонун, ҳақиқат, адолат бўлганда, менинг фарзандимни орган ходимлари ўлдирмаган бўларди. Ëлғиз ўғлидан ажралган бағри қон она Мақсудова,- дейди фарғоналик Маъсума Мақсудова.

“Ўшда ҳақсизлик тугамади, БМТ, КҲШТ қаерда?”


Озодликка сим қоққан ўшлик Дилшод ака эса ўз юртдошлари бўлган қирғизистонлик ўзбеклар Ўш фожеасидан бир йил ўтиб ҳам ҳуқуқий ва молиявий ёрдамга муҳтож қолаётгани, уларга нисбатан қонунбузарликлар давом этаётгани, аммо шунга қарамай халқаро ва МДҲ бўйлаб тузилган ташкилотлар ёрдам кўрсатмаётгани ҳақида сўзлади.

- Икки йилдан бери Ўшда бўлмаган болалар Россиядан боришаяптими, шу эшитаяпмиз, Россиядан келганини олиб чиқиб кетиб 500-1000 доллар пулини олишиб, уриб, шундай ишлар ҳозиргача бўлаяптида. Биз билан ишлаган болалар бориб бир ой турмасдан қочиб келишаятпи. Шуни бирор нарса қилишга ҳеч ким бош кўтармаяпти. Шу нарсани керак бўлса КХШТ ҳам, БМТ ҳам билади. Ҳеч ким ҳеч қандай чора кўрмаяпти. Булар шунчаки юзаки нималарга ўхшаб қолаяпти. Ҳаммаси билади керак бўлса. Мен айтмоқчимнаки, Каримов БМТда айтган мана, эътибор қилайлик деган. БМТдан кўра КХШТ яқинроқку тўғрими? Шунчаки юзаки нималарга ўхшаб қолаяпти. БМТ ҳам, КХШТ ҳам ҳеч нарса иш қилмаяпти. Бирор чорани кўриб, Қирғизистон ҳукуматини йўлга соладиган куч чиқмаяптида, дейди ўшлик суҳбатдош Дилшод ака.

“Президент истеъфосини сўраган гурланлик Ўрозмат бува ҳақ”


Хоразм вилояти, Гурлан туманидан боғланган Ражаб Маткаримов эса ўз ҳамюрти, Гурлан туманидан Озодликка боғланган 80 ёшли Ўрозмат Йўлдошевнинг президентнинг истеъфосини сўраб, қилган мурожаатига муносабат билдирди.

- Масалан, Гурлан туман мансабдор шахслари тўғри ишлаганда хат президентга кетмаган бўлар эди. Яхши ишлаганда, бу хат бормаган бўлар эди. Мансабдорлар ўз ишига совуққонлик билан қараганлиги сабабли борган. Туманимиз учун ҳам яхши гап бўлмади бу. Ҳаттоки вилоятга ҳам гап-сўз келиши мумкин. Иккита қўшни ер устида можаро қилган экан туманда ҳал қилса бўладику. Уни президент ҳал қиладими? Масалан, бизларнинг қишлоқда ҳам шундай можаро бўлди. Туман ҳокими еча олмади. Собиқ вилоят ҳокими Ислом Бобожонов ечиб берди шу масалани. Лекин шуни Гурлан тумани бажардику. Ислом Бобожонов олиб келиб бермадику жой ўрнини. Раҳбарлар тўғри ишласа, гап-сўз бўлмайди, президентга хат бормайди,- дейди гурланлик Ражаб Маткаримов.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG